Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:45

Туркманистон коронавирус йўқлигини иддао қилишда давом этар экан, бунинг аксини кўрсатувчи далил кўпайиб бормоқда


Туркманистон ҳукумати бугунга қадар бирорта туркманистонлик коронавирусга чалинмаганини иддао қилмоқда. Аммо мамлакатдаги кўплаб манбалар вазият аслида бошқача эканлигини айтмоқда.

Озодликнинг Туркман хизматига интервью берган икки ашхободлик пойтахт шифохоналари бирининг реанимация бўлимида ҳар куни ўнлаб одам ўлаётганини, бошқа бир шифохонада мурдаларни ўраш учун ишлатиладиган пластик қоплар тугагани учун майитлар хлорли аралашмада ивитилган матога ўралаётганини айтди.

Ашхободликларнинг бири коронавирус инфекциясини юқтириб, шифохонада даволангани ва шифохонада кузатганлари ҳақида шундай деди:

- COVID-19га чалинган одамларни ҳар куни олиб келишяпти. Тинмай одам келяпти. Шифохона беморларга тўлиб кетган. Ҳаммасига пневмония ташхиси қўйилган.

Ашхободликнинг сўзларига кўра, вафот этганлар жасадларини мурдахонага олиб бориш учун транспорт воситалари етишмаяпти.

Мурдаларни ўраш учун ишлатиладиган пластик қоплар етишмовчилиги ҳақида Озодликнинг Ашхободдаги мухбири хабар қилди. Унинг сўзларига кўра, пластик қоп топилган ҳолатларда ҳалок бўлган беморнинг оила аъзолари уни очмаслик ҳақида огоҳлантирилмоқда.

Ашхободдаги яна бир мухбир эса коронавирус аломатлари билан шифохонага ётқизилган камида 20 киши ҳақида билишини хабар қилди.

Озодликнинг мухбирларидан бири Ашхободда беморлар сони жуда кўп бўлгани учун маҳаллий болалар шифохоналарининг бирида коронавирус аломатлари мавжуд беморлар даволанаётганини айтди.

Озодликнинг Туркманобод шаҳридаги мухбири шаҳарда вазият оғир эканлигини хабар қилди. Унинг сўзларига кўра, шаҳардаги умумий шифохонадаги 700 ўриннинг ҳаммаси тўлган.

Туркманобод Лебап вилоятининг пойтахти бўлиб, 20 июль куни Turkmen.news нашри вилоятдаги Фарён тумани ҳокими Ҳасан Меткулиев пневмония туфайли қазо қилганини хабар қилган эди. Озодлик Меткулиев қазо қилганини тасдиқлашга муваффақ бўлди. Унинг рафиқаси ва ҳоким ўринбосари эса шифохонага ётқизилган.

Хабарларга кўра, Туркманистоннинг нефть ва газ саноатларини назорат қилиб келган расмий Ягшигелди Какаев ҳам 8 июль куни пневмониядан ўлган.

Туркиялик дипломат Кемал Учкун ҳам Ашхободдаги шифохонада ўлди. Расмий манбалар дипломат юрак хуружидан ўлганини билдирган бўлса-да, касалхонага ётқизилганда унда ҳароратнинг кўтарилиши, нафас сиқилиши ва йўтал каби ҳолатлар кузатилган.

Бу орада президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг поччаси Анназаро Режепов пневмониядан ўлгани, Бердимуҳамедовнинг синглиси ва Режеповнинг рафиқаси Дурдинабат оғир касал эканлиги хабар қилинди.

Июль бошида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари Туркманистондаги эпидемиологик вазиятни баҳолаш учун мамлакатга хизмат сафари билан борди. Ташкилот ходимлари Туркманистонда коронавирус йўқлиги ҳақидаги иддаоларга зид ҳеч нимани кўрмаганини билдирди, аммо уларнинг ташрифи бир ойга кечиктирилгани кузатувчилар эътиборидан четда қолмади. Улар бу вақт ичида Туркманистон расмийлари ташкилот ходимлари киритиладиган иншоотларни тайёрлаганини тахмин қилмоқдалар.

Юқорида тилга олинган ҳолатлар расмийларнинг раддияларига қарамасдан, Туркманистонда коронавирус тарқалаётганини кўрсатувчи далиллар талай эканлигини кўрсатади. Бугунга қадар жуда кўплаб туркманистонлик, жумладан, тиббиёт ходимлари исмини ошкор қилмаслик шарти билан хориж нашрларига мамлакатдаги вазият ҳақида сўзлаб берди.

Кузатувчилар Туркманистон ҳукуматининг раддиясидан мақсад нима эканлигини тушуна олмаяпти. Worldometers.info сайтига кўра, бугунга қадар пандемия 213 давлат ва ҳудудга кириб борди.

Коронавируссиз қолган давлат ёки ҳудуд ҳеч қандай мукофот билан тақдирланмайди. Аммо Туркманистон ҳукумати вирус тақалаётганини тан олмагани учун хориждан ҳеч қандай ёрдам олмаяпти.

XS
SM
MD
LG