Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:44

Ҳукумат Президент қарорини бекор қилди. Фермерлар буғдойни 75 эмас, 100% давлат нархида сотади


Буғдой ва буғдойзор
Буғдой ва буғдойзор

Ўзбекистонлик фермерлар президент Мирзиёев 6 мартда имзолаган қарор бекор қилинганини ғаллани топшириб бўлганидан сўнг билди.

Давлат раҳбари қарорига биноан, фермерлар давлатга топширадиган буғдойининг 25 фоизини эркин нархда сотиши мумкин эди.

Озодлик суҳбатлашган фермерларнинг айтишича, дон қабул қилиш корхоналари уларни топширилган донни “акт-сверка” қилишга чорлаб, топширилган ғаллага ҳақ юз фоиз давлат нархида тўланишини айтган.

“Қоракўлдон” АЖ бош ҳисобчиси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида шундай қилинаётганини айтди.

Қарорнинг “махфий” деб номланган 3 банди Lex.uz да нашр қилинган матнидан олиб қўйилган.

Жондор туманилик фермер Шуҳрат Раззоқовнинг айтишича, президентнинг 25 фоиз ғаллани давлат корхоналари бозор нархида сотиб олиши ҳақидаги қароридан сўнг фермерлар хурсандчилиги узоқ чўзилмади:

25 фоизни эркин нархда фермердан сотиб олиш назарда тутилган эди.

- Президентнинг 6 мартдаги қарорида 2020 йил ҳосилидан давлат харидлари доирасида тузилган контрактация шартномалари миқдорини ҳар бир ғалла етиштирувчи учун 25 фоизга камайтириш, ана шу 25 фоизни эркин нархда фермердан сотиб олиш назарда тутилган эди. Энди ғаллани топшириб, “Қоракўлдон” корхонасига бориб сўрасак, 25 фоизлик бекор қилинганини, пул 100 фоиз фоиз давлат нархида тўланишини айтди.

Фермернинг айтишича, бир кило буғдойнинг давлат нархи 1550 сўм, бозордаги нарх эса 2800 сўм:

Энди қарз билан чиқишга тўғри келади.

- Бу йил ғалла ўрими бошлангунча бозорда бир кило буғдой 3500 сўм эди. Ҳозир мавсум бўлгани учун вақтинча нарх тушган. Сентябрга бориб 4000 сўмга чиқиши аниқ. Агар мени ўша 25 фоиз – 13 тонна ғалламга 2,500 сўмдан берганда эди, мен кредитимни бемалол ёпиб олган бўлардим. Энди қарз билан чиқишга тўғри келади. Бир йил меҳнат қилиб, ғалла экиб, давлатга бозор нархидан бир баравар арзон сотсанг, устига яна қарз бўлиб чиқсанг алам қилади экан.

Фермернинг айтишича, бир йил давомида ғаллага уч марта қайта шартнома қилинган:

- Ўтган йил сентябрь ойида 52,1 тонна буғдой топшириш ҳақида “Қоракўлдон” билан шартнома қилган эдим. Март ойида президент қарори чиққанидан кейин янги шартнома қилдик, яъни буғдойнинг 75 фоизи, яъни 39 тоннасини давлатга сотиш ҳақида. Учинчи марта қолган 25 фоизни бозор нархида оламан деб, яна шартнома қилди. Бугун эса бу шартномаларда назарда тутилган ҳолатлар четга суриб қўйилиб, юз фоиз давлат нархида ҳақ тўламоқчи”.

Озодлик суҳбатлашган андижонлик, қашқадарёлик фермерлар ҳам 100 фоиз ғалла давлат нархида сотиб олинаётганини маълум қилди.

3-банд "махфий" деб ёзилгани нимани англатади?

“Қоракўлдон” АЖнинг бош ҳисобчиси Латиф Вафоев Озодлик билан суҳбатда фермерларнинг ғалласи 100 фоиз давлат нархида сотиб олинишига Вазирлар Маҳкамасининг 15 июндаги 378-сонли қарори асос бўлганини айтди:

- Тўғри, олдин президентнинг 75/25 ҳақидаги қарори чиқди, кейин Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиқиб ўзгардида 100 фоиз бўлди. 75/25 ўз кучини йўқотади деган жойи бор. Қолганини менинг ўринбосарим тушунтириб беради.

Бош ҳисобчи ўринбосари Абдулазиз Отамуродовнинг Озодликка тушунтиришича, қарорда “Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 831-сон қарорига асосан давлат ресурсларига 3 019 минг тонна, шу жумладан, 293,5 минг тонна уруғлик дон харид қилиш” деб ёзилгани, бу яна ўша эски тизимда ишлаш кераклигини англатади.

Аммо, Озодлик Lex.uz сайтида 15 июнда эълон қилинган Вазирлар Маҳкамасининг “2020 йил ҳосили учун экилган бошоқли дон ҳосилини ўз вақтида ва сифатли ўриб-йиғиб олишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 378-сонли қарорини синчиклаб ўқир экан, 2 банд билан 4 банд ўртасидаги 3 банд йўқлигини аниқлади.

Lex.uz сайтидан скриншот
Lex.uz сайтидан скриншот

Озодлик донни қайта ишлаш корхоналаридан бирига юборилган бу қарорнинг аслини топишга муваффақ бўлди. Бу қарор нусхасида 3-банд “Махфий” деб номланган ва унга ҳеч нарса ёзилмаган.

Дон корхоналарига юборилган қарор нусхаси
Дон корхоналарига юборилган қарор нусхаси

Бу бандда президент Шавкат Мирзиёевнинг 6-мартда имзолаган “Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бекор қилинганини тахмин қилиш мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 15 июндаги 378-сонли қарорида фермерлардан 25 фоиз буғдойни эркин нархда сотиш олиб қўйилиши сабаби изоҳланмаган ва фақат қарорнинг бошида бундай дейилган:

"2020 йил бошоқли дон экинлари ҳосилини қисқа муддатларда нес-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олиш ва коронавирус пандемияси даврида ички бозорда дон, ун маҳсулотлари барқарорлигини таъминлаш учун етарли миқдорда дон тайёрлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади."

XS
SM
MD
LG