Линклар

Шошилинч хабар
20 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:44

Фарғоналик ўқитувчи: ИИБ ходимлари мени калтаклаб, бир оёқда тик туришга мажбурлашди


Шуҳрат Жўраев Фурқат туман Тиббиёт бирлашмасида кўрикдан ўтмоқда.
Шуҳрат Жўраев Фурқат туман Тиббиёт бирлашмасида кўрикдан ўтмоқда.

Фарғона вилоятининг Фурқат туманида 35 ёшли ўқитувчи Шуҳрат Жўраев туман ИИБ нинг икки ходими уни мактабда компьютер ўғирланишига алоқадорликда айблаб, жиноятга иқрор этиш учун калтаклагани, ҳақоратлаб қийноққа солгани ҳақда Озодликка айтди.

Жўраевнинг иддаосича, терговчилар уни жиноятга иқрор қилиш учун бир оёғини тиззадан букиб, қўлини олдинга узатиб, иккинчи оёқда тик туришга ҳам мажбурлашган.

Фурқат туман ИИБ навбатчиси Жўраевнинг калтаклангани ҳақидаги иддаолари юзасидан Озодлик саволларига жавоб беришни истамади.

Фурқат туман прокуратураси мактаб ўқитувчисининг туман ИИБ ида қийноққа солингани ҳақдаги даъволари юзасидан терговолди суриштируви ўтказилаётганини Озодликка тасдиқлади.

Фурқат туманидаги 34-сон ихтисослашган умумтаълим мактабининг жисмоний тарбия ўқитувчиси Шуҳрат Жўраевнинг Озодликка айтишича, 26 июль куни мактабда ўғрилик бўлган.

Бир кун ўтиб Жўраевни милиция ходимлари компьютер ўғрилигида гумонлаб, уйидан туман ИИБ ига олиб кетган.

Озодлик билан суҳбатда Жўраев уни калтаклаган терговчилар фуқаролик кийимида бўлгани сабаб унвонларини билмаслиги, лекин улардан бирининг исмини эслаб қолганини айтди.

"Воҳид исмли терговчи , ўттиз беш ёшларда, фуқаролик кийимида, мени хонасига олиб борди. Менга Ўзбекистон Жиноят кодексининг бир моддасини овозни чиқариб ўқишни талаб қилди. Қайси моддалиги эсимда йўқ. Етказилган зарарни қопласам озодликда юришим мумкин, деган маънодаги модда. "Сенга тегишли модда, зарарни қопла, юравер бемалол", деди. Шу пайт яна бир бола келиб, бармоқ излари менга тегишлилигини айтиб туҳматга қўйди. Кейин, қўшни хонадан чиққан бола "коридорга чиқ", деди. Коридорнинг бурчагида хонача бор экан, шу ерга олиб бориб уришни бошлади. Иккаласи ҳам без форма. Воҳид дегани ҳам урди. Бўйнимга, кўкрагимга, оёғимга. Кучли зарб билан. Уриб бўлганидан кейин ҳолим бўшашиб қолди".

Жўраевнинг иддаосича, ИИБ ходимлари калтаклаш билан чекланишмаган, иқрор олиш учун бир оёқни тиззадан букиб, иккинчи оёқда тикка туришга мажбурлашган.

"20 марта ўтириб тур" деди. Қилдим. Кейин "бир оёғингни букиб, қўлингни олдинга қилиб, бир оёқда тикка ҳолда 5 минут турасан ё компьютерни қайга қўйганинг, шеригинг кимлигини айтасан, бўлмаса тураверасан" деди. Кейин турдим. Кейин шериги бошқа хонага чақирди. "Стулга ўтир, ўзингга кел" деди. Эшикларни бекитдида "шу ерда ўтирасан ҳеч қаерга кетмайсан", деди ва чиқиб кетди".

Фарғоналик ўқитувчининг, айтишича, бир ярим соат ўтгач, терговчи яна хонасига қайтиб келган.

"Кейин келди, хонасига. Сизлашга ўтди. "Сиз ўша ерда ишлайсиз экан, 2007 йилдан буён ёрдам беринг" деди. "Ҳовлингиз ҳам ўша ерда экан", деб мени чиқариб юборди".

Хонага ўрнатилган камераларни тўсиб калтаклашди

Жўраев Фурқат туман ИИБ ида хоналарга кузатув камералари ўрнатилганини эслар экан бундай деди:

"Камералар турибди, очиб кўришсин. Ишлаяптими йўқми, билмайман. Калтакланган жойимда камеранинг тагига келиб урди. Биттаси камерани тўсиб, эшикни беркитишга ҳаракат қиляпти, яна бири уряпти. Қайси бурчакда камера тушмаслигини билишса керак, ўша жойда уришяпти. Мен шу камераларни текшириб кўришларини сўрайман".

