Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:28

Олотлик врач: Коронавирусдан ўлим ҳолатлари яшириляпти!


Коронавирус юқтирган беморларни даволаётган врачларнинг вафот этаётганларга оид ҳисоб-китоби расмий статистикага тўғри келмаяпти.
Коронавирус юқтирган беморларни даволаётган врачларнинг вафот этаётганларга оид ҳисоб-китоби расмий статистикага тўғри келмаяпти.

Бухоро вилоят, Олот туманилик врачнинг иддао қилишича, 31 июль ва 1 август кунлари Covid-19 касаллигидан 6 бемор вафот этган, жами бўлиб эса, аҳоли сони 100 мингга яқин мазкур туманда 18 киши шу касалликдан ўлган.

Олот туман Тиббиёт бирлашмаси бош врачи бу маълумотни рад этди. Унинг Озодликка айтишича, туманда Covid-19 дан ҳеч ким ўлмаган.

Covid-19 инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича Бухоро вилоят штаби расмийси касалликка оид ҳар қандай информация билан фақат Республика махсус штаби эълон қилаётган материаллар орқали танишиш мумкинлигини билдирди.

Олотлик врач келтираётган маълумотларнинг расмий статистикада акс этмаётгани Covid-19 эпидемияси қурбонларини ҳисобга олишнинг Ўзбекистонда қўлланилаётган методикаси билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

Олотлик врачнинг аудиохати. (Овоз ўзгартирилган)
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:54 0:00
Бевосита линк

Оилада ёлғиз боқувчи бўлгани учун ишдан ҳайдалиб кетишидан қўрқиб, исми ошкор қилинмаслигини сўраган олотлик врач Озодликка юборган аудиохатида туманда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ юзага келган вазиятни тасвирлар экан, бундай дейди:

“Туманимизда авж олгани 8 июлда билинди. Ўша куни 5 бемор Ковиднинг барча белгилари ва пневмония билан туманимиз касалхонасининг инфекцион бўлимига ётқизилди. Ҳозиргача касаллик белгилари бор 60 ва ундан кўпроқ бемор ётқизилди. Шулардан 18 таси вафот қилди.

Бу маълумотни қарийб 9 дақиқалик аудиохатининг бошидаёқ келтирган врач хатнинг учинчи дақиқасида 31 июль ва 1 август кунлари 6 бемор вафот этганини иддао қилган. Врачнинг қўшимча қилишича, жасадларни кўмишда эпидемиологик талаблар бажарилмаган:

“Жасадларга хлор билан ишлов берилиши, улар махсус ходимлар томонидан кўмдирилиши керак эди. Лекин бош врачимизнинг бу ҳақдаги мурожаатларини ташкилот раҳбарларининг биронтаси эшитишни хоҳламади”.

Врачнинг айтишича, ҳозиргача ётқизилган 60 ва ундан кўпроқ беморнинг 4-5 нафаригагина Covid-19 ташҳиси қўйилган.

Бу ҳолат сабабларини тушунтираркан, врач бундай дейди:

“Ҳамма беморлардан ҳам таҳлил олинмади. Ёки нотўғри, малакасиз олинди. Олинганларининг натижаси 6 кун ва ундан кўпроқ вақтгача келмади. Иккинчидан, агар бемор шу ташҳис билан даволансаю вафот этса, уларни даволаётган врач ва бошқа тибходимларга фоиз, устама ёки товон пуллари тўлаш керак бўлади”.

Олотлик врач аудиохати давомида Covid-19 инфекциясига қарши кураш жараёнида йўл қўйилаётган қатор камчиликларни санаб ўтган. Мана уларнинг баъзилари:

  • касаллик бошланганидан буён туман раҳбарияти касалхонадан хабар олгани йўқ;
  • сўнгги бир ойдан буён туманда дезинфекция ишлари ўтказилмади;
  • бир қатор врачлар ва бошқа тибходимларга коронавирус юққан, лекин уларга товон пули бермаслик мақсадида тегишли ташҳис қўйилмаган, натижада уларнинг ўзи касаллик юқтирувчиларга айланиб қолмоқда.

Врачнинг фикрича, ўлим ҳолатларининг ҳаммаси ҳам расмий статистикада акс этмаяпти – яширилаяпти. “Одамлар асл вазиятни билиши керак. Буни билиш “ижтимоий масофа сақланг” деяверишдан кўра яхшироқ таъсир қилади” дейди врач.

  • Коронавирусдан вафот этаётганларнинг ҳаммаси ҳам расмий статистикада акс этмаётгани тўғрисида Озодлик бундан аввал ҳам, жойлардан олинган маълумотларга таяниб, бир неча бор хабар қилган эди. Қуйида Навоий вилоятидаги вазият мисолида тайёрланган материални ўқишингиз мумкин:

Олот туман Тиббиёт бирлашмаси бош врачи Рустам Ҳусаинов Озодликдан врачнинг аудиохатида келтирилган маълумотларни эшитгач, уларни рад этди.

Бош врачнинг айтишича, шу кунда туман касалхонасида 60 дан ортиқ бемор йўқ. Карантинга олинган фуқаролар бор, гумон билан, текшириш учун, шамоллаган, температура қилганлар.

Бундайлар қанча, деган саволга бош врач жавоб бермади. Бироқ қисқа мулоқот давомида Рустам Ҳусаинов мана бундай деди:

- Тасдиқлангани, ўлгани йўқ. Ҳозирда 15 та беморимиз Ковидга гумон қилинган. Бирламчи мусбат натижа берган беморлар тузалиб чиқди.

Бу гапдан ортиғини Олот туман Тиббиёт бирлашмаси бош врачи Рустам Ҳусаинов айтишни истамади, мавзуга оид барча информацияни Covid-19 инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича Бухоро вилоят штабидан олишни тавсия қилди.

Вилоят штабининг икки мулозими “барча маълумотлар Республика махсус комиссиясига юборилади, ҳар қандай саволга жавобни ўша ердан олиш мумкин”, дейишдан нарига ўтмади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 2 август ярим тунгача Бухоро вилоятида жами бўлиб, 876 кишига Covid-19 инфекцияси юққан, касалга чалинганларнинг 727 нафари соғайган, 6 бемор вафот этган.

Расмий маълумотларда келтирилаётган вазият тасвири олотлик врач тасвирлаган вазиятдан кескин фарқ қилаётгани учун врачнинг хати мазмуни билан фарғоналик врачни таништирдик.

Коронавирус билан боғлиқ вазият тўғрисида "ОАВга гапириш тақиқлаб қўйилган"ини эслатган водийлик врач, аноним қолиш шарти билан Озодликка мана бундай ёзди:

"Коронавирус буйича журналистлар билан гаплашиш тақиқланган. Олотда ҳам, бошқа жойда ҳам коронавирус тўғрисида маълумот тарқатишни тақиқлашининг ўзи хукумат хоҳлаган ишини қилаётганлигидан далолатдир.

Бизнинг туманимизда ҳам асл ҳолат билан расмий маълумотлар ўртасида туя билан отдай фарқ бор, энг қизиғи шундаки, қачон ҳукуматга қандай статистика маъқул бўлса, шуни кўрсатишади. Масалан, ваҳима килиш керак бўлса, ўлимлар кўп ва касалланиш даражаси даҳшатли деб кўрсатишади, тескариси керак бўлса "осмонимиз мусаффо", ҳеч кандай ўлим йуқ ва касалланиш деярли булмаяпти, деволишади. Шаффофлик йўқ, шаффофлик истаган одамга эса, қонуний чора мавжуд".

Давлат алдамаяпти, бошқача ҳисоблаяпти, холос?

Олотлик врач ўз аудиохатида иддао қилган маълумотлар билан расмий статистика орасидаги фарқни тест-таҳлилида коронавирус чиқмаган, бироқ унинг клиник белгилари зоҳир бўлгани ортидан вафот этаётганлар умумий статистикага киритилмаётгани билан ҳам тушунтириш мумкин.

30 июль куни АОКАда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулло Оқиловнинг айтишича, айни пайтда фақат ПЗР таҳлили коронавирусни тасдиқлаган беморлар статистикага киритилмоқда. Пневмония туфайли вафот этган, лекин вафотига қадар коронавирус ташхиси қўйилмаган марҳумлар эса статистикага киритилмаяпти.

Қозоғистон 1 августдан бошлаб, Қирғизистон эса, 17 июлдан буён коронавирус инфекцияси топилмаган, бироқ пневмониядан вафот этганларни Covid-19 қурбонлари ҳисобламоқда.

XS
SM
MD
LG