Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:35

Президент қарорини ССВ профпатологи бекор қилди: бухоролик тиббиётчиларга 100 млн сўмлик тўлов берилмади


Бухородаги “Sitorai Moxi Xosa sanatoriysi” кичик тиббиёт ходими Наргиза Наимова, март, 2020
Бухородаги “Sitorai Moxi Xosa sanatoriysi” кичик тиббиёт ходими Наргиза Наимова, март, 2020

Бухорода хориждан олиб келинганлар сақланган карантин муассасасида ишлаган ва коронавирус юқтириб олган тиббиёт ходимлари президент ваъда қилган рағбатлантириш тўловларини ололмаётир.

Бир неча ҳамкасби номидан Озодликка гапирган тиббиёт ходими Наргиза Наимовага кўра, у Истанбулдан олиб келинган ва Бухородаги “Sitorai Moxi Xosa sanatoriysi”га жойлаштирилган илк йирик гуруҳга хизмат қилган.

14 кунлик карантин даврида ҳимоя кийимлари ва воситалари вақтида етказиб берилмаган тиббиёт ходимларидан 5 нафари COVID-19 инфекциясини юқтириб олган, аммо ҳануз белгиланган тўловларни ололмаган.

Озодликка бу тиббиёт ходимлари тақдим қилган расмий жавоб хатларидан бирида, президент қарори билан тайинланган рағбат пуллари Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош профпатологи тавсиясига биноан тўланмаслиги айтилган.

Бухородаги “Sitorai Moxi Xosa sanatoriysi” МЧЖда кичик тиббий ходим - санитарка бўлиб ишлашини айтган 33 яшар Наргиза Наимовага кўра, у шу йилнинг 22 мартидан то 4 апрелга қадар шу санаторийга каратинга қўйилган 239 кишига хизмат қилган:

- Истанбулдан келган илк группани қўйдилар бизнинг санаторийга. 22 мартдан 4 апрелгача ишладик. Ўшанда текширишганида мендан коронавирус чиқди. Чунки, бизга ҳимоя кийимлари етказиб берилмаганди, охирги кунлари беморларни олдига ҳимоя кийимлари киймасдан ҳам чиқиб, ишлашга мажбур бўлган кунларимиз бўлганди. Ўшанда жами 11 ишчи ходимдан чиқди. Булардан 5 нафари санаторий ходими, 1 врач, 2 ҳамшира ва 2 нафар ИИВ ходимидан вирус чиқди. Кейин бизни вилоят юқумли касалликлар шифохонасига олиб кетишди, у ерда даволандик.

Наргизанинг айтишича, унда COVID-19 инфекцияси нисбатан оғир кечган. У 25 кун шифохонада қолган:

- Даволаниб чиққанимдан кейин ҳам яна бир неча марта касалландим. Менда коронавирусни оқибатлари қолган, днб ўйлаяпман. Лекин, докторлар ҳали бу касалликни билмаймиз, аниқ бир нарса деёлмаймиз, дейишяпти. Мен жуда кучсиз бўлиб қолганман, ишга ҳам ярамай қолганман. Хўжайним ҳам ишини йўқотган, 3 та бола билан ҳаммамиз уйга қамалиб қолдик. Шунинг учун шифохонадан чиққанимдан бери, тўловларни ундириш учун ҳаракат қиляпман. Менинг ҳисобим бўйича, 14 кунлик карантин учун кичик тиббий ходим сифатида 10 миллион сўм олишим керак, беморлар билан ишлаб, касалга чалинганим учун бир марталик 100 миллион сўмлик тўловни олишим керак. Ҳозиргача фақат 6 фоиз устама тўловни олдим, холос.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:37 0:00
Бевосита линк

2020 йил 26 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4652-сонли "Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинганди.

Қарорга мувофиқ, коронавирусдан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун қуйидаги махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланган:

- врач ходимларга, врач-лаборантларга – 25 миллион сўм;

- ўрта тиббиёт ходимлари, ҳамшира-лаборантларга –15 миллион сўм;

- кичик тиббиёт ходимларига – 10 миллион сўм;

- бошқа ходимларга – 5 миллион сўм.

