Қашқадарё вилоят, Шаҳрисабз туманида яшайдиган аёл маҳаллий блогерлардан бири унинг укасини қамоқдан чиқариб бериш учун 1500 АҚШ долларини олиб, қочиб юрганидан арз қилди.
Аёлнинг Озодликка юборган видеосида, блогер ундан 1500 доллар олаётгани акс этган.
Блогернинг ўзи Озодлик билан суҳбатда аёлдан пул олганини тасдиқлади ва “иш”ни бажаролмагани, коронавирус юқиб қолгани сабаб пулни айтилган муддатда қайтариб беролмаганини айтди.
Пул берган аёл ва ундан пулни олган блогернинг исмлари Озодликка маълум, лекин улар (исмлар) ошкор этмилмаяпти.
Шаҳрисбазлик аёлнинг Озодликка айтишича, ўзбекистонлик блогерлардан бири унинг укасини қамоқдан чиқариб беришга 2019 йилнинг декабрида ваъда қилган:
Орқамда катта одамлар бор, узоғи билан бир ойда чиқариб бераман деб айтди.
"Менинг укам Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси билан қамалган бўлиб, 15 йилини ўтирди. Яна икки йили қолган. Интернетда блогерларни кузатиб бораман. Ўтган йилнинг декабрида бир блогернинг телефонини кўриб, укамни қамоқдан чиқаришга ёрдам берасизми, деб, қўнғироқ қилдим. Бўлди опа, эртага Шаҳрисабзга етиб бораман, орқамда катта одамлар бор, узоғи билан бир ойда чиқариб бераман деб айтди. Келди, бориб катталар билан гаплашиб келай деб, 300 доллар олиб кетди. Икки кундан кейин келиб, Тошкентдаги катталар 5000 доллар билан ҳал бўлади экан, бошидан бир ярим минг беришингиз керак экан, деб айтди. Кейин видеога бир ярим минг олганини ёздириб, пулни олиб кетди”.
Аёлнинг айтишича, шундан кейин унинг дараги ўчган:
"Январь ўтди, февраль ўтди, дараги йўқ. Мартда телефонни олиб, опа коронавирус бўлиб водийда ётибман, укангизнинг иши Рамазон ҳайитига ҳал бўлади, деди. Кейин Қурбон ҳайитига бўлади, деди. Кейин эса қўнғироқларимга жавоб бермай қўйди".
Аёл Озодликка блогернинг пул олаётган ҳолати акс этган видеони тақдим қилди. Унда аёл шундай дейди.
“Мана ...жон, мана укамнинг иши бўйича 15та доллар сизга, укамни чиқариб беринг, она сутдан ҳалол.
Блогер пулни оларкан шундай дейди:
“Мана ҳозир бир ярим минг санаб олдим, обший 5 га келишганмиз. Яна уч ярим қоляпти. Худо хоҳласа иш битиб кетса, охири март ойигача срок. Агар мабодо, Худо кўрсатмасин, анақа бўладиган бўлса, пулни обратка қайтарамиз”.
Блогер Озодлик билан суҳбат аввалида пул берган опани эслолмаётганини, бундай воқеа бўлганини билмаслигини айтди.
Озодлик блогерга бу воқеа ёзилган видео радио тасарруфида эканлигини ва видеода нималар дейилганини эшиттиргандан сўнг, блогер у опани “эслади”:
Бир ярим минг учун қочиб юрадиган одам эмасман.
“Бировнинг ҳаққини биров еб кетмайди, анақа нарсалар йўқ. Бир ярим минг учун қочиб юрадиган одам эмасман. Коронавирус бўлиб, карантинда ётдим. Телефон қўлимга ушлаганимга уч кун бўлди. Мен ҳозир аниқлай нима экан. Бир хато нарса қилиб қўйган бўлсам анақа қиворамиз.Менинг бундан манфаатдорлигим йўқ. Агар қўлимдан келадиган бўлса, бу холис ёрдам. Каналлардан излайман, агар имкони бўладиган бўлса, холис ёрдам, ҳозир у аёлнинг кимлигини ҳам биламиз”.
Блогер бир неча минутдан сўнг Озодликка қўнғироқ қилиб шундай деди:
“Бўлди, мен у аёлнинг укаси билан гаплашган эдим. Иши битмаган. Касал бўлиб қолганим сабабли пулини қайтара олмаганман, карантин тугаб йўллар очилса ҳаммасини қайтариб бераман”.
Блогер нега у ғайриқонуний ҳаракат қилганини Озодликка изоҳлаб беролмади.
Ўзбекистонлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, президент Мирзиёев ўз чиқишларида блогерларни бир неча марта тилга олганидан сўнг, ижтимоий тармоқларда блогерлик авж олди:
Уларнинг орасида блогерликни ниқоб қилиб, фирибгарлик, таъмагирлик билан шуғулланаётганлар ҳам бор.
- Ўзбекистонда сўнгги йилларда журналистик таълимга, малакага эга бўлмаган блогерлар кўпайди. Уларнинг орасида ҳақиқатан жамиятимизга жуда катта фойда келтирадиган, ижтимоий муаммолар, ижтимоий муносабатлар билан шуғулланаётган, сўз эркинлигига катта ҳисса қўшаётган блогерлар ҳам бор. Лекин айни пайтда, уларнинг орасида блогерликни ниқоб қилиб, фирибгарлик, тамагирлик билан шуғулланаётганлар ҳам бор. Бундайлари қўлга ҳам тушяпти, жазоланяпти ҳам. Ва учинчи йўналишдаги блогерлар, булар ҳукуматнинг манфаатларини заказ орқали ҳимоя қиладиган блогерлар. Булар асосан, эркин фикрли блогерларга қарши зарба бериш учун шакллантирилган. улар шуни касб қилиб олган ва ҳар хил идораларнинг буюртмалари билан ишлайди”.