Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:57

АҚШ Беларус президенти сайловини эркин ва адолатли ўтказишга чақирди


Президентликка номзод Светлана Тихоновская тарфадорларининг Минск шаҳридаги митинги, 30 июль, 2020 йил
Президентликка номзод Светлана Тихоновская тарфадорларининг Минск шаҳридаги митинги, 30 июль, 2020 йил

30 июль куни АҚШ Беларусда бўлиб ўтадиган президентлик сайловини ғарб давлатлари вакиллари кузатмаслиги юзасидан афсус изҳор қилиб, Минскни сайловни эркин ва адолатли тарзда ўтказишга чорлади.

Беларусда 9 август куни президентлик сайлови бўлиб ўтади. Таҳлилчилар сайловда мамлакатни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғалаба қозониши бу гал ҳар доимгидек жуда осон бўлмаслигини айтишмоқда.

Беларусда 1990 йиллардан бери ўтказилган бирорта сайловни ғарб давлатлари кузатувчилари адолатли ёки эркин деб топмаган. Мамлакат бу йилги сайлов арафасида Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) кузатувчиларини ўз вақтида таклиф қилмади.

АҚШ давлат котибининг Европа ва Евросиё ишлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Жорж Кент:

- ЕХҲТ сайловга кузатувчи юбора олмаслигидан чуқур афсусдамиз, - деди.

Кент АҚШ сайловга кузатувчи юбориш ҳамда сайлов эркин ва адолатли ўтишини таъминлаш масаласини кўтарганини айтди.

Сайловолди кампанияси давомида Лукашенко мухолифатга босимни кучайтирди. Кейинги ойларда мамлакатда юзлаб одам, жумладан, фаоллар, блогерлар ва президентликка номзодлар ҳибсга олинди.

Бунга қарамасдан, мухолифат номзоди Светлана Тихановская 30 июль куни Минскда ўтказган раллига ўн минглаб одам келди.

Тихановская президентликка номзодини қўйган эри Сергей Тихановский қўлга олинганидан кейин ўзи номзод бўлишга қарор қилган.

Кент Вашингтон журналистларга ўтказилаётган босимдан хавотир изҳор қилганини ва бу масаласини Беларус расмийлари билан учрашувлар давомида кўтарганини айтди.

- Бу масалаларни кўтарамиз, чунки улар ҳар қандай муваффақиятли жамиятнинг асоси, деб ўйлайман, - деди.

Кент матбуот эркинлигини таъминлаш жуда муҳим эканлигини қўшимча қилди.

Сайлов қандай ўтиши ва унинг натижаси Беларуснинг хориж давлатлари, жумладан, АҚШ билан муносабатларига йирик таъсир кўрсатиши мумкин.

Вашингтон Беларусда инсон ҳуқуқлари аҳволи аянчли бўлгани учун 2000 йилларда мамлакатга қарши иқтисодий санкцияларни жорий қилган эди.

Беларусда сиёсий маҳбуслар озодликка чиқарилганидан кейин, айрим санкциялар бекор қилинди. Аммо Кент уларни бутунлай бекор қилиш учун Беларус демократия йўлида қўшимча чораларни кўриши ҳамда аҳолига ўз фикрини изҳор қилиш имконини бериши кераклигини айтди.

Санкциялар бекор қилингани учун жорий йил бошида АҚШ Беларусга ўзининг илк нефть танкерини юборди. Айни дамда иккинчи танкер мамлакатга йўлга олган.

Кейинги ойда эса АҚШ ва Беларусь 12 йилда илк маротаба бир-бирига элчи юбориши кутилмоқда.

Беларуснинг АҚШдаги элчиси август ойи ўртасида АҚШга боради. АҚШ Сенати эса Жули Фишерни АҚШнинг Беларусдаги элчиси этиб тайинлаши кутилмоқда.

Беларус иқтисоди Россиянинг арзон нефти ва газига таяниб келади. Аммо Россия Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиб олганидан кейин, Минск ва Москва ўртасидаги муносабатлар совиди.

Шу сабабдан Минск Москванинг икки давлат ўртасида иқтисодий иттифоқ тузиш тўғрисида 20 йил олдин тузилган режаси амалга ошишига тўсқинлик қилиб келади.

Кент АҚШ Беларус суверен мамлакат бўлиб қолишини исташини, Минскда ўз геосиёсий йўлини танлаш бўлиш ҳуқуқи бўлиши кераклигини айтди. Сиёсатчи Беларуснинг АҚШ ва Америка ҳамкорлари билан яқин алоқа ўрнатиши мамлакатнинг Россия билан муносабатларига салбий таъсир кўрсатмаслигини қўшимча қилди.

- АҚШ ўзаро муносабатларимизни нормаллаштириш учун курашиб келаётган бўлса-да, Беларусни Ғарб ёки Шарқ ўртасида биттасини танлашга босим ўтказмоқчи эмасмиз, - деди Кент.

XS
SM
MD
LG