Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:14

Банкротлик ëқасидаги ëш тадбиркор президентдан соғломлаштириш марказлари ишига рухсат беришни сўради(ВИДЕО)


Муҳаммаджон Ҳамидов яқин келажакда ўз фаолиятига рухсат берилмаса¸ кичик тадбиркор сифатида синиши муқаррарлигини айтмоқда.
Муҳаммаджон Ҳамидов яқин келажакда ўз фаолиятига рухсат берилмаса¸ кичик тадбиркор сифатида синиши муқаррарлигини айтмоқда.

Тошкентлик 27 яшар тадбиркор Муҳаммаджон Ҳамидов 12 нафар тиббий мутахассис ишлаб келган соғломлаштириш марказининг қарийб тўрт ойдан бери ишламаëтгани ўзи ва ходимлари ҳаëтини ниҳоятда оғир аҳволга солиб қўйганини билдирди.

Шу муносабат билан президентга қилган видеомурожаатида массаж-салон эгаси кескин санитария-эпидемиология талабларига риоя қилган ҳолда¸ бундай хизмат кўрсатиш шохобчаларининг ишлашига рухсат берилишини сўради.

8 июль кунги видеоселектор йиғилишида президент Мирзиëев “тадбиркорлар карантин қоидаларига амал қилишда санитария ва ёнғин хавфсизлиги идоралари томонидан тушунарсиз ва бир-бирига зид талабларга дуч келаëтгани”ни танқид қилди¸ тадбиркорларнинг мурожаат ва таклифлари асосида жорий тартибларни қайта кўриб чиқишни буюрди.

Муҳаммаджон Ҳамидов¸ ҳукумат карантин чекловларини қайта кучайтирган жорий вазиятда¸ агар зудлик билан қайишувчан бизнес ëндашув йўлга қўйилмаса¸ ўзи каби кичик тадбиркорларнинг синиши аниқ бўлиб қолганини айтади.

Банкротлик ëқасида

27 яшар Муҳаммаджон Ҳамидов Тошкент шаҳар Чилонзор туманида жойлашган соғломлаштириш маркази эгаси. Юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган тадбиркор¸ Озодлик билан суҳбатда айтишича¸ қонунда белгиланган каби¸ даромадининг 5 фоизини солиқ сифатида давлатга тўлаб¸ салонида 12 тиббий массаж кўрсатишга квалификацияси бор хизматчини ишлатиб келган.

- 23 мартда ëпилганимиз бўйича¸ ҳали ҳам очилмадик. Бугундан карантин чоралари яна кучайди ва энди бизга йил охиригача очилмаслигимиз мумкинлигини айтишяпти. Салон учун жойни ижарага берган одам¸ ҳозиргача ижара пули сўрамади. Лекин бундан кейин шундай давом этмаслигидан огоҳлантирди. Салонни ишлатиш билан боғлиқ ойлик харажатларим 2 миллион атрофида. Тўрт ойдан бери бир тийин ҳам даромад қилмадим. Салон очилмаса¸ ижара ҳақини тўлолмай¸ бизнесимни бутунлай ëпишим керак. Вилоятдан келган бешта ишчим кўчада қолиш хавфи остида ҳозир¸ ойлик олмагандан кейин ижарага пул тополмай қолди¸ дейди 10 июль кунги суҳбатда Муҳамммаджон Ҳамидов.

Тадбиркор Озодлик билан суҳбатда¸ ўз салонининг асосан¸ ортопедик муаммолари бор мижозларга хизмат қиладиган тиббий соғломлаштириш маркази эканини алоҳида таъкидлади.

- Афсуски¸ Ўзбекистонда спа салон¸ массаж салон деган ном билан исловотхона очиш ҳолатлари жуда кўп. Шунга кўпчилик¸ бунақа жойларни ëпган бўлса¸ ажаб бўпти¸ дейиши мумкин. Лекин менинг салоним соғломлаштириш маркази ва асосий мижозларим авариядан кейинги проблемалар¸ ëки грижаси учун махсус тиббий массажга эҳтиëжманд одамлар. Улар учун бундай сурункали муолажа жуда муҳим. Икки йил ичида ўз клиентурамга эга бўлгандим. Ҳозир улар ҳам қийналиб кетган¸ телефон қилиб¸ қачон очилишимизни сўрашади. Жавобини ҳеч ким билмайди.

Монополия ва пора иддаоси

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 март кунги махсус қарори билан¸ коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида мамлакат ҳудудидаги “барча кўнгилочар объектлар, шу жумладан тунги клублар, дискотека, ресторан, кафе, ошхона, чойхона, спа ва массаж салонлар, караоке, бильярд заллари, чилим (кальян) марказлари ва компьютер ўйинлари хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик фаолияти тўхтатилди”.

15 июндан бошлаб¸ эпидемия вазиятини баҳолашда мамлакат қизил¸ сариқ ва яшил ҳудудларга ажратилиб¸ сариқ ва яшил зонага кирган шаҳарларда тақиқланган хизматларнинг қайта бошланишига рухсат берилди. Спа ва массаж салонлари рухсат берилган хизматлар рўйхатига кирилмади.

Муҳаммаджон Ҳамидовнинг айтишича¸ бундай тақиққа қарамай¸ Тошкент шаҳрида камида бешта спа салони карантин даврида ҳам хизматини давом эттирган.

-Буларнинг орқасида катта одамлар турипти. Бу соҳанинг ўз монополистлари бор. Менга ўтган ҳафта биттаси чиқиб¸ 1000 доллар берсанг¸ СЭСдан рухсатнома олиб бераман¸ деди. Демак¸ салонни бошқача регистрация қилиб¸ ишлатиш мумкин ва ишлатишаяпти ҳам. Бу ерда айрим ваколатли идоралар учун мақсад¸ эпидемияни тўхтатиш эмас¸ шу баҳона пора олиб қолишга ўхшаяпти.

(Ҳамидов¸ Тошкентда карантин даврида очиқ фаолият кўрсатиб келаëтганини иддао қилган спа салонлар номлари ва манзилларини тилга олди. Ҳозирча бу иддаони мустақил текшириш имкони бўлмагани боис¸ бу салонлар номи эълон қилинмаëтир.)

Президентга видеомурожаат

8 июль куни президент Шавкат Мирзиëев кичик бизнес ва тадбиркорларнинг пандемия давридаги оғир вазияти ҳақида яна бир махсус йиғилиш ўтказди.

Бу ҳақда хабар берган президент матбуот хизматининг ëзишича¸ мажлисда Мирзиëев тадбиркорлар карантин қоидаларига амал қилишда санитария ва ёнғин хавфсизлиги идоралари томонидан тушунарсиз ва бир-бирига зид талабларга дуч келаëтганини танқид қилган¸ тегишли идораларга тадбиркорларнинг мурожаат ва таклифлари асосида жорий тартибларни қайта кўриб чиқишни буюрган.

“Президент пандемия даврида мен каби кичик тадбиркорларни синиб кетишдан асраб қолмоқчи” деб ишонган Муҳаммаджон Ҳамидов¸ ана шу ишонч турткисида шахсан президентга видеомурожаат қилишга қарор берганини айтади.

-Мен каби бу соҳада ҳалол ва профессионал хизмат кўрсатаëтганларни банкротликдан сақлаб қолишнинг бирдан-бир йўли фаолиятимизга рухсат беришдир. Бўлмаса¸ ишсиз ва оч қоламиз¸ камбағаллар сафига қўшиламиз. Шахсан мен¸ ҳозирги шароитда кескин санитария талаблари асосида ишлаш учун даромадимнинг маълум қисмини сарфлашга тайëрман. Мижозларнинг температурасини ўлчаш¸ уларга махсус маска ва қўлқопда хизмат кўрсатиш¸ ҳатто салонимда коронавирус чиққан тақдирда¸ жарима тўлашга ҳам розиман. Ишлашимга рухсат беришса бўлди. Чунки ўзим ва хизматчиларим бошқа тирикчилик манбаига эга эмас. Қолаверса¸ бу салонни ишга тушириш учун бор пулимни инвестиция қилганман. Бошқа бизнес очиш учун пулим йўқ.

Ëш тадбиркор Муҳаммаджон Ҳамидов мурожаати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:13 0:00

Озодлик ëш тадбиркорнинг бу мурожаатида қўйилган таклифларнинг жорий эпидемиологик вазиятда қабул қилиниш эҳтимоли бор-йўқлигини ўрганиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасига бу вазият бўйича йўриқнома берадиган Санитария-эпидемиологик осойишталик бошқармасига қўнғироқ қилди.

Пандемиянинг бошланғич даврида жамоатчилик ва матбуот учун нисбатан очилган бу тизимнинг интернетда мавжуд телефон рақамларига боғланишнинг имкони бўлмади. Барча қўнғироқларга ўзбек¸ рус ва инглиз тилларида “ҳозирги вақтда абонент жавоб бера олмайди” деган автоматик аудиоëзув жавоб берди¸ холос.

XS
SM
MD
LG