Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:47

Ўзбекистон қозоқ-ўзбек чегарасида йиғилиб қолган 2000 га яқин муҳожирни ватанига киритди


Қозоқ-ўзбек чегарасида йиғилиб қолган ўзбекистонлик ва тожикистонлик муҳожирлар, 2020 йил 3 июли.
Қозоқ-ўзбек чегарасида йиғилиб қолган ўзбекистонлик ва тожикистонлик муҳожирлар, 2020 йил 3 июли.

Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Сариоғоч туманидаги коронавирус пандемияси туфайли ёпилган “Жибек жўли” чегара маскани яқинида ўтган ҳафтадан бери юртига қайтиш илинжида турган икки минг чоғли ўзбекистонлик муҳожир 9 июлга ўтар кечаси чегарадан ўтди. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизматига 9 июль куни Сариоғоч тумани ҳокими Мухит Ўтаршиев маълум қилди.

Куни кеча туман расмийлари “Жибек жўли” пости яқинидаги муҳожирлар сони 3 мингга етганини билдиргандилар.

Ўтган ҳафта эса чегара маскани олдида Қозоғистонга пул топиш учун келган ўзбекистонлик ва тожикистонликлар йиғилиб қолгани, чегара ёпиқлиги туфайли улар уйларига қайта олмаётгани ҳақида хабар қилинганди.

Коронавирус тарқалиши важидан март ойидан бери чегараларини ёпиб олган Ўзбекистон карантин марказларида жой йўқлиги сабабли назорат-ўтказиш масканида турганларни ичкарига қўймаётган эди.

Мухит Ўтаршиевнинг Азаттиққа (Озодликнинг қозоқ хизмати) айтишича, 8 июль оқшомида чегара маскани яқинидаги автовокзалда 3400 чоғли муҳожир йиғилиб қолган. Тунда улардан 2 мингга яқини Ўзбекистон чегарасидан ўтган. Бундан ташқари, ҳокимга кўра, яна 500 кишининг чегарадан ўтишига рухсат берилган.

Бу 500 кишини чегарадан ўтказиш бошланди. Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси кечгача бу ерда юрган ўзбекистонликларнинг барчаси ватанига қайтишига ваъда берди. Айни пайтда автовокзал ҳудудида 900 дан зиёд одам қоляпти. Ўзбекистонлик муҳожирлар чегарага келишда давом этмоқда”, деди Ўтаршиев.

Тожикистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси вакиллари Азаттиққа 9 июль куни “Жибек жўли” чегара маскани олдида “элликка яқин” тожикистонлик қолаётганини маълум қилган.

Коронавирус пандемияси туфайли Ўзбекистон март ойида ўз чегараларини ёпиб қўйгани ортидан қўшни давлат ватандошлари ҳам мамлакат ҳудуди орқали ўз юртларига қайта олмай қолган. Натижада юзлаб тожикистонлик бир неча ҳафта мобайнида йўл очилишини кутиб, чегара яқинидаги автовокзалда яшашга мажбур бўлганди.

Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида аксариятини тожикистонлик ва ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ташкил этган мингдан зиёд одам йиғилиб қолгани ҳақида Озодлик ўтган ҳафта хабар қилган.

Кундузлари бу ерда қуёш куйдиради, тунлари эса совуқ. Ерларда ётишга мажбур бўляпмиз, одам кўп, жой йўқ, егулик олиб ейишга пулимиз ҳам йўқ”, дейишганди чегара маскани яқинидаги автовокзалга йиғилган муҳожирлар Азаттиқ мухбирига.

Ундан аввал, аниқроғи 19 июнь куни Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) 635 нафар тожикистонлик 14 та автобусда “Жибек жўли” назорат-ўтказиш масканини тарк этганини маълум қилганди.

ХМТ маълумотига кўра, йўловчиларнинг қарийб 15 фоизи хотин-қизлардан иборат бўлган. Мазкур сафарни ХМТ Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон расмийлари билан келишган ҳолда уюштирган.

XS
SM
MD
LG