Махсус тўловларни ходимнинг ҳар 14 кунлик фаолият даври якунида тўлаб берилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, коронавирус инфекциясини юқтирган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга бир марталик 100 миллион сўм, вирус юқиши натижасида соғлиғига шикаст етказиб, оғир аҳволга тушган ва соғлиғи тикланмаган тақдирда бир марталик 250 миллион сўмлик тўлов белгиланган.

Наргиза Наимованинг фикрича, у юқорида кўзда тутилган тўловлардан бири - бир марталик 100 миллион сўмлик рағбатлантирувчи тўловни олишга ҳақли.

Наимова буни тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам Озодликка тақдим қилди.

Бу ҳужжатларни ўрганиш асосида, шу кунгача Н. Наимова каби ваъда қилинган тўлов пулларини ололмаётганидан шикоят қилган бошқа тиббиёт ходимлари саволларига ҳам жавоб бериши мумкин бўлган тафсилотлар ўртага чиқди.

Жумладан, ҳужжатлардан бирини “Sitorai Moxi Xosa sanatoriysi” директори У. Шеров имзолаган.

Унда қайд этилишича, 22 мартдан 7 апрелгача ушбу муассасанинг 16 ходими карантинга олинганларга хизмат кўрсатган ва бу аснода 5 ходим COVID-19 инфекциясига чалинган.

Ҳужжатга кўра, касалланганлардан бири фельдшер, қолган 4 нафари кичик тиббий ходим.

Яъни бу ҳужжат, тиббий ходим бевосита коронавирусга чалинган кишилар билан ишлагани ва уларни “даволашда” иштирок этиш жараёнида вирусга чалинганини тасдиқлайди.

Наргиза Наимова ўз ҳамкасблари билан иш жараёнида тушган сурат, март, 2020
Наргиза Наимова ўз ҳамкасблари билан иш жараёнида тушган сурат, март, 2020

Наимовага Ўзбекистон Санатор-курортлар бошқармасидан йўлланган ҳужжатда айтилишича, Наргиза Наимова 6 фоизлик устама тўлов ҳамда бир марталик 100 миллион сўмлик тўловни олишга ҳақлидир.

“Sitorai Moxi Xosa sanatoriysi” МЧЖ ходимларига “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт, санитария эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларни қўшимча моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги Вақтинчалик Низомнинг 1 боб 2 банди 3 қисм ва 4 боб билан балгиланган бир йўла бериладиган тўловлар берилиши учун барча чоралар амалга оширилмоқда”, дейилади бу мактубда.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) ва вазирликнинг Бухоро вилоят бошқармасидан йўлланган жавоб хатларида ҳам санаторийда ишлаб, коронавирус юқтириб олган тиббиёт ходимларига бир марталик тўловлар тўланиши кўзда тутилган.

Хусусан, ССВ йўллаган жавоб хатида, Н. Наимова ишини вилоят бошқармаси ва тегишли ташкилотлар билан бирга тузилган комиссия тасдиқлаши лозимлиги айтилган.

Озодликка келиб тушган ҳужжатлардан бирида ана шундай комиссия хулосаси қайд этилган.

Хулосадан маълум бўлишича, ССВ ва унинг вилоят бошқармаси президент қарори ҳамда Махсус комиссия Низоми асосида Н. Наимова ва унинг 4 ҳамкасбига берилиши кўзда тутилган 100 миллион сўмлик тўлов, битта профпатолог хулосаси билан бекор қилинган.

Ҳужжатда шундай дейилади:

“Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош профпатологи томонидан йўлланган жавоб хатида Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 15 февралдаги 60-сонли қарорининг 2-иловасида келтирилган касб касалликлари рўйхати сурункали касалликлар ҳисобланиб, тиббиёт ходимларининг “COVID-19” коронавирусини юқтириш ҳолати ўткир касаллик бўлиб, даволанганидан сўнг бемор организмида вирус аниқланмайди, даволанишдан кейин ходим иш қобилиятини йўқотмайди, яъни даволаниб иш фаолиятини давом эттириши мумкинлиги, касбий фаолияти натижасида келиб чиққан ўткир касалликлар “Касб касалликлари” рўйхатига киритилмагани маълум қилинган”.

