Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:20

ОАВ: Россия-Қозоғистон чегарасида тўпланиб қолган ўзбекистонликлар 6 августда чегарадан ўтказилади


Оренбург вилояти Бузулук туманида муҳожирлар учун ташкил этилган чодир шаҳарча.
Оренбург вилояти Бузулук туманида муҳожирлар учун ташкил этилган чодир шаҳарча.

Россия-Қозоғистон чегарасининг Оренбург ва Самара вилоятлари ҳудудидан ўтувчи қисмида тўпланиб қолган 3,5 минг ўзбекистонлик ва қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари 6 августгача уйларига қайтарилади. Бу ҳақда Оренбург маҳаллий ҳокимиятига таянган ҳолда Новости агентлиги хабар берди.

Маҳаллий ҳокимиятнинг маълум қилишича, Оренбург вилоятининг Бузулук туманида ва Самарада чегарадан ўтолмай тўпланиб қолган муҳожирларнинг 3 минг нафари Қирғизистон, 500 нафари Ўзбекистон фуқаросидир.

“Бузулук туманида ва Самара вилояти ҳудудида тўпланиб қолган Қирғизистон фуқаролари бугун ва эртага кун давомида Қозоғистон Республикасига ўтказилади ҳамда уйларига йўл олади. Чегарадан ўтказиладиган Қирғизистон фуқароларининг умумий сони уч мингга яқин. Ўзбекистоннинг уйга қайтиб кетиш учун имконият берилишини кутиб ўтирган 500га яқин фуқароси эса, дастлабки келишувга мувофиқ, чегарани 6 август куни кесиб ўта оладилар. Улар ўз ватанларига темир йўл транспорти воситасида қайтарилади”,- дейилади Оренбург вилоят ҳокимияти расмий баёнотида.

Оренбург ва Самара вилоятларининг Қозоғистон билан чегарадош қисмларида пандемия оқибатида ёпиб қўйилган чегаранинг очилишини кутиб ўтирган муҳожирлар учун ташкил этилган вақтинчалик чодир шаҳарчада қариялар, хомиладор аёллар ва болалар кўплиги айтилмоқда.

Коронавирусга қарши кураш доирасида Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон чегараларининг ёпилиши ортидан Оренбург ва Самара вилоятларида ватанига қайтмоқчи бўлган минглаб муҳожирлар тўпланиб қолган эди.

16 июлда Бузулукда тўпланиб қолган муҳожирларнинг катта қисми поездда Ўзбекистонга олиб келинди.

Озодлик Оренбург вилоятидаги Ўзбеклар автономияси нодавлат, нотижорат ташкилоти раҳбари Равшанҳожи Кавланов Озодлик радиосига 23 июлда поезддан қолиб қолган бир неча ўн киши ёнига кейинги кунларда яна бошқалар қўшилгани ва натижада шу кунда Ўзбекистонга қайтиш учун Қозоғистон чегарасини очишини кутаётганлар сони 400 дан ортиб қолгани ҳақида билдирганди.

8-9 июль кунлари қозоқ-ўзбек чегарасидаги “Жибек жўли” – “Ғишткўприк” назорат-ўтказиш пунктидан 3746 нафар ўзбекистонлик юртига ўтказилган эди.

ТИВ Оператив штаби маълумотларига кўра, 1 июлдан 7 июлгача мазкур НЎП орқали 2700 нафардан зиёд ватандош Ўзбекистонга қайтган.

Бироқ юзага келган техник муаммолар туфайли қозоқ-ўзбек чегарасидан ўзбекистонликларни ўтказиш чекланган миқдорда амалга оширилган. Бу ҳолат чегарада 3000 га яқин ўзбекистонлик тўпланиб қолишига сабаб бўлган.

XS
SM
MD
LG