Линклар

Шошилинч хабар
16 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:23

Тошкентда коронавирусга қарши курашаётган "Тез ёрдам"чилар ҳукуматдан норозилигини билдирди


Шифокорларга кўра, ҳукумат берган ваъдалар бажарилмаяпти.
Шифокорларга кўра, ҳукумат берган ваъдалар бажарилмаяпти.

Тошкентдаги Тез тиббий ёрдам марказининг махсус бригадаси шифокорлари 19 июлда тармоқларда очиқ хат эълон қилиб, унда Covid-19 га қарши курашаётган тиббиётчиларга нисбатан ноҳақлик бўлаётганидан норозилик билдирилди.

Шифокорларга кўра, уларга бўлаётган эътиборсизлик оқибатида коронавирусга чалинаётган ходимлар сони ошиб бормоқда.

Очиқ хатда ёзилишича, 4 ой давомида президент ваъда қилган рағбатлантириш пулларини улар бирор марта олмаган.

Хат муаллифларининг Озодликка айтишича, иш пайти вирусни юқтирган тиббиёт ходимларига ваъда қилинган товон пуллари ҳам берилмаяпти.

Президент Мирзиёев ҳам шифокорлар билан боғлиқ ушбу муаммоларни тан олиб, рағбатлантириш пуллари вақтида берилишига яна бир бор ваъда берди.

Тошкентдаги Тез тиббий ёрдам марказининг 10-махсус бригадаси ходимлари томонидан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган очиқ хатда шифокорлар ўзларига нисбатан бўлаётган ноҳақликларга норозилик билдириб, жумладан бундай деган:

“Ишлаётганимизга 4 ой бўлаяпти. Аммо, рағбатлантириш пули қолиб, гоҳида маошимиз ҳам кечиктириб берилган ҳолатлар бўлди. Шунингдек, ҳар 14 кунда биз — шифокорлар коронавирусга тест топширишимиз керак эди. 4 ой давомида эса биздан атиги бир марта тест олишди. Эҳтимол эпидемияни юқтириб, уни тик оёқда ўтказиб юборгандирмиз, организмимизда унга қарши иммунитет ҳам шаклланиб бўлгандир, бу ёғини билмадик. Ахир биз ҳам инсонмиз, оиламизнинг бағрига боришимиз бор, қачонгача ўзимиздан қўрқиб, хавфсираб, гумонда яшашимиз керак?”.

Озодликка ҳам нусхаси юборилган мактуб тагига "Тошкент шаҳар Тез тиббий ёрдам маркази ходимлари номидан", дейилган, бироқ шифокорлар имзоси қўйилмаган.

28 яшар Бахтиёр ҳам “тез ёрдам"чиларнинг 10-махсус бригадасида 4 ой давомида коронавирусга қарши курашувчилар сафида бўлди.

5 кун аввал ўзи вирусга чалинган Бахтиёр ҳам ҳамкасблари тармоқларда эълон қилган очиқ хатни қўллашини айтади.

- 4 ой ичида навбатчиликка тушган кунларимиз ҳисобланса, бизга президент 14 кунлик иш учун ваъда қилган рағбатлантиришдан 3 марта олишим керак эди. Кейин махсус қарор билан коронавирусга қарши курашаётган шифокорлар ойлигига ҳар ой 6 фоизлик қўшимча қўшилиши лозим эди. Бу пулни ҳам фақат икки ойгина олдик. Кейин иш пайти коронавирус юқтирган шифокорлар учун 100 миллион сўмлик компенсация ҳам ваъда қилинганди. Мен бир тийин ҳам олмадим.

Бахтиёрнинг ҳисоб-китобича, унга 4 ой давомида ҳукумат ваъда қилган жами 177 миллион 200 минг сўмлик пул берилмаган:

  • иш пайти вирус юқтиргани учун 100 миллион сўмлик товон пули;
  • 4 ой давомидаги 75 миллион сўмлик рағбатлантириш пули;
  • ойликка қўшимча 6 фоиз - 2 миллион 200 минг сўм (2 ой учун);

Айни пайтда Бахтиёр нафақат ўзи балки оиласи соғлигидан ҳам хавотирда:

- Ўзим 8 июлда тест топшириб, 14 июль куни уруш-жанжал қилиб, тест жавобини топтирдим. Тест мусбат чиқди, 15 июль куни касалхонага ётқизишди. Оиламни ҳам таниш-билиш қилиб, зўрға тест қилдирдим. 6 кун бўлди, тест жавоби чиққани йўқ. Икки яшар қизим ва хотинимнинг маззаси йўқ, уйда ётибди.