Уйига қайтганидан кейин Жўраев кўнгли айнишни бошлагани ва Тез ёрдам чақиртирганини айтди:

"Шу куни соат кечки 9 ларда уйга Тез ёрдам чақиртирдим. Докторлар келди. Қон босимим 180га 110 экан. Кўкрак қафасимда оғриқ борлигини айтдим. "Нима бўлди", деди. Бўлган гапни айтдим уларга. "Биз билан кетасиз", деди. Фурқат туман Тиббиёт бирлашмасига олиб кетди. Рентген, ЭКГ қилди. Эрталаб жавоби чиқади, деди. Акам олиб кетди. Уйга борганда яна мазам бўлмади, яна Тез ёрдам келиб олиб кетди. У ерда укол қилди, ўзимга сал келиб яна уйга келдим. Улар прокуратурага айтишган экан, ҳаммасини прокуратура келиб ёзиб олди. Экспертиза тайинлашди, жавоби чиққани йўқ, чиқса ҳам прокуратурага беришар экан".

Шуҳрат Жўраев уни калтаклаган ва қийноққа солган ИИБ ходимлари жазога тортилишини талаб қилмоқда.

"Мен ИИБ да камситилдим калтакландим. Улар жавобгарликка тортилиши ва бу соҳада умуман ишламаслиги керак."

Фурқат туман прокуратураси мактаб ўқитувчиси Фурқат Жўраевнинг туман ИИБ сида қийноққа солингани ҳақдаги даъволари юзасидан терговолди суриштируви ўтказаётганини Озодликка 28 июлда тасдиқлади.

- Текширув бўляпти, тергов олди текшируви, - дея гапни қисқа қилди исмини очиқламаган Фурқат тумани прокуратураси ходими.

Фурқат туман ИИБ ходимлари Жўраевнинг калтаклангани ҳақидаги иддаолари юзасидан Озодлик саволларига жавоб беришни исташмади.

ИИБ терговчиси Озодлик саволини эшитиши билан телефонни қўйиб қўйди.

Зўравонлик ҳолатлари

Озодлик сўнгги бир ярим ой ичида ИИБ ходимлари фуқароларга куч қўллаши билан боғлиқ ўндан ортиқ холатни ёритди.

Кучли резонанс уйғотган ҳолат ўтган ой бошида Андижонда рўй берди.

Андижонда ИИБ ходимлари 33 ёшли фуқарога куч қўллагани ва оқибатда 11 кун беҳуш, кома ҳолатда ётиб, сўнгра 11 июнь куни ҳаётдан кўз юмгани ижтимоий тармоқларни ларзага солди.

Бунинг ортидан ижтимоий тармоқларда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов истеъфоси ва вазирликни қайтадан ташкил қилиш талаб қилиш бошланди.

Олий мажлиснинг камида икки депутати ҳам Ички ишлар вазири Бобожоновнинг истеъфосини талаб қилди.

Айрим депутатлар Ички ишлар вазирлигини тугатиш, керак деган таклиф билан ҳам чиқди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг қийноқлар ва шафқатсиз муносабатини тақиқловчи “Ички ишлар вазирлиги тўғрисида”ги қонунни имзолаганди.

Шунга қарамай, ички ишлар ходимларининг қийноқ ва шафқатсизлиги ҳақида шикоятлар Озодликка келишда давом этмоқда.

"Жазосизлик"

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов қийноқ қўллаган ИИБ ходимларининг кўпгина холларда жазодан осонгина қутилиб қолаётгани сабаб қийноқлар муаммоси сақланиб қолаётганини айтаркан, бундай деди:

- Айнан жазосизлик сабаб қийноқлар ҳозир ҳам давом этиб келяпти. Президент ҳам қийноқларни таг-туби билан йўқ қиламиз деган, лекин қийноққа солувчилар жазосиз қолаётган экан ёки енгилроқ жазо билан қутилиб қолаётган экан бу муаммо давом этаверади. Биз билмаган ҳолатлар қанча бўлиши, қанчадан - қанча ИИБ ходими жазосиз қолган бўлиши мумкин, буни билмаймиз.

Андижон шаҳар ИИБсининг 4-бўлимидан қийноқ белгилари билан кома ҳолатида касалхонага ётқизилган фуқаронинг ўлими ортидан шаҳар ИИБ нинг уч нафар ходими мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, қонунга хилоф равишда ҳибсга олиш, гумонланувчини қийноққа солиш ҳамда шафқатсиз муомала қилишда айбланиб, қамоққа олингани хабар қилинган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG