Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:59

Янги эксперимент: Ўқувчилари университетга кирмаган мактабларда ойлик 50 фоизгача кесилиши мумкин!


Наманган Халқ таълими бошқармаси мудири Ваҳобжон Ражапов мактаб ўқитувчиларини ойлик тўлашнинг янги тартиби жорий қилинишидан огоҳлантирди.

Ташаббускори президент Мирзиëев экани айтилган янги рейтингга кўра¸ мактаблар битирувчисининг ўқишга кирган-кирмаганига қараб¸ қизил¸ сариқ ва яшил тоифага бўлинади.

Наманган ХТБ раҳбари ўз тасарруфидаги муассасаларга жўнатган хатда ëзилишича¸ “қизил”¸ ëки битирувчилари олийгоҳларга кам кирган мактаб ўқитувчилари қонунчиликда белгиланган ойлигининг фақат 50 фоизини¸ “сариқ мактаб” ўқитувчилари 75 фоизни¸ фақат “яшил” деб топилган мактаб ўқитувчиларигина 100 фоизини олади.

Наманган вилоят Халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати Озодликка бу хат ҳақиқийлигини тасдиқлади.

Хатга муносабат билдирган Халқ таълими вазирлиги эса¸ олий ўқув юртига кириш бўйича мактаблар рейтингини тузиш ташаббуси анчадан бери муҳокама қилинаëтгани¸ яқинда бу ҳақдаги қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилишини билдирди.

"ОГОҲЛАНТИРИШ ХАТИ"

Озодликка 13 июль куни Наманган халқ таълими тизимида ишловчи маҳаллий мулозим томонидан юборилган ҳужжат “Таълим муассасалари биритувчиларини олий таълим муассасаларига қамраб олиш¸ бандлигини таъминлаш бўйича ОГОҲЛАНТИРИШ ХАТИ” (айнан катта ҳарфлар билан - таҳр.) деб номланган.

Таълим бошқармаси тасарруфидаги барча ташкилотлар¸ хусусан¸ мактаб директорларига 9 июль санаси билан юборилган бу хатга Наманган вилоят Халқ таълими бошқармаси раҳбари В.Ражапов қўл қўйган.

Хат бошида 8 июль куни тадбиркорликни ривожлантириш ва бюджет тушумларини таъминлаш масаласида ўтказилган видеоселекторда президентнинг таълим тизимини танқид қилгани эслатилади.

Хат мазмунидан мактабларни битирувчиларининг университетга кириш даражасига қараб баҳолаш ва ўқитувчи ойлигини шу рейтингга боғлаш ташаббусчиси президент экани тушунилади.

Хатнинг биринчи бандида жумладан:

- Умумий ўрта таълим мактаблари битирувчиларини олий таълим муассасаларига кириши бўйича алоҳида рейтинг ишлаб чиқилади: (Олий таълимга кириш кўрсаткичи бўйича рангга ажратилади.)

1) Қизил мактаб – 50% ойлик олади;

2) Сариқ мактаб – 75 % ойлик олади;

3) Яшил мактаб – 100 % ойлик олади¸ қўшимча устама қўшиб берилади¸ деб ëзилган.

Хатда мактаб раҳбарларига ўқитувчиларнинг кейинги уч йил давомида “қишлоқ хўжалиги¸ кўча супуриш¸ пилла тозалаш” каби мажбурий меҳнатдан озод қилингани эслатилиб¸ таълим сифатига уларнинг шахсан жавобгар қилиб белгилангани айтилади.

Хат контекстидан бу эслатманинг ҳам¸ президент гапларига асослангани тушунилади.

Хат ниҳоясида ўқитувчилар олий ўқув юртига бормаган ëки кира олмаган ҳар бир битирувчи билан алоҳида ишлаш ва уларни иш билан таъминлаш масъулияти ўзига қаттиқ топширилганидан огоҳлантирилади.

Наманган ХТБ хатнинг ҳақиқийлиги ва президент ташаббуси ижроси эканини тасдиқлади

Озодлик Ражапов имзоси билан тарқатилган “Огоҳлантириш хати” моҳиятини изоҳлаш мақсадида Наманган вилояти Халқ таълими бошқармаси раҳбари қабулхонаси билан боғланди.

Раҳбар қабулхонаси телефонига жавоб берган мулозим¸ аввалига бу хатнинг “сохта” эканини иддао қилди ва расмий жавобни бошқарманинг матбуот учун масъулидан олишни тавсия қилди.

Озодликнинг бу хат ҳақиқий ëки сохталиги¸ ҳақиқий бўлса¸ унинг қайси асосда қабул қилинганига оид саволларига бошқарма Ахборот хизмати юборган расмий жавобда ҳам¸ огоҳлантириш хатининг президент Мирзиëев “белгилаб берган вазифалар” ижроси экани таъкидланди.

Мазкур материал (“Огоҳлантириш хати” назарда тутилмоқда -таҳр.) юзасидан маълум қиламизки, Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидан келиб чиқиб, таълим тизимидаги ислоҳотларни амалга татбиқ қилишда фаол иштирок этиш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, битирувчи ёшларни олий ўқув юртларига қамраб олиш ва бандлигини таъминлаш юзасидан шаҳар ва туманлар халқ таълими бўлимлари мудирларига галдаги вазифалар етказилган. Ушбу вазифалар давр шиддатидан келиб чиқиб, таълим сифати ва самарадорликни оширишга янгича ёндашувлар билан боғлиқ жиҳатларни қамраб олган бўлиб, келгусида умумтаълим мактабларининг рейтинг кўрсаткичлари натижалар асосида белгиланиши кўрсатилган.

