Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:28

Коронавирус тести якуний натижасини чиқарадиган СЭОАнинг ўнлаб ходими касалга чалинди


Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг бир неча ўн ходими Covid-19 ташхиси билан касалхонага ётқизилди.

Бу ҳақда Озодликка агентликнинг касалга чалинган ходимлари хабар қилди. Озодлик касалхонага ётқизилган ходимлардан тўрт нафари билан гаплашди. Улар Covid-19 га чалинганини тасдиқлади.

Республика ихтисослашган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази (Семашко) масъули ҳам Агентликнинг Covid-19 аниқланган ходимлари даволаниш учун марказга олиб келинаётганини тасдиқлади.

Агентлик матбуот хизмати раҳбари бу маълумотни инкор қилди. Унинг айтишича, ходимлар уйидан ишламоқда.

Айни пайтда Ўзбекистонда Covid-19 бўйича тест натижасини аниқлашга масъул ушбу агентликдаги аҳвол мамлакатдаги вазиятни издан чиқариши мумкинлигидан хавотирлар ҳам мавжуд.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг Озодликка боғланган ходими идорадаги ўнлаб ҳамкасби Covid-19 ташхиси билан касалхонага ётқизилганини хабар қилди:

“Агентликнинг Марказий аппаратидан жуда кўпчилик Covid-19 ташхиси билан Семашко касалхонасига ётқизилди. Семашко Covid-19 тасдиқланган беморлар учун касалхонага айлантирилган. Идорада хаос, бошқарув аппаратида деярли ҳеч ким қолмаган. Ҳаммаси касалхонада”.

Хавфсизлигини ўйлаб исмини очиқламасликни сўраган агентлик ходими ўз ҳисоб-китобларига таяниб, иддао қилишича, бир неча ўн ҳамкасби касалхонага ётқизилган:

“Бу рақам ҳар куни ошяпти. Кечанинг ўзида 4 киши касалхонага ётди. Агентлик тўла ишламаётганига 10 кундан ошди. Марказий аппарат ёпиқ десам ҳам бўлади. Де факто агентликда 6 киши қолган. Улар ҳам чемодан кайфиятида”.

Агентликнинг матбуот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Бозоров Озодлик билан суҳбатда идора ходимларида ёппасига Covid-19 аниқлангани ҳақидаги хабарни инкор қилди.

Бозоров ходимлар асосан, уйдан ишлаётган бўлгани учун шундай хабар тарқалган бўлиши мумкинлигини айтди.

Шунингдек, Бозоров Республика ихтисослашган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази (Семашко)да агентликнинг икки ходими ётгани, бироқ уларда Covid-19 аниқланмаганини таъкидлади.

Айни пайтда Озодлик агентликнинг Covid-19 ташхиси билан касалхона (Семашко)га ётқизилган ўндан зиёд ходимининг исм-фамилияси ва телефон рақамини аниқлашга муваффақ бўлди. Озодлик мухбири улардан тўрт нафари билан телефон орқали боғланганида, тўртталаси ҳам Covid-19 ташхиси билан касалхонага ётқизилганини тасдиқлади.

“Менда ковид топишди. Бир неча кундан бери Семашкода ётибман. Касалхонада идорамиздан қанча одам борлигини билмадим. Кўпчилик ётибмиз. Аниқ сонини билмадим”, деди исмини очиқламаётганимиз агентлик ходими.

Озодлик Республика ихтисослашган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази масъули Агентликнинг касаллик аниқланган ходимлари даволаниш учун марказга олиб келинганини тасдиқлади:

“СЭСдан келганлар бизда. Лекин аниқ сонини ҳозир сизга айта олмайман. Бунинг учун дафтарга қарашим керак”

Агентлик ходимларидан бирининг Озодликка айтишича, Covid-19 касаллигини аниқлаш бўйича якуний хулосани бериш учун масъул идора ҳисобланган мазкур агентликдаги аҳвол мамлакатдаги вазиятни издан чиқариши мумкин:

“Мамлакатнинг турли бурчакларида ўтказилган Covid-19 тестлари мусбат чиққан тақдирда, улар бизнинг агентлик текширувидан сўнггина расман эълон қилинади. Қаерда мусбат тест аниқланса, махсус машиналарда агентликка етказилади ва текширилгач, натижаси эълон қилинади. Шунинг учун ҳам одамлар тест жавобини узоқ кутишига тўғри келади. Агентликдаги ҳар бир компьютер олдида ДХХ ва ИИБдан биттадан ходим бириктирилган. Ишимиз кескин назорат остида. Кўпчилик президент ваъда қилган мукофот пулини олиш учун дам олишсиз ишлашга мажбур бўлди. Аксар ходимлар вирусологияга алоқаси бўлмаса ҳам мукофот пули учун таниш-билиш қилиб, жойлашиб олди. Оқибатда кўпчилик касалликни юқтирди. Ҳозир агентлик деярли бошқарувсиз қолди. Ҳар ким ўз билганича ишлаяпти. Кадрлар етишмаяпти. Бу мамлакатдаги вазиятнинг кескинлашувига олиб келиши мумкин”.

P.S. Мақола эълон қилиниши олдидан санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ходимларидан қўшимча хабар келди: Семашкода ётган агентлик ходимларидан 28 нафарининг аҳволи ўртача оғирликда бўлгани учун касалхонада қолади, бошқалари эса уй шароитида даволанишга ўтказиляпти.

XS
SM
MD
LG