Бахтиёрнинг айтишича, кейинги икки ой ичида у ва ҳамкасблари ҳукумат ваъда қилган пулни олиш учун турли ташкилотларга мурожаат қилган, бироқ натижа бўлмаган:

- Прокуратурага, Омбудсманга, порталга ёздик. Турли газеталарга мурожаат қилдик. Ҳеч қандай натижа бўлмади. Аввал порталга ёзилган шикоятлар текшириларди. Ҳозир эса умуман эътибор ҳам қилишмайди. Биз ўз ҳаққимизни сўраяпмиз. Ўз жонимизни рискка қўйиб, 4 ой ишладик. Кейин шифокорларни ҳимоялашни ҳам йўлга қўйиш керак. Улардан тез-тез тест олиш керак. Акс ҳолда шифокорларнинг ўзи тарқатувчи бўлиб қолиши мумкин. Бир кунда нечта бемор билан учрашамиз, уларга юқтириш хавфимиз каттаку, агар ўзимизда вирус бўлса.

Бахтиёр Озодлик билан суҳбат давомида “тез ёрдам” машиналарининг вақтида етиб бормаётгани сабаби ва аҳоли орасида коронавирусга оид тарқалган ваҳималарда асос борлигини ҳам айтди. Бу ҳақда у билан суҳбатда тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:31 0:00
Бевосита линк

Озодлик мухбири Тошкентдаги Тез тиббий ёрдам марказига боғланиб, 10-махсус бригада ходимлари шикояти борасида сўради.

Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган марказ мулозими бу муаммони ечишни сўраб, Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилишгани, бироқ натижа бўлмаганини айтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан бу борада бирор изоҳ олиш имкони бўлмади.

Кейинги кунларда Озодликка шифокорлар томонидан бўлаётган норозилик шикоятлари сони кўпаётгани кузатилмоқда.

Жумладан, пойтахтнинг Юнусобод туманидаги касалхоналардан бирининг ходимлари томонидан Озодликка бўлган мурожаатда ҳам юқорида Бахтиёр тилга олган муаммолар айтилган.

“Биз жонимизни хавфга қўйиб ишлашни истамаяпмиз. Коронавирус бошланганидан бери ойликдан бошқа нарса беришмади. На рағбатлантириш ва на ойликка қўшимча 6 фоизлик қўшимча. Кўпчилик турли баҳона билан уйида ўтирибди. Айниқса, ҳамкасбларимиз орасидаги ёш қизларни ота-оналари ишлашига рухсат бермаяпти. Ишдаги шифокорлар бир неча одамнинг нагрузкасини олиб ишлаяпти. Лекин ойлик ўша-ўша. Тиббиёт ходимларининг асаби чарчади. Бу кетишда узоққа борилмайди”, деди исми очиқланмаслигини сўраган шифокор йигит.

Сўнгги пайтда тармоқларда ҳам ўзбек шифокорларининг норозиликлари ошиб бораётганини кўриш мумкин.

Ўзини тиббиёт ходими деб таништирган аёл Фейсбук тармоғи орқали жонли чиқишлар қилиб, тиббиёт соҳасидаги камчиликларни очиқча гапирди:

Айни пайтда президент Мирзиёев тиббиёт соҳасида юзага келган муаммолар, жумладан, соҳа ходимлари билан боғлиқ вазият ачинарли эканини тан олди.

15 июль куни ўтган йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ҳайфсан эълон қилинди. Шаҳар ва вилоятнинг барча сектор раҳбарлари жиддий огоҳлантирилди.

19 июль куни президент Мирзиёев коронавирусга чалинган беморлар билан ишлаётган ҳар бир махсус шифохонада алоҳида тижорат банкининг кассалари ташкил қилиниб, шифокорларнинг 14 кунлик иш хақини жойида олиш тизими жорий этилишига ваъда берди.

20 июль куни эса "тез ёрдам" ходимларини рағбатлантиришга оид махсус қарор қабул қилиниб, ойликка қўшимча 6 фоиз ўрнига 2,5 миллион сўмдан рағбатлантириш белгиланди.

Эндиликда нормативга қўшимча равишда кечаю-кундуз навбатчилик қиладиган 1 нафар тиббиёт ходими ва 1 нафар ҳайдовчидан иборат мобил тез тиббий ёрдам бригадалари ташкил этилади.

XS
SM
MD
LG