Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:01

МИБ газ ва электр учун қарз ундириш билан шуғулланган ходимларини қисқартирмоқда


Мажбурий ижро бюроси 2017 йил майида Ўзбекистон президенти фармони билан ташкил этилган эди.
Мажбурий ижро бюроси 2017 йил майида Ўзбекистон президенти фармони билан ташкил этилган эди.

Ўзбекистонда Мажбурий ижро бюросининг айрим ваколатлари, жумладан электр ва газ тўловларини ундириш ваколати тегишли ташкилотларга 1 августдан ўтказиб берилади. Бироқ маълум бўлишича, МИБнинг айрим шаҳар ва туман бўлимларида ходимларни қисқартириш ҳозирданоқ бошлаб юборилган.

Қисқаришга тушган МИБ ходимларидан Озодликка келаëтган шикоятларда бу жараëн “меҳнат қонунчилиги бузилиши” эвазига бўлаётгани иддао қилинмоқда.

Хусусан, Жиззах вилоят Мажбурий ижро бюроси тизимида ишловчи инспекторлар иддаосича, уларга ишдаги камчиликлари пеш қилиниб, жиноят иши очиш билан қўрқитилган ҳолда ишдан кетиш ҳақида ариза ёзишга мажбурланган.

Озодлик суҳбатлашган Мажбурий ижро бюроси расмийлари эса коммунал тўловлар бўйича штатлар қисқариши сабаб айрим ходимлар билан "хайрлашишга мажбурликлари, лекин бу жараён ҳуқуқий асосда бўлаётганини" айтишди.

Аммо, Ўзбекистон МИБ тизимида ишловчи 4 мингдан зиёд ходимдан қанчаси ишидан айрилиши, қанчаси қолиши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Исми очиқланмаслигини истаган Жиззах вилоят МИБ инспекторларидан бири 19 июнь куни ўзи ва яна ўн беш нафар ҳамкасби ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзишга мажбурлангани ҳақида Озодликка айтди.

Инспекторга кўра, вилоят МИБ тизимида жами юзга яқин инспектор қисқаришга тушган:

- 15 ходимни хато, камчиликларини ўртага ташлаб, "бугундан ўз хоҳишларинг билан ишдан кетиш ҳақида ариза ёзасизлар, акс ҳолда жиноят иши очилади", деб қўрқитишди. Ҳаммасиники бир хил бўлмаслиги учун, айримларига "деҳқончилик билан шуғулланмоқчиман, ишдан бўшатишингизни сўрайман", деб ёздиришди. Бутун вилоят тизимида юзга яқин МИБ ходими ўз иши билан хайрлашди.

Қашқадарё вилоят Мажбурий ижро бюроси тизимида ҳам қисқаришлар бўлаётгани ҳақда ходимлар Озодликка маълум қилди.

Китоб тумани Мажбурий ижро бюроси ходимларидан бири 19 июнь куни Озодликка бундай деди:

- Бошлиқ ҳаммани йиғиб, "сизларнинг хизматингизга энди эҳтиёж йўқ", деб айтди. МИБ энди фақат суд қарорларини ижро этиш билан шуғулланар экан. Свет ва газ ҳақи ундириш билан шуғулланмас, экан. Шунча йилдан бери, мана карантин даврида ҳам қарздорликни ундириб, режани бажариб мана энди кўчада қоляпмиз.

Озодлик бу иддаолар юзасидан изоҳ олиш учун Мажбурий ижро бюроси матбуот котиби Фарруҳ Тошпўлатовнинг иш телефонига ҳам, уяли телефонига ҳам қўнғироқ қилди, лекин телефонни ҳеч ким кўтармади.

