Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:45

Нукусда ИИБ ходимининг ниқоб тақмаган йигитга куч қўллаши норозиликка сабаб бўлди (ВИДЕО)


Ниқоб тақмаган йигитга нисбатан ИИБ ходимининг шафқатсизлиги ижтимоий тармоқларда қораланди.
Ниқоб тақмаган йигитга нисбатан ИИБ ходимининг шафқатсизлиги ижтимоий тармоқларда қораланди.

Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида ИИБ ходимининг йигирма ёшлар атрофидаги йигитни ерга ётқизиб, бўйнини босиб олгани акс этган видео 16 июнь куни ижтимоий тармоқларни ларзага солди.

Жамоат жойида ниқоб тақмаган йигитга бу қадар шафқатсиз муносабатда бўлиниши тармоқларда кенг қораланмоқда.

Озодлик билан суҳбатда бўлган қорақалпоғистонликларнинг айтишича, воқеа 14 июнь куни Нукус шаҳрининг эски шаҳар қисмидаги автовокзал ҳудудида "маска операцияси" пайти рўй берган.

Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги ўз ходимининг видеода акс этган ҳаракати юзасидан хизмат текшируви ўтказаётганини Озодликка маълум қилди.

Вазирлик матбуот хизмати мулозими тиббий ниқобини тақмаган, карантин қоидаларига амал қилмай таксичилик фаолияти билан шуғулланган 22 ёшли йигит ИИБ ходимининг​ қонуний талабларига бўйсунмасдан, фаол қаршилик кўрсатганини ҳам айтди.

Бир кун аввал сурхондарёлик тадбиркор Довар Жўрақулов Озодлик карантин қоидаларини назорат қилиб юрган Миллий гвардия ҳарбийлари уни бўғиб, хушидан кеткизишгани ҳақда айтганди.

16 июнь куни Телеграм тармоғининг "Қарақалпақстан жаслари" каналида тарқалган видеода ИИБ ходими 20 ёшлар атрофидаги йигитни ерга босиб олгани акс этган.

Атрофга тўпланган одамлар милиция ходимидан "бўғма болани, ўлдириб қўясан", деб сўрайди.

Нукусда ИИБ ходимининг ниқоб тақмаган йигитга куч қўллаши норозиликка сабаб бўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:08 0:00

"Қарақалпақстан жаслари" каналида видеони улашган нукуслик Санжар исмли фойдаланувчи ИИБ ходими ниқоб тақмаган йигитга ошиғич куч қўллаганини айтди:

- Тўғри коронавирус тарқалиши олдини олиш учун маска тақиш керак, лекин бунинг учун қўлини қайириб, ерга ётқизиб, босиш керак эмас. ИИБ ва СЭС ходимлари "Газель" автобусларида яширниб ўтириб, иссиқда ҳаво етмай маскасини туширганни шундай қилиб ушлаб босиб олиб кетишмоқда. ИИБ ходимларига план қўйилган экан, штрафини қилсин, такрорланса яна штраф қилсин. Қонунлар борку,?!

"Қарақалпақстан жаслари" каналининг Жарқинай исмли фойдаланувчиси видео остига: - Милиция ўғриларни ушлаш билан шуғулланмайдими, деб изоҳ қолдирди.

Нукусдаги "Чироқ" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Азимбой Отаниёзов ИИБ ходимининг қўлида қуроли бўлмаган шахсни бўйнидан босиб, ерга ётқизиши қонунга хилоф эканини айтди:

- Қўлида қуроли бўлмаса оёғи билан бўйнидан босиши қонунга зид. Бирон касали бўлса ўлиб қолиши ҳам мумкин, кейин ким жавоб беради ўлиб қолса? Кўряпсизку, АҚШда нималар бўлиб кетди. Полициячи Жорж Флойд исмли қора танлини ерга босиб ўлдириб қўйдику!

Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида коронавирус тарқалиши олдини олиш учун март ойи оҳиридан тиббий ниқобларсиз юриш тақиқланган.

Қоидани бузганлар базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари (223 минг сўм) миқдорида, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса - базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари (669 минг сўм) миқдорида жаримага тортилади.

Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати мулозими 14 июнь куни Нукусда аҳоли орасида карантин қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича рейд ўтказилганини Озодликка тасдиқлади.

Мулозим видеода акс этган ҳолатни Озодликка изоҳлар экан бундай деди:

- Нукуснинг эски шаҳар ҳудудидаги автотураргоҳдаги текширув пайти “Матиз” такси автомашинаси ҳайдовчиси бўлган 22 ёшли йигит тиббий ниқобини тақмаган, карантин қоидаларига амал қилмай фаолият олиб бораётганлиги аниқланган. У ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан, уларга фаол қаршилик кўрсатган, атрофдаги одамлар шу ҳолатни видеога олган. Ҳозир бу йигитга маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Айни пайтда вазирлик матбуот хизмати, ИИБ ходимининг видеода акс этган ҳаракати юзасидан хизмат текшируви ўтказилаётганини маълум қилди.

- Катта лейтенант хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан хизмат текшируви ҳам тайинланган, - деди Қорақалпоғистон ИИВ матбуот ҳизмати мулозими.

Бир кун аввал сурхондарёлик тадбиркор Довар Жўрақулов Озодлик карантин қоидаларини назорат қилиб юрган Миллий гвардия ҳарбийлари уни бўғиб, хушидан кеткизишгани ҳақда айтганди.

Ўтган ҳафта эса Андижонда ИИБ ходимлари 33 ёшли фуқарога куч қўллагани ва оқибатда 11 кун беҳуш, кома ҳолатда ётиб, сўнгра 11 июнь куни ҳаётдан кўз юмгани ижтимоий тармоқларни ларзага солганди.

Нукусдаги ҳолат жаҳон бўйлаб афроамерикалик Жорж Флойднинг ўлими ортидан бошланиб кетиб, қарийб икки ҳафтадан бери давом этаётган норозилик намойишлари фонида содир бўлди.

Флойднинг оқ танли полициячи томонидан 25 майда ўлдирилиши нафақат АҚШда, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан, Қўшма Штатларнинг асосий иттифоқчилари бўлган Европа Иттифоқига аъзо давлатларда кўплаб норозилик намойишларига сабаб бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG