Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:49

Чустда қудуқ қазган тадбиркор: ФВВ полковниги 70 млн сўм иш ҳақимни бермаяпти


Чустда сув қудуғини қазиш пайти.
Чустда сув қудуғини қазиш пайти.

Наманган вилоят, Чуст туман, Олмос қишлоғидаги сувсиз ҳудудда қудуқ қазиб, сув чиқарган тадбиркор Йўлдош Зоиров 70 миллион сўмлик ҳақини ололмаётганидан шикоят қилди.

Тадбиркорнинг Озодликка айтишича, Тошкентдаги вазирликларнинг бирида нуфузли лавозимда ишлайдиган мулозим уни ўзига қарашли фермер хўжалигида 3,5 ой давомида ишлатиб, ҳақини бермаган.

Фермер хўжалиги раҳбари Акмалжон Отажонов дастлаб Озодликка тадбиркор Зоировдан умуман қарзи йўқлигини таъкидлади, бироқ кейинчалик қарздорлигини тан олди.

Акмалжон Отажонов бошқариб келаётган фермер хўжалиги муассиси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги масъул мулозими, полковник Бахтиёр Абдураҳимов "фирма эгасининг ўзи пулини олмай кетди" деди.

Тошкентдаги “Маҳаллий хизмат” фирмасининг раҳбари Йўлдош Зоировнинг Озодликка айтишича, Чустдаги “Хуршиджон Бобожон” фермер хўжалигида унинг фирмаси ишчилари 3, 5 ой давомида ишлаб, қудуқ қазиб, сув чиқарган:

Чустдаги сув қувурини қазиш пайти
Чустдаги сув қувурини қазиш пайти

- Бу йил март ойида Намангандан заказ тушди. Тошкентда Фавқулодда вазиятлар вазирлигида ишлайдиган полковник Бахтиёр Абдураҳимов ўзига қарашли фермер хўжалигида қудуқ қаздирди. Бир ҳафта аввал қудуқ қазиш ишларини якунлаб, сув чиқардик. Бироқ ҳақимизни беришмади.

Зоировга кўра, у Чустдаги “Хуршиджон Бобожон” фермер хўжалиги билан шартнома имзоламасдан ишлаган ва шу боис уни чув туширишган:

- Мен уларга шартнома бердим, лекин уни имзолаб беришмади. Орага нозик одамлар аралашгач, шартномасиз ишлайвердик. Шартномада 219 диаметрлик трубанинг бир метрини 1 миллион 200 минг сўмдан ёзилган. Кейин Бахтиёр ака “273 диаметрлик труба қилиб берасан”, деди. Биз “хўп”, дедик. Яна озгинадан кейин “320 диаметрлик труба қиласан”, деди. Яна “хўп” дедик. Кичкина трубадан соатига 40 тонна сув чиқса, катта диаметрли трубадан соатига 150 тонна сув чиқади. Лекин бизнинг меҳнатимиз ва харажатларимиз 3-4 баробарга кўпаяди. 3,5 ойда биз сув чиқардик. Бир ҳафта бўлди сув чиққанига. “Сув чиққандан кейин пул бераман”, деган одам, сув чиққанидан кейин тўнини тескари кийиб олди. Бизга "нақд пул берамиз" дейилганди. Энди шартнома йўқ деб, тан олмаяпти.

Чустдаги сув қувури
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:24 0:00

Йўлдош Зоировнинг ҳисоб-китобича, 3, 5 ой давомида ишлаб, 70 миллион сўм ҳақ олиши керак бўлган:

- Бизни Тошкентдан илтимос қилиб, чақиртириб, "арзонроқ қилиб берасизлар" дейишган. Биз "хўп" деганмиз. Ўзи бу проектнинг суммаси 400 миллион сўмдан ошарди. Биз 220 миллион сўмга рози бўлдик. Улар шу пулдан соляркага, ишчиларнинг еб ичишига, кабелга расход қилишди. Қудуққа 151 миллион сўм расход қилган. Менга 70 миллион сўм бериши керак эди. Беришмади.

Озодлик мухбири “Хуршиджон Бобожон” фермер хўжалиги бошлиғи Акмалжон Отажонов билан боғланди.

Отажонов “Маҳаллий хизмат” фирмасини шартномасиз ишлатганини тан олди. Бироқ аввалига бу фирмадан қарзи борлигини инкор қилди.

“Уни ҳақи қолмаган бизда”, дея сўзида қаътий турган Отажонов Озодликнинг кетма-кет саволларидан кейин “Маҳаллий хизмат” фирмасидан қарздорлигини тан олди.

Орада ким биландир маслаҳатлашиб олган Отажонов ушбу фирмадан 34 миллион 800минг сўм миқдорида қарздор эканини айтди.

Озодлик тадбиркор Йўлдош Зоиров тилга олган нуфузли лавозим эгаси Бахтиёр Абдураҳимовнинг ўзи билан ҳам боғланди.

Лавозими қандайлигини Озодликка айтишни истамаган Абдураҳимов “Хуршиджон Бобожон” фермер хўжалиги ўзига қарашли эканини тан олди.

“Бу отамдан қолган фермер хўжалиги. Мен унинг учредителиман. Отамдан қолган фермер хўжалигини бошқараман. Фермер хўжалигининг раҳбари менинг жияним”.

Абдураҳимов “Маҳаллий хизмат” фирмаси билан ҳеч қандай муаммога эга эмаслигини, фирма эгасининг ўзи пулини олмасдан кетганлигини таъкидлади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан олинган маълумотга кўра, Наманган вилояти Чуст тумани, Олмос қишлоғида яшовчи полковник Бахтиёр Абдураҳимов вазирликда Хизмат бошлиғи лавозимида ишлайди.

Президентнинг шахсан топшириғига кўра, ҳозирда Наманган вилояти Чуст туманида жойлашган Олмос, Ғалаба ҳамда Ахча қишлоқларидаги сув чиқмайдиган ҳудудларда ерости сувлари ҳисобидан суғоришни ​йўлга қўйиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Расмий маълумотга кўра, Чустда жами 1000 гектар майдонни ўзлаштириб, жами 35та қудуқ орқали сув чиқариш режаланган.

Жумладан, “Хуршиджон Бобожон” фермер хўжалиги 100 гектар ерни боғга айлантириш учун 3 та сув қудуғи қазишни режалаган. Ҳозирда уларда тадбиркор Зоиров қазган битта қудуқ ишлаяпти, яна иккита қудуқ қазиш режаси бор.

XS
SM
MD
LG