Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:58

"Ўзэкспомарказ" оғир вазиятга ҳозирланмоқда - COVID-19 беморларини йиғиб-тақсимлайдиган маскан бўлади


"Ўзэкспомарказ" павильонларида ҳозирланган ўринлар, 19 июль, 2020
"Ўзэкспомарказ" павильонларида ҳозирланган ўринлар, 19 июль, 2020

Тошкентнинг Юнусобод туманидаги "Ўзэкспомарказ" павильонлари COVID-19 беморлари келтириладиган 500 ўринлик марказга айлантирилмоқда.

Расмий маълумотга кўра, бу ерга коронавирусга чалингани гумон қилинганлар келтирилади ва аниқ ташхис қўйилгач, шифохоналарга тақсимланади.

Gazeta.uz нашрининг Тошкент шаҳар ҳокимлигидаги манбасига таяниб хабар қилишича, бу шаҳар ҳокими Ж. Ортиқхўжаевнинг ташаббуси ва масканни очишга кетаётган харажатлар "бюджет маблағлари ҳисобидан қопланмайди".

15 июль кунги видеоселекторда президент Ш. Мирзиёев Тошкент шаҳрида коронавирусга қарши курашда йўл қўйган камчиликлари учун шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ҳайфсан эълон қилганди.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг хабар қилишича, 19 июль куни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан "Ўзэкспомарказ"даги тайёргарликни кўздан кечирган.


Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот хизматига таяниб хабар қилинишича, ҳозир павильонларда инфекцияни юқтириб олган беморларни жойлаштириш учун койка-ўринлар жойлаштирилмоқда.

Хабарларда бу масканнинг оғир эҳтимол учун "Б план" шаклида ҳозирланаётгани алоҳида урғуланмоқда.

Бу ерда беморлар касалликдан даволанмайди. "Тез ёрдам"га мурожаат қилган беморлар айни масканга олиб келинади ва тиббиёт ходимлари назорати остида вақтинча сақланиб, биринчи ёрдам кўрсатилади, сўнгра шифохоналарга жўнатилади.

Gazeta.uz нашрининг хабар қилишича, бундай марказни очиш шаҳар ҳокими Ж. Ортиқхўжаевнинг ташаббуси ва бунинг учун кетадиган маблағ бюджетдан олинмайди. Айни пайтда, ҳоким бу ташаббусини қайси маблағлар ҳисобига амалга ошираётгани ҳақида аниқ маълумот берилмади.

Қатор Телеграм каналларида тарқалган видеода павиольонларда тикланаётган ўринлар акс этган:

13 июль куни Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази раҳбари Обид Ҳакимов Тошкентда 16 та касалхона коронавирус беморлари билан тўлгани, жами ўринлар сони эса 3 минг 580 та эканини билдирган эди.

Бир ҳафта муқаддам Зангитота туманида очилган 2 минг ўринлик шифохона ҳам тўлгани расман айтилган.

15 июль куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пандемия билан боғлиқ вазият муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилганди.

Унда президент Шавкат Мирзиёев бу ҳудудларда вазият ачинарли ҳолга келиб қолганини таъкидлаган ва бунинг учун Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳамда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга ҳайфсан эълон қилганди.

19 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда шифохонада қолаётган беморлар сони камида 7 минг 218 нафарни ташкил қилмоқда.

Аммо, Озодликка келаётган маълумотларга кўра, коронавирус инфекциясига чалинган беморлар сони расмий рақамлардан бир неча баробарга кўп бўлиши мумкин.

Аксар ҳудудларда иситмаси борлар тест топшира олмаётгани, уйларига вақтида "Тез ёрдам" хизматлари келмаётагани, тестга таҳлил топширганлар эса жавоби узоқ кутилаётганидан шикоятлар кўпайган.

XS
SM
MD
LG