Мажбурий ижро бюросининг Озодлик суҳбатлашган расмийларидан бири тизимда баъзи штатлар қисқариши сабаб айрим ходимлар билан хайрлашишга тўғри келишини айтди:

- Баъзиларига, мутахассислиги тўғри келадиганларга бошқа бўлимдан ишлар таклиф қилинади. Кўчада қолмайди. Ҳаммаси меҳнат қонунчилиги доирасида бўлада. Чунки, хабарингиз бўлса керак, бу ёғига бизни ходимлар газ, светдан қарзи борларнинг эшигини тақиллатиб юрмайди. Бу билан шу газ, светни сотадиганларни ўзлари шуғулланади. Шу ҳисобдан бу иш билан шуғулланганларнинг ўрни қисқаради. Шунга баъзилар билан хайрлашишга тўғри келиши мумкин, лекин бу тўлиқ ҳуқуқий асосда бўлади. Лекин, фақат коммунал соҳа ва маиший чиқиндилар бўйича фаолиятимиз тугатилмоқда, суд хамда бошқа орган қарорларини ижро этиш функция ва вазифаларини давом эттирамиз, коммунал қарздорликни ундириш ҳам 1 августгача бизнинг зиммамизда бўлади.

Ўзбекистон МИБ тизимида ишловчи 14 мингга яқин ходимдан қанчаси ишидан айрилиши, қанчаси қолиши эса, мулозимга кўра, маълум эмас.

МИБчилар жисмоний зўравонликларга дуч келган ҳолатлар ҳам кузатилган.
МИБчилар жисмоний зўравонликларга дуч келган ҳолатлар ҳам кузатилган.

Ўзбекистон президентининг 18 июнда имзолаган “Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 6010-сонли фармонига мувофиқ аҳолидан газ ва электр тўловларини ундириш Мажбурий ижро бюроси зиммасидан олинади.

1 августдан бошлаб газ ва электр ҳақларини ундириш билан Энергетика вазирлиги, унинг ҳудудий бўлимлари шуғулланади.

Президент қарорида бу ўзгаришлар ҳисоб-китоб қилишнинг замонавий усулига ўтилиши билан боғлиқлиги айтилган.

Мажбурий ижро бюроси 1 августдан фақат суд ва бошқа орган қарорлари ижроси билан шуғулланади.

Аҳолидан газ ва электр тўловлари ва бошқа қарзларни ундириш учун 2017 йил май ойида президент фармони билан Ўзбекистон Адлия вазирлиги қошидаги Суд департаменти тугатилиб, Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилганди.

Нега уч йил ўтиб коммунал қарздорликни ундириш МИБ зиммасидан олинмоқда?

Озодлик суҳбатлашган Мажбурий ижро бюроси расмийси бу саволга: - Биз вазифамизни бажариб бўлдик, одамларда тўлов маданиятини, интизомини шакллантирдик, энди бу билан Энергетика вазирлиги бўлимлари шуғулланаверади, - деб жавоб берди.

Мажбурий ижро бюроси Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги махсус ваколатга эга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органдир.

Сўнгги уч йил ичида ижтимоий тармоқларида МИБ ходимлари қарзини тўлолмаганларнинг хонадонидан буюмларни олиб чиқиб кетаётгани акс этган видеолар эълон қилинди.

Қарз ундиришга келган МИБ ходимларига қарши болта кўтариб чиққанлар, ўзига ўт қўйганлар ҳам бўлди.

Мажбурий ижро бюроси расмий сайтида келтирилишича, ташкил топганидан бери МИБ аҳолидан электр энергияси қарздорлиги бўйича – 45,8 трлн., табиий газ бўйича – 46,1 трлн., ичимлик суви бўйича– 1,9 трлн. ва маиший чиқинди бўйича – 0,4 трлн. сўм ундирилган.

Бюро расмий сайтида аҳолидан пул ундириш МИБ ходимларига осон кечмагани айтилган.

Сўнгги уч йил давомида қарздорлар ҳужумидан 4 нафар МИБ ходими ҳалок бўлган, 200нафардан ортиғи жароҳатланган.

Ўзбекистонда МИБ ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажараётган пайтда турли қаршиликлар ёки жанжал келиб чиққани ҳақида Озодлик ҳам хабар берган.

XS
SM
MD
LG