Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:55

Озарбайжон-Арманистон чегарасидаги қуролли тўқнашувда 11 ҳарбий нобуд бўлди


Ҳарбий машқларда иштирок этаётган Арманистон аскари. 2020 йил , 16 апрель.
Ҳарбий машқларда иштирок этаётган Арманистон аскари. 2020 йил , 16 апрель.

14 июль куни Озарбайжоннинг Арманистон билан чегарасида уч кундан бери тинчимаётган жангларда 7 нафар озарбайжонлик ҳарбий, жумладан, мамлакат армиясининг генерал-майори ҳамда 4 нафар арманистонлик ҳарбий ҳалок бўлди.

Ҳар икки мамлакат бир-бирини тўқнашувни келтириб чиқарганликда айбламоқда.

14 июль куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги ҳалок бўлганлар орасида армия генерал-майори Полад Қасимов ҳамда полковник Илқар Мирзаевлар борлигини маълум қилди.

Арманистон Мудофаа вазирлиги эса бир нафар майор ва бир нафар капитан ҳалок бўлганини билдирди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Анна Нагдалян чегара яқинидаги Берд шаҳрига Озарбайжон кучлари артиллерия ҳужумини уюштирганини, аммо Арманистон кучлари ҳужум ортида турган Озарбайжон базаларини «яксон қилганини» билдирди.

12 июль куни бошланган тўқнашувларда бугунга қадар умумий ҳисобда 16 нафар ҳарбий ҳалок бўлди.

14 июль куни кеч юзлаб одам Бокуда Озарбайжон армияси ҳамда президент Илҳом Алиевни қўллаб намойишга чиқди.

Аммо акция иштирокчиларининг айримлари Озарбайжон Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Нажмаддин Садиқов истеъфосини талаб қилди.

Бур гуруҳ акция иштирокчиси парламент биноси ичига киришга муваффақ бўлган, аммо тез орада полиция уларни қувиб чиқарган ва бино олдидаги оломонни тарқатиш учун кўзни ёшлантирувчи газ ва тўқмоқларни ишга солган.

Полковник Мирзаевни дафн қилиш маросимида юзлаб Боку турғуни иштирок этди.

13 июль кини Озарбайжон президенти Алиев:

- Арманистоннинг сиёсий ва ҳарбий етакчилари ушбу провокация учун тўлиқ жавоб беради, - деди.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян эса, ўз навбатида, Озарбайжонни провокацияларда айблаб, бу ҳолат «жавобсиз қолмаслигини» таъкидлади.

Озарбайжон ва Арманистон армиялари ўртасида сўнгги йирик қуролли тўқнашув 2016 йил апрелида рўй берганди. Ўшанда ҳар икки тарафдан ўнлаб ҳарбий ҳалок бўлган ёки яраланган. Арманистон билан Озарбайжон 1992 йилдан бери уруш ҳолатида яшаб келмоқда.

13 июль куни Европа Иттифоқи, АҚШ ва Россия ҳар икки тарафни зудлик билан тўқнашувларни тўхтатишга чорлади.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Арманистон ва Озарбайжондаги ҳамкасблари билан телефон орқали суҳбатлашиб, зўравонликларни тўхтатишга чақирди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги тўқнашувлар борасида «жиддий хавотир» изҳор қилиб, улар минтақа барқарорлигига таҳдид солишини билдирди.

АҚШ Давлат департаменти эса ҳар икки тарафни ўт очишни тўхтатишга чорлаб, Тоғли Қорабоғ можаросига тинч ечим топиш учун курашишга чорлади.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш тўқнашувлардан «чуқур хавотирга тушганини» айтиб, Озарбайжон ва Арманистонни зўравонликни ва провокацион риторикани тўхтатишга чақирди.

Тўқнашувлар бошланишидан бир неча кун олдин Озарбайжон президенти Алиев тўхтаб қолган тинчлик музокараларини қоралаб, янги уруш бошланиши мумкинлигини айтган эди.

7 июль куни Алиев музокаралар бирор ечимга етакламаса, Боку уларни тарк этишини айтиб таҳдид солди.

Асосан этник арманлар яшайдиган Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Урушда 30 мингга яқин одам ўлган, минглаб одам кўчиб кетишга мажбур бўлган.

1994 йилдан бери минтақани этник арман қўшинлар бошқариб келади. Боку улар сафларида Арманистон ҳарбийлари борлигини таъкидлаб келади.

Тоғли Қорабоғ мустақиллигини бирорта давлат тан олмаган.

XS
SM
MD
LG