Ҳужжатга кўра, мана шу бандга асосланган ҳолда Н. Наимова ва унинг коронавирусга чалинган беморлар билан бевосита мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олган бошқа ҳамкасбларига бир марталик 100 ва 250 миллион сўмлик тўловлар тўланмаслиги айтилган.

Ушбу ҳужжатга имзо чеккан Давлат молиявий назорати Бухоро вилоят бошқармасининг бўлим бошлиғи Фурқат Шукуров ССВ профпатологи номидан шундай мактуб йўлланганини тасдиқлади, аммо бошқа саволларга вазирлик ёки унинг вилоят бошқармасидан жавоб олишни тавсия қилди.

ССВ Бухоро вилоят бошқармасининг бошлиғи Илҳом Нарзиев билан кунлар давомида боғланишнинг имкони бўлмади. Хусусан, 9 июль куни бошқарма ходимаси И. Нарзиев туманлардан бирига хизмат сафарига чиқиб кетганини айтиб, бошқарманинг иқтисодий масалаларга масъул раҳбари Раҳима Арзиханованинг телефон рақамини берди. Бу ходимадан ҳам бирор жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Шу тариқа, коронавирус пандемияси шароитида 4 ойдан буён муттасил оғир босим остида ишлаётган ва хасталанаётган тиббиёт ходимларига президент қарорида кўзда тутилган тўловнинг ССВ бош профпатологининг битта хулосаси билан бекор қилиниши ҳақидаги ҳужжатга Озодлик Бухоро вилоятидаги мутасаддилардан бирор жавоб ололмади.

Ажабланарлиси, бу саволга Соғлиқни сақлаш вазирлигидан ҳам жавоб олишнинг имкони бўлмади. Озодлик вазирлик бухоролик тиббиёт ходимларига тақдим қилинган ҳужжатлардаги - (+99871) 2411691, 2394643, 2410366 телефон рақамларига боғланиб, жавоб ололмади. Шунингдек, вазирликнинг ягона ишонч телефони, деб тақдим қилинган - +998 (71) 239-47-95 рақамидан ҳам бирор расмий жавоб олишнинг имкони бўлмади. Вазирлик матбуот котиби Фурқат Санаев эса Озодлик мурожаатларини жавобсиз қолдирмоқда.

Озодликдаги ҳужжатларда профпатологнинг исми келтирилмаган. Аммо, расмий манбаларга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош профпатологи, тиббиёт фанлари доктори Муқаддас Ҳамроқуловадир.

Маълум бўлишича, М. Ҳамроқулова 8 июнь куни Kun.uz нашрига интервью берган ва унда: " Бизга ҳужжатлари билан мурожаат қилган тиббиёт ходимларининг касаллик тарихлари ўрганиб чиқилганда, уларда даволанганларидан сўнг вирус аниқланмагани ва касаллик асорат қолдирмагани аниқланди", деб жавоб берган.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш ишларига турли манзиллар – санаторий, карантин марказлари, маҳаллалардаги профилактика ва уй карантинига олинганлар билан ишлаш жараёнига жалб қилинган тиббиёт ходимларидан уларга президент қарори билан ваъда қилинган иш ҳақи ва рағбат тўловлари берилмаётгани ҳақида кўплаб шикоятлар келишда давом этмоқда.

Шу пайтгача, барча ходимларига коронавирусга қарши кураш доирасидаги ҳар бир иш куни учун 6 фоизлик устама тўлов тўланмоқда, холос. Аммо, расмийлар президент қарорида кўзда тутилган рағбатлантириш тўловларини тўлаб бермаётгани сабабини очиқ изоҳламаётган эдилар.

Ваҳоланки, президент қарорида бу тўловлар коронавирусга қарши кураш тадбирлари пайтида касалликни юқтириб олганлар ва касаллик оғир кечган тиббиёт ходимларини назарда тутади. Президент қарорида, COVID-19 инфекциясини юқтириб олганларга рағбат пулларининг берилиши профпатолог хулосаси билан тасдиқланиши лозимлиги ва умуман, бу касалликни касб касалликлари сирасида бўлиши шартлиги ҳақида ҳеч нима дейилмаган.

XS
SM
MD
LG