Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:35

“Yurt salohiyati” газетаси мухбирлари ҳужжатларини ИИБ раҳбари тортиб олди. АОКА журналистларни айблади


"Yurt salohiyati" газетаси
"Yurt salohiyati" газетаси

Таҳририяти Самарқанд вилоят, Каттақўрғон туманида жойлашган “Yurt salohiyati” ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳудудий газетаси уч мухбирининг ҳужжатлари ва иш материаллари Бухоро вилоят, Олот тумани ИИБ ходимлари томонидан зўрлик билан тортиб олинди.

Бу ҳақда Озодликка арз қилган журналистларнинг айтишларича, улар Олот туманида карантин қоидаларига риоя қилинмаётгани ҳақида суриштирув олиб бораётган бир пайтда, ИИБга чақиртирилган.

Газетага фаолият юритиш хусусида гувоҳнома берган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бу воқеа юзасидан баёнот бериб, журналистларни агентлик номидан ноқонуний иш кўрганликда айблади.

Олот тумани прокурори бу воқеадан хабари йўқлигини айтди.

“Yurt salohiyati” газетасининг уч нафар мухбири – Элдор Камолов, Умид Муродов ва Шохалил Ҳусановларнинг хизмат гувоҳномалари, иш материаллари ва телефонлари 15 июль куни Олот тумани ИИБ ходимлари томонидан тортиб олинди.

Журналист Элдор Камоловнинг Озодликка айтишича, улар Олот туманидаги карантин вазиятини ўрганиш учун хизмат сафари билан келишган эди:

- Биз карантин пайтида бозорлардаги нарх-наволарнинг сунъий равишда ошишини, санитария ҳолатини ўрганиш мақсадида 10 июль куни келган эдик. Келибоқ, ҳокимликнинг матбуот хизматига учрашдик, Жамил деган ҳоким ўринбосари билан гаплашдик. Туман прокурори Мухтор Мустафаевич суҳбатидан ўтдик. Ишни бошладик. Кеча, 15 июль куни биз яшаб турган хонадонга орган ходимлари келиб, ИИБга таклиф қилишди.

Журналистнинг айтишича, ИИБга боришганидан кейин ҳужжатлар ва телефонлар улардан зўрлик билан тортиб олинган:

Қани гувоҳноманг деб, ҳаммамиздан тортиб олди-да ичкарига олиб кир буларни деди.

- Борсак, Олот тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари Азизжон Ашуров кўчада кутиб турган экан. ИИБ бошлиғи коронавирус бўлиб, карантинда экан. Ўринбосарнинг ўзини маскаси йўқ, қўлқопи йўқ, бизга сенсираб қани гувоҳноманг деб ўшқирди. Кўрсатсак, ҳаммамиздан тортиб олди-да, буларни ичкарига олиб кир, деди. Кирганимиздан кейин телефонларингни бер, деди. Биз бермаймиз, бунда маълумотлар бор, бу шахсий мулкимиз бўлади, 9-модда бўйича журналист суриштируви даврида қўлга киритган ҳужжатлар ва маълумотлар текширилиши мумкин эмас, дедик. Лекин Ашуров менга “по х...й”, мен хоҳлаганимни қиламан, бу менинг территориям деб, тортиб олди. Сенларни гувоҳноманг қалбаки, буни тан олгин, бўлмаса ҳозир пастга олиб тушганимдан кейин чатоқ бўлади, деб бақирди. Биз бошқа индамадик. Соат 11гача ушлаб ўтириб, кейин жавоб беришди”.

Журналист Умид Муродовнинг иддао қилишича, гувоҳномаларни тортиб олиниши улар олиб борган журналистик суриштирув билан боғлиқ:

Булар ҳозир ана шу видеолар чиқиб кетмаслиги учун, бизга тазйиқ ўтказиб, ёлғон туҳматлар билан ҳамма нарсамизни тортиб олишди.

- Биз Ўзбекистонда белгиланган тартибга кўра, суриштирувимизни бошлашдан аввал ҳокимлик, прокуратура, департамент, ҳаммаси билан учрашдик. Гувоҳномаларимизни кўрсатдик, ҳеч қандай савол бўлган йўқ. Кейин вазиятни ўрганишга киришдик. Журналистик холис кўз билан қараганимизда Олот туманидаги вазият жуда аянчли эканлигини кўрдик. Аптекалар, кўп тармоқли поликлиниклар, бозорларда карантин қоидаларига умуман риоя қилинмаяпти. Биз бу ҳолатларни ҳаммасини видеотасмаларга олганмиз. Булар ҳозир ана шу видеолар чиқиб кетмаслиги учун, бизга тазйиқ ўтказиб, ёлғон туҳматлар билан ҳамма нарсамизни тортиб олишди.

“Yurt salohiyati” газетаси бош муҳаррири Равшан Жумаев Олот туман ИИБнинг бу ҳаракатини эркин матбуотни бўғишга қилинган ҳаракат деб баҳолайди:

- Президентимиз ўзлари айтгандилар, жойлардаги вазиятларни мухбирлар бориб ўргансин, деб. Шу асосда, уларни хизмат сафарига жўнатган эдим. Мухбирларимизнинг айтишича, улар туман департаменти бошлиғига қарашли дўкондаги ноқонуний ишларни видеога олгани, ана шу ишларга сабаб бўлган экан. Ҳозир энди мухбирларимига очиқдан очиқ туҳмат қилишяпти, сизлар пул вымогать қилгансизлар деб. Куппа-кундуз куни видеога олаётган мухбир қандай вымогать қилади?

Олот тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари Азизжон Ашуров Озодликнинг қўнғироқларига жавоб бермади.

Олот тумани прокурори Мухтор Муҳаммедов бу воқеадан умуман хабари йўқлигини билдирди.

16 июль куни тушдан кейин Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ўзининг Телеграм каналида бу воқеага муносабат билдириб, шундай деб ёзди:

“Бухоро вилоятининг Олот туманида ўзларини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вакиллари ва “Юрт салоҳияти” газетаси мухбирлари деб таништирган шахслар қўлга олинди.

Аниқланишича, мазкур шахслар Олот туманидаги деҳқон бозори, савдо дўконлари, кафе ва ресторанлар фаолиятига ноқонуний аралашиб, карантин қоидаларига риоя қилиниши юзасидан текширувлар ўтказиб, салбий мақола чиқариш орқали савдо объектини ёптириш, жаримага тортиш ва ташкилот раҳбарини ишдан олиш бўйича таклиф киритиш билан қўрқитган”

АОКА баёнотида айтилишича мухбирларнинг хизмат гувоҳномасида Агентлик номи қонунга зид равишда киритилган:

“Текширув давомида уларнинг ёнидан “Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги” деган сохта ёзув киритилган, давлат герби ва байроғи туширилган хизмат гувоҳномалари, бозор ва савдо дўконларини тасвирга олган қўл телефонлари ва бошқа айрим тегишли ҳужжатлар холислар иштирокида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди. Айни пайтда ушбу шахсларнинг ҳаракатларига қонуний баҳо бериш мақсадида Олот туман ИИБ томонидан дастлабки терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда”.

"Yurt salohiyati" газетасига АОКА Самарқанд вилоят бошқармаси берган гувоҳнома.
"Yurt salohiyati" газетасига АОКА Самарқанд вилоят бошқармаси берган гувоҳнома.

“Yurt salohiyati” газетаси бош муҳаррири Равшан Жумаевнинг айтишича, уларнинг гувоҳномаси агентликнинг Самарқанд вилоят ахборот ва ва оммавий коммуникациялар бошқармаси томонидан берилган.

XS
SM
MD
LG