Бу ўз навбатида таълим муассасалари раҳбарларининг фаолиятга янада жиддий ёндашувига эришиш ва масъулиятини оширишга қаратилган.

Мазкур топшириқ пандемия даврида карантин чора-тадбирлари кучайтирилганидан келиб чиқиб, оғзаки равишда жойларга етказилгани ҳамда таълим истиқболи ва ёшлар камоли билан боғлиқ долзарб вазифаларни қамраб олганлиги билдирилади”¸ дейилади Озодликка йўлланган расмий жавобда.

Халқ таълими вазирлиги нима дейди?

Озодлик Наманган вилоят Халқ таълими бошқармаси раҳбари юборган огоҳлантиришнинг бутун республика кўламига кўчган-кўчмагани¸ айни пайтда¸ бундай “ташаббус”нинг қанчалик қонунийлигига изоҳ сўраб Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилди.

Вазирлик Ахборот хизмати мулозими Наманган Халқ таълими бошқармаси раҳбари юборган хатни яқинда муҳокамага қўйиладиган қарор лойиҳаси бўйича “олдиндан бошланган ҳаракат” деб баҳолади.

Давлатимиз Раҳбари томонидан яхши мактаб директорларини рағбатлантириш ва масъулиятсизларига чора кўриш вазифаси белгиланган. Уларнинг фаолияти натижаси кўрсаткичларидан бири бу битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи.

Мазкур чоралар мактаб битирувчиларини олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичларини юқори даражага кўтариш, ОТМга бормаган ва кира олмаган ўқувчилар билан алоҳида иш ташкил қилиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш чораси кўрилишини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.

Ушбу йўналишда тегишли қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда ва у ҳам умумхалқ муҳокамасига қўйилади. Қарордаги чоралар ушбу хатдагидан фарқ қилиши мумкин, албатта. Вилоят бошқармаси мактаб директорларини аввалдан тайёргарлик кўришлари учун уларга огоҳлантириш сифатида хат юборган”¸ дейилади вазирлик расмий баëнотида.

Вазирлик расмийси¸ мактабларнинг қизил¸ сариқ ва яшилга ажратилиш мезонлари ишлаб чиқиш босқичида бўлгани боис¸ унга аниқлик киритишга ҳали эрта эканини билдирди.

Вазирликнинг айнан иш ҳақлари учун масъул мутахассисларидан бири¸ ўқитувчининг ойлиги қонунчилик нормалари асосида белгилангани ва унга янги рейтингга қараб ўзгартиш киритиш учун¸ авваламбор қонунчиликка ўзгартиш киритилиши лозимлигини таъкидлади.

Акс ҳолда¸ ўқитувчининг ойлигини фалонча ўқувчинг университетга кирмади¸ деб кесиб қўйиш қонунчиликка зид ҳаракат бўлади”¸ деди бу мутахассис.

Озодлик 13 июль куни Меҳнат¸ қолаверса¸ Адлия вазирлиги мутахассисларидан президент илгари сургани айтилаëтган бундай ташаббуснинг маҳаллий ва халқаро қонунчиликка қанчалик мос экани ҳақида изоҳ олишга муваффақ бўлмади.

Ўқитувчилар нима дейди?

Озодликка Наманган вилоятидаги мактаб директорларига юборилган "Огоҳлантириш хати” нусхасини юборган ўқитувчи¸ унга шундай муносабат билдирди.

Бу ўқитувчининг ойлигини оширдик¸ хоҳлаганча унинг устидан куламиз¸ деганими?! Бу нарса қайси қонунчиликка асосан қилиняпти?! Институтга кирмайман деган болани қандай қилиб зўрлаш мумкин?!”

Наманган вилоятида бошланган ташаббусга муносабат билдирган тошкентлик ўқитувчи эса бу ташаббусни “таълим тизими устида бошланган яна бир маънисиз эксперимент” деб атади.

Ҳозиргача кураторлар битирувчиларини ишга жойлаш учун масъул эди. Ҳамма ëқ сохта ҳисобот¸ сохта справкаларга тўлиб кетган. Энди битирувчисининг университетга кириш-кирмаслиги учун ҳам ўқитувчини жавобгар қилиш¸ бориб турган абсурдку! Ўқишга қизиққани бор¸ қизиқмагани бор. Ҳаммани мажбурлаб университетга тиқиш ишсизликка оид кўрсаткични бир неча йилга камайтириш учун қилиняпти шекилли. Чет элга дипломли мардикор тайëрлаб бериш ташаббуси деб қабул қилиш керак буни ”.

Халқ таълими вазирлиги сайтида келтирилган рақамларга кўра¸ 2019-2020 ўқув йилида мамлакатдаги 9942 та мактабда 6 119 440 нафар бола ўқиган.

Жорий ўқув йилида умумий ўрта таълим муассасаларининг 11-синфини 451 053 нафар ўқувчи битириб чиққан.

Президентнинг жорий йил 13 июнь куни қабул қилган қарорида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари бакалавр йўналишида 139 950 та¸ магистратура йўналишида 10 425 та қилиб белгиланган.

Шавкат Мирзиëев мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш ҳақида бир неча бор гапирган.

Хусусан¸ жорий йилнинг 25 январида Олий Мажлисда қилган йиллик Мурожаатномасида Мирзиëев бу кўрсаткични “2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказамиз”¸ деган.

XS
SM
MD
LG