Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:24

Россиянинг Амур вилоятида пулини ололмаган ўзбек муҳожирлари исён кўтарди


Амур газни қайта ишлаш заводи қурилиши.
Амур газни қайта ишлаш заводи қурилиши.

Амур газни қайта ишлаш заводи қурилишида ишлаётган ўзбекистонлик муҳожирлар ойлик маош тўланмагани важидан оммавий тартибсизликлар келтириб чиқаришган, ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитасининг Амур вилояти бўйича тергов бошқармаси сайтида маълум қилинди.

Қайд этилишича, норозилик 13 июль куни Амур вилоятининг Свободненск туманидаги Renaissance Heavy Industries ширкатининг вақтинчалик вахта шаҳарчасида чиққан. Патентга тўланган пулни қайтариб олиш бўйича пудратчи ташкилот ишчилари ва унинг раҳбарияти орасида келиб чиққан зиддият оммавий тартибсизликка айланиб кетган.

Лойиҳа буюртмачиси бўлган “Газпром переработка Благовещенск” МЧЖ ТАСС агентлигига офис биноларига шикаст етказилганини маълум қилган. Тўполонда 300 чоғли киши иштирок этган.

“Фарғона” ахборот агентлиги хабарига кўра, ҳодиса видеоёзувида махсус кийим-бошдаги ўнлаб киши тош отаётгани ва офислардаги жиҳозларни синдираётгани кўринган. Ёзувлардан бирида ОМОН келиб, йиғилганларни тарқатиб юборгани акс этган. Бошқа бир ёзувда эса Росгвардия вакиллари жунбушга келган муҳожирлардан қочаётганини кўриш мумкин.

Ҳодиса юзасидан Россия Жиноят кодексининг 212-моддаси 2-қисми бўйича ("Оммавий тартибсизликларда иштирок этганлик") жиноят иши қўзғатилган. Қурилиш ҳудуди ўраб олинган.

Пудратчи ташкилот ишчиларига ойлик маош тўланмагани бўйича терговгача текширув ташкил этилган.

Ҳодиса жойига ўта муҳим ишларни тергов қилиш бўйича бўлим терговчилари ва тергов бошқармасининг криминалистлари йўлланган. Айни пайтда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси бош консули ҳам ҳодисани ўрганиш ва ўзбекистонликлар ҳуқуқини ҳимоя қилишни таъминлаш учун Амур вилоятига йўл олгани айтилмоқда.

Элчихона вакиллари Facebook тармоғидаги ўз саҳифалари орқали мазкур инцидент ўз назоратлари остида эканини билдирганлар.

XS
SM
MD
LG