Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:58

Ўш воқеалари пайтида содир этилган жиноятларнинг 90 фоизи очилмай қолди


Ўш шаҳри. 2010 йилнинг 14 июни.
Ўш шаҳри. 2010 йилнинг 14 июни.

Ўш ва Жалолободда 2010 йилда содир этилган миллатлараро низога 10 июнь куни 10 йил тўлди. Низо пайтида, расмий маълумотларга қараганда, 442 киши ҳалок бўлган, юзлаб уйлар ёқиб ташланган.

Қурбон бўлганлардан 295 нафарини, яъни 70 фоизини ўзбеклар, 123 нафарини ёки 29 фоиздан ортиқроғини эса қирғиз миллатига мансуб кишилар ташкил қилган. Шунингдек, июнь воқеалари пайтида 1 рус, 1 покистонлик ва 1 уйғур ҳам нобуд бўлган.

2010 йил июнь воқеалари бўйича ҳозирга қадар 545 киши жиноий жавобгарликка тортилди. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз ва саккиз нафари бошқа миллат вакилларидир.

Расман билдирилишича, Ўш воқеалари юзасидан беш мингдан кўпроқ жиноят иши қўзғатилган. Бироқ орадан ўн йил ўтса ҳамки Ўш воқеалари пайтида содир этилган жиноятларнинг 90 фоизи шу кунгача фош этилмади.

"Ўш воқеалари юзасидан очилган жиноят ишлари сони ҳам аниқ эмас"

Ўш воқеалари пайтида содир этилган жиноятларга нисбатан қанча иш очилгани юзасидан аниқ маълумот шу кунгача мавжуд эмас.

Масалан, Бишкекдаги “Қилим шами” нодавлат ташкилоти ўз ҳисоботида 2010 йилда 5158та жиноят иши очилганини маълум қилган. Ўш воқеаларини ўрганган Миллий комиссия эса 5162та жиноят иши қўзғатилганини билдирган.

Қирғизистон Бош прокуратураси 2011 йилнинг апрелида 5511 жиноят иши, 2011 йилнинг августида 5 633 жиноят иши очилганини айтган.

2015 йилда эса Ўш воқеалари юзасидан жиноят ишлари сони 5646та экани расман айтилди.

Бош прокуратура: Шу кунгача 511 кишига ҳукм ўқилди

Бош прокуратура расмий вакили Наргиза Куватова 2020 йилда Ўш воқеалари бўйича очилган жиноят ишларининг ҳолати ҳақида мана бундай тушунтириш берди:

“2010 йилдаги июнь воқеаси юзасидан жами 5 642та жиноят иши қўзғатилган. Бу ишларнинг 360таси фош этилди. Улардан 319 судларга ўтказилди ва 511 кишига ҳукм чиқарилди. 3919та жиноят иши вақтинча тўхтатилди, 13та иш биратўла тўхтатилди. 1391 иш бошқа ишлар билан бирлаштирилди. Айни пайтда тергов қилинаётган жиноят ишлари мавжуд эмас. Лекин жиноят ишлари доирасида қидирув ишлари ва тезкор амалиётлар ўтказилиб турибди”.

Расман билдирилишича, қотиллик айблови бўйича 481 иш, саломатликка қасддан зарар етказиш айблови билан 13 иш, одам ўғирлаш айблови билан 27 иш, шахсни ноқонуний равишда эркинлигидан ажратиш айблови билан 12 иш, зўрлаш айблови билан 7 иш қўзғатилган.

“2010 йилдан 2020 йилгача судларда 470 кишига нисбатан қўзғатилган 254 жиноят иши кўриб чиқилди. 440 кишига нисбатан айблов ҳукми чиқарилди. 28 иш бўйича айбланган 28 кишига очилган жиноят иши тўхтатилди”, - деди Бош прокуратура расмий вакили Наргиза Куватова.

Бундан ташқари Ўш воқеаларида оммавий тартибсизликларда иштирок этган юздан ортиқ одам қидирилмоқда. Миллатлараро низони уюштиришда гумонланган 37 киши Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган.

Низони уюштиришда асосан Ўзбек миллий маданий марказининг собиқ раҳбарлари Қодиржон Ботиров, Иномжон Абдурасулов, Караматхон Абдуллаева ва Жалоллиддин Салоҳутдинов айбланмоқда.

