Линклар

Шошилинч хабар
20 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:44

Рамзан Қодиров танқидчиси экани айтилган яна бир чеченистонлик Европада ўлдирилди


Мамихан Умаров (Венада танилган исми - Анзор), Youtube каналидаги видеодан скриншот
Мамихан Умаров (Венада танилган исми - Анзор), Youtube каналидаги видеодан скриншот

4 июль куни Австрия пойтахти Вена яқинида отиб ўлдирилган россиялик шахс собиқ чечен айирмачиси ҳамда Чеченистон лидери Рамзан Қодировнинг танқидчиси бўлган.

Бу ҳақда Озодликнинг чечен диаспораларидаги манбалари маълум қилди.

Озодлик манбаларига кўра, марҳумнинг исми Мамихан Умаров бўлиб, Веналик Анзор лақаби билан танилган.

Австрия расмийлари отиб ўлдирилган шахс 43 ёшдаги Россия фуқароси экани, мамлакатга сиёсий бошпана излаб келганини маълум қилишди.

У Вена яқинидаги Герасдорф шаҳарчасида автомобиль тўхташ жойида отиб ўлдирилган. Дастлабки хабарларга кўра, бошпана излаган шахснинг бошига ўқ узилган, тез ёрдам етиб келгунича унинг жони узилган.

Орадан бир неча соат ўтиб Венадан 200 км масофада гумонланувчи қўлга олинган. Расмийлар унинг Россия фуқароси эканини маълум қилишди. Ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Россиянинг Венадаги элчихонаси матбуот котиби «ТАСС» агентлигига берган интервьюсида ушбу ҳолат бўйича Австрия расмийларга элчихонага мурожаат қилмаганини билдирди.

Умаров берган интервьюлари ҳамда ижтимоий тармоқлардаги постларида ўзини собиқ жангчи ҳамда де-факто мустақил - Ичкерия Чеченистон Республикаси хавфсизлик хизматларининг собиқ ишчиси деб атаган.

Умаров бир неча марта Россия хавфсизлик кучларини Европа давлатларидаги собиқ чечен айирмачиларни ўлдиришда айблаган.

Жорий йилнинг февралида Швецияда чечен блогер Тумсо Абдураҳмонов ҳужумга учради. Абдураҳмонов ҳужумчига қаршилик кўрсатиб, уни расмийларга топширишга муваффақ бўлган. 2019 йилнинг мартида Чеченистон парламентининг раиси Магомед Даудов Абдураҳмоновга қарши уруш эълон қилган эди.

Жорий йилнинг 30 январь куни Қодировни танқид қилиб келган яна бир чечен блогер Имран Алиев Франциянинг Лилль шаҳрида ўлик ҳолда топилди. Унинг танасига 135 марта ханжар санчилган. Прокурорлар Россияда туғилган шахс гумонланувчи ўлароқ кўрилаётгани, у қотиллик ортидан тезда Чеченистонга қайтиб кетганини маълум қилган.

2019 йилнинг августида эса грузиялик собиқ чечен айирмачи қўмондон Зелимхан Хангошвили Берлинда отиб ўлдирилди. Ушбу ҳолатга алоқадорликда айбланиб, Россия фуқароси қўлга олинган.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари Қодиров репрессив йўллар билан Чеченистонни бошқариб келаётгани ҳамда мамлакат хавфсизлик кучларига чексиз ваколат берганини айтиб келади.

Уларнинг сўзларига кўра, Чеченистон ва хорижда мухолифат вакилларининг ўғирлаб кетилиши, қийноққа тутилиши ва судсиз ўлдирилишига Қодиров замин яратиб берган.

Кремль танқидчиларига кўра, Қодиров Чеченистонда сепаратизм ва зўравонликка қарши курашиб келаётгани учун расмий Москва унга қарши айбловларга кўз юмиб келади.

XS
SM
MD
LG