Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:53

АҚШ Германиядаги қўшинларини Европанинг бошқа мамлакатларига кўчиради


АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер.
АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер.

АҚШ Германиядаги тақрибан 12 минг аскарлик қўшинини мамлакатдан олиб чиқиб кетади. Уларнинг бир қисми Бельгия, қолгани Италияга юборилади. Пентагон бу чора НАТОни Россияга нисбатан позициясини мустаҳкамлашини айтмоқда.

29 июль куни АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер ҳарбийларни кўчириш НАТОни янада мустаҳкамлашини, Россияни жиловлаб туришга кўмаклашишини ҳамда АҚШнинг стратегик ва жанговар ҳозирлигини яхшилашини айтди.

Германияда ҳозирги кунда умумий ҳисобда 34 500 нафар АҚШ ҳарбийси бор. Уларнинг 6 400 нафари ватанига қайтади, 5 600 нафари эса НАТОга аъзо бошқа мамлакатларига юборилади.

АҚШ президенти Дональд Трамп июнда Германиядаги ҳарбийларни бошқа ҳудудларга юбориш режасини эълон қилган эди. Германия АҚШнинг Яқин Шарқ, Африка ва Европадаги ҳарбий амалиётлари учун таянч нуқтаси вазифасини ўтаб келади.

Трамп ўз қарорини эълон қилишидан олдин Германияни НАТО аъзоси ўлароқ иқтисодининг 2 фоизини мудофаа йўналишига сарфлаш бўйича ўз бўйнига олган мажбуриятини бажармасликда айблаган эди.

Трамп қарори Германия ҳукуматини ҳайратга солди. Мамлакат расмийлари икки НАТО аъзоси ўртасида яхши мулоқот олиб борилмаётганини изҳор қилишди.

Эспер Германиянинг турли ҳудудларига сафарбар қилинган АҚШ ҳарбийлар Бельгия ва Италияга юборилишини билдирди.

Ҳаво мудофааси қўшинларини Италияга юбориш уларни Қора денгиз ҳудудида яқинлаштиради. Бельгияга ҳарбий бўлим жойлаштириш эса НАТО қўмондонлиги билан координацияни яхшилайди.

Ўтган йилда Германиядаги Америка аскарларининг 1 000 нафари Польшага юборилиши эълон қилинган эди.

Эспернинг сўзларига кўра, қўшинларнинг айримлари Болтиқ давлатларига ҳам юборилиши мумкин.

- Қўшинларни Марказий Европадан, Германиядан олиб чиқиб кетяпмиз. Улар Совуқ уруш йилларидан бери у ердалар. Кўп маънода чегарани янги ҳамкорларимиз жойлашган шарқ сари силжитяпмиз, - деди Эспер.

Эспер 6 400 нафар аскар Америкага қайтарилишига қарамасдан, шу ёки шунга ўхшаш ҳарбий бўлинмалар давомли равишда Европа ва Болтиқ денгизи ҳудудида юборилиши айтди. Бундан мақсад душманларни жиловлаш ҳамда НАТОнинг шимоли-шарқий чегараси мудофаасини мустаҳкамлашдир.

Эспер қўшинларни кўчириш қачон амалга оширилишини очиқламади, аммо айрим ўзгаришлар кейинги бир неча ҳафта ичида амалга оширилишини, бошқаларини бажариш учун кўпроқ вақт талаб қилинишини айтди.

АҚШ Конгрессида қўшинларни Германияда олиб чиқиб кетиш қарорига қаршилик бўлди. Ҳатто айрим республикачилар Германиядаги Америка қўшинлари сонини озайтириш Россияга қўл келишини ҳамда АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солишини айтишди.

Ноябрь ойига белгиланган президентлик сайловида Трамп мағлуб бўлса, ушбу режалар келажаги савол остида қолади.

Ой бошида АҚШ қўшинлари жойлаштирилган тўрт герман штати етакчилари Конгрессни Трамп режаларига тўсқинлик қилишга чорлади. Улар Конгрессга юборган мактубда Германиядаги АҚШ қўшинлари Американинг Европадаги ҳарбий амалиётлари ҳамда НАТОнинг чора кўриш қобилияти учун жуда муҳим эканлиги айтилди.

XS
SM
MD
LG