Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:14

Россия-Қозоғистон чегарасида йиғилган 200дан ортиқ муҳожир магистрал йўлни тўсишга уринди (ВИДЕО)


Оренбург областининг Қозоғистон билан чегараолди ҳудудидаги Бузулук районида 1 июль куни йўлни тўсишга уринган муҳожирларни полиция тўхтатмоқда, сурат воқеа жойидан муҳожирлар юборган видеодан олинди .
Оренбург областининг Қозоғистон билан чегараолди ҳудудидаги Бузулук районида 1 июль куни йўлни тўсишга уринган муҳожирларни полиция тўхтатмоқда, сурат воқеа жойидан муҳожирлар юборган видеодан олинди .

Россия-Қозоғистон чегарасида йиғилиб қолган 200дан ортиқ марказий осиёлик муҳожир 1 июль куни Қозоғистонга элтувчи магистрал йўлни тўсишга уринди.

Оренбург областининг чегараолди ҳудудидаги Бузулук туманида бўлган ҳодиса гувоҳларидан олинган маълумотга кўра, тезда етиб борган Оренбург полицияси уларни катта кўчадан четлатган.

Муҳожирлар воқеада полиция билан қисқа тўқнашув бўлгани, полиция бир неча кишини тўқмоқ билан урганини даъво қилмоқда. Аммо, Оренбург полицияси Бузулукда полиция муҳожирларга куч қўллагани ёки тўқнашув бўлганига оид маълумотларни қатъий инкор қилди.

Оренбург областининг Қозоғистон билан чегараолди ҳудудидаги Бузулук районида 1 июль куни юз берган воқеа гувоҳлари Озодликка йўллаган хабарларга кўра, меҳнат мигрантлари Қозоғистонга йўл очилишини талаб қилишга уринган:

"Қуруқ ерда ётибмиз, чегарани очишдан дарак йўқ. Орқага қайтинглар, дейди. Қаерга қайтамиз, нимага қайтамиз? Иш йўқ, яшайдиган жой йўқ, пул тугади. Нимадир қилишимиз керакку?!" Бир-иккита болалар давай трассани тўсайлик, дейишди. Аста-аста йўлга чиқиб бошладик, бир пасда полиция етиб келди", дейди муҳожирлар сафида бўлган бир қашқадарёлик муҳожир, исми сир қолиши шарти билан.

Озодликка воқеа жойидан юборилган видеоларда катта йўл ёқасига йиғилган одамларни полиция вакиллари магистрал йўлдан четлатишга урингани акс этган. Айрим кадрларда дубинка ва қалқонлар билан жиҳозланган полиция ходимлари муҳожирлар қаршисида терилиб тургани акс этган.

Видеолардан бирида магистрал йўлдан четга чиқишни истамаганларга полиция куч қўллай бошлагани айтилаётган ҳайқириқлар ва бунинг ортидан бақир-чақир бошланиб кетгани акс этади.

Бу видеоларни Озодликка йўллаган муҳожирларга кўра, полиция ходимлари айрим муҳожирларни полиция тўқмоғи билан калтаклаган ва ҳибсга олинишини айтиб, таҳдид қилган.

Россия-Қозоғистон чегарасида йиғилган муҳожирлар магистрал йўлни тўсишга уринди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:33 0:00

Оренбург область, Бузулук район полицияси 1 июль куни муҳожирлар билан тўқнашув бўлгани ва уларга куч қўлланганига оид маълумотларни инкор қилди.

"Ҳеч қандай тўқнашув бўлмади, ҳеч ким ҳибсга олинмади. Биз Оренбург ҳудудига кириб келаётганларни огоҳлантиряпмиз: коронавирус инфекцияси олдини олиш мақсадида Қозоғистон билан чегара ёпилган, шунинг учун вилоятга кириш йўллари ёпилган, деб. 1 июль куни, 30 июнь куниям бориб, тушунтириш ишларини олиб борганмиз. Лекин, бу муҳожирлар қайтишни истамаяпти. Трасса ёқасида туришибди", деди ўзини таништирмаган полиция ходими.

Бузулук полиция департаментидан олинган маълумотга кўра, шу кунда бу районда Марказий Осиё давлатлари фуқаролари - 200 нафар атрофида муҳожир йиғилган.

Озодликка мунтазам видеомурожаат йўллаётган муҳожирлар эса, COVID-19 пандемияси боис эълон қилинган карантин ортидан ишини, яшаш жойи ва даромадини йўқотгани ва ортга йўли йўқлигини айтмоқда.

Чегарадаги муҳожирлардан олинган маълумотга кўра, Оренбург области бўйлаб, бир неча нуқтада йиғилган ўзбекистонликлар сони минг нафар атрофидадир.

Ишсиз-маблағсиз қолган ўзбекистонлик муҳожирлар коронавирус пандемияси ортидан Россияда аҳвол оғирлашиб бораётгани сабаб, Қозоғистон орқали автомобилларда юртига қайтишга уринмоқда.

Шу йилнинг 18-19 май кунлари Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия ҳукуматлари келишувига биноан, 1200 нафар ўзбекистонлик учун Қозоғистон орқали Ўзбекистонга транзит йўлаги очиб берилди.

Ўзбекистон ҳукумати бу йўлнинг очилишию, муҳожирларнинг қуруқлик орқали қайтарилишига 125 минг Россия рубли миқдорида маблағ сарфланганини билдирган.

Ўшанда Ўзбекистоннинг Татаристондаги бош консули Фариддин Насриев 17 май куни маҳаллий матбуотга Қозоғистон чегарасида тўпланганларга Ўзбекистонга ўтиш учун истисно тариқасида бир марта рухсат берилганини ҳам билдирган.

Қозоғистон томони чегарада 2 ҳафта туриб қолган ўзбекистонликлар учун истисно тариқасида транзит йўлаги очиб бериши ортидан Россиядаги бошқа муҳожирлар ҳам чегарага кела бошлаган ва муҳожирларнинг чегарага оқими ҳануз давом этмоқда.

Айни пайтда, Ғишткўприк (халқ тилида Черняевка) ўзбек-қозоқ чегарасида ҳам муҳожирлар йиғилиб қолган.

Бу ердаги ўзбекистонликлардан ҳам Озодликка кўплаб видео йўлланган.

Туркистон полиция департаментидан олинган маълумотга кўра, 2 июль ҳолатига чегаранинг бу қисмида йиғилганларнинг 900 дан ортиғи ўзбекистонлик, 400дан ортиғи Тожикистонликдир.

XS
SM
MD
LG