Линклар

Шошилинч хабар
16 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:28

OzodDayjest: "Мени МХХ раиси ўринбосари Шуҳрат Ғуломов қаматган эди"


Актёрга кўра, у МХХ раиси ўринбосари Шуҳрат Ғуломовнинг кўрсатмаси билан туҳмат асосида ҳибсга олинган.
Актёрга кўра, у МХХ раиси ўринбосари Шуҳрат Ғуломовнинг кўрсатмаси билан туҳмат асосида ҳибсга олинган.

Сўх ҳокими ўринбосари умра зиёратига отланган 15 кишини чув туширди. Актёр Матёқуб Матчонов 2016 йилда кимнинг кўрсатмаси билан қамоққа олинганини очиқлади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Умрага отланган фуқароларни чув тушириб Россияга қочган ҳоким ўринбосарига ҳукм ўқилди

Фарғона вилояти Сўх тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари умра зиёратига бориш истагида бўлган фуқароларни чув туширди (“Адолат” газетаси, 2020 йил 17-сон).

Исми ошкор этилмаган мансабдор ҳоким ўринбосари сифатида Ҳаж ва умра зиёратини ташкил этиш комиссиясига ҳам бошчилик қилган. У 2019 йил июнь – сентябрь ойларида умра зиёратига бориш истагида бўлган 15 фуқародан 180 миллион сўм нақд пул олган ва бу маблағни турли мақсадларда ишлатиб юборган.

Алданганини сезган фуқаролар ҳоким ўринбосари устидан ҳуқуқ идораларига арз қилган. Мансабдор эса Тошкент орқали Россиянинг Қозон шаҳрига қочиб кетган. Қайд этилишича, фуқароларга етказилган зарарни ҳоким ўринбосарининг отаси тўлаб берган.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона тумани суди раиси Фаррух Абдураимовга кўра, фуқароларга фириб берган ҳоким муовинига қонуний жазо тайинланган. Жазо тури ва жиноят ишига оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Актёр Матёқуб Матчонов: Мени МХХ раиси ўринбосари Шуҳрат Ғуломов қаматган эди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Киноарбоблар ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчонов 2016 йилда ҳибсга олингани ва 4 ой давомида қамоқда ўтиргани тафсилотларини очиқлади (www.daryo.uz, 15 июнь).

Актёрга кўра, у МХХ раиси ўринбосари Шуҳрат Ғуломовнинг кўрсатмаси билан туҳмат асосида ҳибсга олинган.

“Шуҳрат Ғуломов бизнесдаги шеригимнинг ўғли билан нимагадир қасдлашиб қолган экан. У бола ширкатимизнинг номига олинган машинани ҳайдаб юрарди. Уни қамоққа олиш учун ўша машинанинг ичига 3,5 кило наша солиб қўйишган. Ўша вақтларда Шуҳрат Ғуломов бошчилигидаги МХХ ходимлари бунақа ишларга уста эди... Шу воқеадан кейин ўша болани, сўнг уни дадасини тиқишди. Мени ҳам бир-икки марта терговга чақиришиб, ширкат сизникими, дейишди, ҳа, меники, дедим. Шундан сўнг ҳеч нима демасдан арафа куни мени ҳам Гвардейский деган жойга тиқиб қўйишди. Бир ярим ой Гвардейскийда ўтирдим, икки ярим ой Тоштурмада ўтирдим. Кейин умрлари узоқ бўлсин, Президент келганларидан кейин бизни чиқариб юборишди”, - дейди актёр.

М. Матчонов уни қаматган Ш. Ғуломов айни пайтда бир умрлик қамоқ жазосини ўтаётганини эслаб ўтган.

“МХХ яхши эмас, буни ҳамма билади, чунки одамни психологик эзишар эди. Одам сифатида муомала қилинмас эди. У одамга умрбод қамоқ жазоси нимага берилди, битта у эмас, бутун жамоаси қамалиб кетди”, - дейди М. Матчонов.

Навоий вилоятидаги ноёб қоятошлар ташиб кетилмоқда

Навоий вилоятидаги машҳур Сармишсой ёдгорлигидан 40 километр жанубий-шарқда яна бир кўҳна манзил – Қоронғуўнгир дараси мавжуд (“Миллий тикланиш” газетаси, 18 июнь).

Ушбу ҳудуддаги кўҳна харсангтошлар ҳамда ноёб қоятош суратлари (петроглифлар) тарихий аҳамиятга эгадир. Қайд этилишича, Сармишсойга гарчи қўриқхона-музей мақоми берилган бўлса-да, амалда мазкур ҳудуд қаровсиз қолмоқда.

Бу ерда ҳатто бемалол қўй-мол боқилмоқда. Қолаверса, дам олиш баҳонасида келганларнинг чор атрофни чиқиндига тўлдириб кетиши ҳам оддий ҳолатга айланган.

“Қоронғуўнгирдаги вазият эса бундан-да оғир. Худди Сармишсойдаги каби бу ердаги қоятош суратларига ҳам одамлар томонидан шикаст етказилмоқда. Қоятош суратлари мавжуд ҳудуддан тош ковланиб, ташиб кетиляпти. Бу нафақат катта экологик хавфни, балки тарихий фожиани ҳам келтириб чиқармоқда”, - деб ёзади газета.

XS
SM
MD
LG