Латвия расмийлари мамлакат ҳудудида Россиянинг RT телетармоғи фаолиятини ман этди. Бунга Россия ҳукуматига тегишли RT телетармоғи директори Дмитрий Киселёвга нисбатан эълон қилинган халқаро санкциялар туртки бўлди.
Латвиянинг Миллий электрон медиа кенгаши (NEPLP) RTнинг инглиз, испан ва араб тилларида эфирга узатилувчи асосий каналлари, RT Documentary телеканали ҳамда дастурларнинг юқори сифатли (HD) версияларини эфирга узатувчи канални тақиқлади.
30 июнь куни NEPLP раиси Иварс Аболинш:
- Бу телеканаллар уларни Дмитрий Киселёв бошқараётгани учун ман этилди. Киселёв Украина демократияси ҳамда ҳудудий бирлигини бузишга қаратилган давомли чақириқлари учун Европа Иттифоқи санкцияларига дучор бўлган, — деди.
Шунингдек, NEPLP RT телетармоғини ўз дастурлари давомида собиқ совет республикаси Латвияни муваффақиятсиз давлат ўлароқ тасвирлашда айблади.
Ўтган йилда NEPLP бошқа 10 рус телеканалини, жумладан, «Россия-1» (РТР) телеканалини «систематик нафрат ҳамда Украинага қарши уруш олиб боришни тарғиб қилгани, шу жумладан, Украина фуқароларини ўлдиришга қаратилган ошкора чақириқлари» учун ман этган эди.
NEPLP эълон қилган билдирувга кўра, қарор жорий ҳафтада кучга киради.
30 июнь куни Ғарбга қарши чиқишлари билан танилган Киселёв ҳеч қачон аввалги номи Russia Today бўлган RT телетармоғини бошқармаганини таъкидлаб, Латвияни узр сўрашга ва ўз қарорини бекор қилишга чақирди.
Киселёв Россия томонидан Украинанинг Қрим минтақаси аннексия қилиб олинишини қўллаб, Кремль пропагандасини тарқатгани учун Европа Иттифоқи санкцияларига дучор бўлган.
Киселёв хабар тарқатиш ва Россиянинг хориждаги пропагандаси билан шуғулланувчи «Россия сегодня» медиагуруҳининг етакчисидир.
Гуруҳ таркибига RT телеканалидан ташқари радиоканаллар, вебсайтлар, Sputnik ва Prime хабар агентликлари ҳамда Inosmi.ru медиа лойиҳаси киради.
«Россия сегодня» Россия ҳукумати молиялаштирадиган 10 медиа гуруҳнинг биридир.
2018 – 2020 йиллар орасида гуруҳ Россия ҳукуматидан 20,4 миллиард доллар маблағ олган.