Линклар

Шошилинч хабар
16 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:23

OzodDayjest: Светлана Ортиқова журналистларни ярим тунда суҳбатга чақирган ҳамкасбларига танбеҳ берди


Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова.
Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова.

Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова қорақалпоғистонлик прокуратура масъуллари журналистларни тунда “профилактик суҳбат”га чақирганини қоралади. Қўшмачидан пора олган ИИБ ходими озодликдан маҳрум этилди. Хонанда Жаҳонгир Позилжонов Тошкент шаҳри ҳокими унга Toyota Prado автомобили совға қилганини очиқлади.

__________________________________________________________

Светлана Ортиқова Қорақалпоғистон прокуратураси масъулларига журналистлар воқеаси юзасидан танбеҳ берди

Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова Қорақалпоғистон прокуратураси масъулларига журналистларни тунда “профилактик суҳбат”га чақиргани ва уларнинг телефонлари ҳамда ноутбукини мусодара қилгани боис танбеҳ берди (www.xabar.uz, 28 июль).

Кеча шу масалада Қорақалпоғистон прокурори билан гаплашдим. Вазиятни муҳокама қилиш жараёнида ҳолат юзасидан суриштирув ўтказган ходимларнинг хатти-ҳаракатини оқлаб бўлмаслигини айтиб, уларга қаттиқ танбеҳ бердим. Қорақалпоғистонлик айрим ҳамкасбларим кечанинг ўзида маҳаллий журналистлардан узр сўраган”, деган С.Ортиқова.

Қорақалпоғистондаги Makan.uz, Kruz.uz ва Kar24.uz нашрларининг бош муҳаррирлари Repost.uz’нинг Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов вафот этгани (у ҳозирги вақтда коронавирусдан даволанмоқда) ҳақидаги хабарини қайта чоп этганидан сўнг прокуратурага ярим тунда чақирилган.

С.Ортиқовага кўра, айни пайтда ярим тунда журналистларга суҳбатга чақирган прокуратура ходимларининг хатти-ҳаракатлари ўрганилмоқда, натижасига қараб тегишли чора кўрилади.

Таъкидланишича, Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов вафот этгани ҳақида нотўғри хабар тарқатиш ҳолати бўйича ҳам қонуний чора кўрилади.

Қўшмачи билан кўнгилхушлик қилиб, камига пул талаб қилган ИИБ ходимига ҳукм ўқилди

Фарғона шаҳри ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси катта тезкор вакили қўшмачи аёл билан боғлиқ икки ҳолат бўйича айбдор деб топилди (“Адолат” газетаси, 24 июль). Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг раиси Фаррух Абдураимов хабар берган.

Қайд этилишича, Фарғона шаҳри ИИБ томонидан ўтказилган “Орият” тадбирида кўп қаватли уйларнинг бирида яшовчи, муқаддам одам савдоси жинояти учун судланган ва жазо муддатини ўтаётган аёл ўз хонадонида қўшмачилик қилаётгани аниқланади. Натижада аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 131-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилади.

“Орият” тадбирида қатнашган катта тезкор вакил қўшмачиликда айбланаётган аёлдан терговда қамамаслик эвазига 2000 доллар пул талаб қилади. Бундан ташқари, ИИБ ходими аёлнинг уйида у билан бир неча марта жинсий яқинлик қилади. Пулни талаб қилавергач, аёл ИИБ ходими устидан ДХХ Фарғона вилоят бошқармасига мурожаат қилади. Тезкор вакил қўшмачиликдан айбланган аёлдан 1500 АҚШ долларини олаётганда ушланади. Қайд этилишича, исми ошкор этилмаган ИИБ ходимига озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Жиноят ишига оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Ҳоким Ортиқхўжаев хонанда Позилжоновга Toyota Prado автомобилини совға қилгани маълум бўлди

“Божалар” гуруҳи яккахони Жаҳонгир Позилжонов Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг унга Toyota Prado автомобили совға қилганини маълум қилди (www.daryo.uz, 26 июль).

Мен бу инсондан жуда кўп яхшилик кўрганман. Бу Prado мен кўрган яхшиликларнинг энг кичик қисми. Бир неча йиллардан бери шу инсоннинг ёнида юриб катта бўлганман. Айта оламанки, у атрофдагиларига ҳам ўзига раво кўрадиган нарсаларни раво кўради. Мен у инсондан жуда кўп нарсаларни ўрганганман. Биринчи навбатда оддийликни, камтарликни”, деган Ж.Позилжонов.

Хонандага кўра, Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан яхшилик кўрган биргина у эмас. Ортиқхўжаевнинг қўлида ишлайдиган қанча инсонлар унинг орқасидан уйли-жойли бўлган, қанча одам тўй қилган, қанчаси ёрдам олган.

Тан олиш керакки, Тошкент ҳокими бўлганидан кейин шаҳар ҳам анча ўзгарди”, деган хонанда Жаҳонгир Позилжонов ўз адаши ҳақида.

XS
SM
MD
LG