Ўш воқеалари юзасидан ўзига нисбатан билдирилган айбловлар сохта эканини айтиб келган Қодиржон Ботиров 2018 йилнинг декабрида Украинанинг Одесса шаҳрида вафот этган ва Ўзбекистонда дафн этилган. Қолганлар эса ҳамон қидирилмоқда.

“Жиноятларнинг 90 фоизи фош этилмади”

Қирғизистон расмийлари Ўш воқеалари бўйича очилган жиноят ишларининг камида 30 фоизи 2015 йилгача фош этилгани ҳақида билдирган. Сўнгги беш йилда яна жиноятларнинг 20 фоизи очилгани хабар қилинди.

Бироқ Бош прокуратура расмийси юқорида 5 642та жиноят ишидан 360таси фош этилгани ҳақида билдирди. Бу жиноят ишлари умумий сонининг 10 фоизини ҳам ташкил этмайди.

Ўш воқеалари юзасидан мустақил тергов ўтказган “Қилим шами” ташкилоти раҳбари Азиза Абдурасулова оғир жиноятларнинг асосий қисми фош этилмаган, деб ҳисоблайди.

“Ташкилотимизнинг аниқлашича, июнь воқеаси юзасидан жиноят ишларининг 86-87 фоизи фош этилмади. Қотиллик ҳолатлари бўйича жиноят ишларининг фақат 18 фоизи якунига чиққан. Бу жиноят ишлари судларга ўтганида, биз жараёнларни кузатиб, далил-исботлар сохталаштирилганига гувоҳ бўлганмиз. Зўрлаш бўйича 13 ҳолат аниқланган, лекин уларнинг бирортаси ҳам очилмади. Ўш воқеалари пайтида икки мингдан ортиқ уй-жой ёндирилган. Аммо бу ишни амалга оширганлардан бирортаси ҳам жазоланмади”.

“Жиноят ишлари фош этилмаса, Ўш воқеаларидан хулоса чиқарилмайди”

Ўш вилоят милицияси расмий вакили Жениш Аширбаев жиноят ишларининг асосий қисми очилмай қолишига “вазият сабаб бўлгани”ни айтмоқда.

“Қотиллик содир бўлган жойда воқеа иложи борича тезроқ ўрганилиши лозим бўлади. Далил-исботларни кечиктирмай тўплаш зарур. Ўш воқеалари пайтида эса бир одамнинг жасади ўлдирилганидан кейин икки-уч кун қолиб кетган ҳолатлар бўлган. Айрим жойларга вазият барқарорлашганидан кейин, масалан, бир ойдан кейин бориб тергов-суриштирув ишлари ўтказилган. Айрим одамларнинг жасадлари икки-уч ойдан кейин топилган. Шунинг учун уларни ким ўлдирганини аниқлаш, қотилларни қўлга олиш жуда қийин бўлди. Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари жиноятларни максимал даражада фош этишга ҳаракат қилди ва ҳозир ҳам бу йўналишдаги ишлар давом этмоқда”.

2010 йилда Ўш воқеаларини ўрганиш мақсадида Қирғизистон Миллий комиссияси ташкил этилган эди. Бу комиссия раисига ўринбосар бўлган таниқли жамоат ва давлат арбоби Бахтиёр Фаттохов ҳукумат Ўш воқеалари юзасидан очилган жиноят ишлари бўйича ҳисобот бериши шарт деб фикр билдирди.

“Миллий комиссия ҳукуматга ва Бош прокуратурага жиноят ишларининг барчасини диққат билан тергов қилиш ва якунига чиқариш тўғрисида кўрсатма берган эди. 2010 йил воқеаларига 1990 йилдаги Ўш воқеасидан тўғри хулоса чиқарилмагани сабаб бўлган. Агар бугунги кунда ҳам ўн йил олдинги воқеада содир этилган жиноятлар ёпиқлигича қолаверса, бу воқеалардан тегишли хулосалар чиқарилмай қолиб кетаверади. Шахсан мен Ўш воқеалари пайтида комендантнинг ўринбосари сифатида 4,5 минг одамдан шикоят ва аризаларни қабул қилиб олганман. Уларни тегишли давлат органларига йўллаганмиз. Аммо мана шу арз-шикоятларга ҳам жавоблар берилмади. Жиноят ишларини якунига етказиш ва фош этиш биринчи галдаги вазифа. Агар бу иш амалга оширилмаса, низолар яна такрорланиши мумкин”, -деди Бахтиёр Фаттохов.

XS
SM
MD
LG