Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:08

Бухоролик фермерлар ҳокимлик томонидан сардобаликларга қорамол юборишга мажбурлaнмоқда


Ҳокимлик талабига кўра фермер сардобаликлар учун бир сигир ёки бузоқ бериши шарт.
Ҳокимлик талабига кўра фермер сардобаликлар учун бир сигир ёки бузоқ бериши шарт.

Бухоро вилоят, Пешкў туманидаги фермерлар Сардоба фожиасидан жабр кўрганлар учун қорамол олиб беришга мажбурланмоқда.

Туман фермерлар кенгаши мулозими ҳар бир фермерга СМС юбориб¸ сигир ва бузоқ олиб келишини, акс ҳолда ҳокимнинг ҳузурида жавоб беришдан огоҳлантирган.

Озодликка бу хабарни юборган фермерлар буғдой режасини зўрға бажарган бир пайтда ҳокимликнинг бу талаби ўзларига оғир тушаётганини билдирди.

Озодлик боғланган туман ҳокими Амрилло Назаров сардобаликларнинг уйларини таъмирлаб бериш ортидан уларнинг фалокатда йўқотган чорваси ўрнини тўлдириш учун фермерлардан қорамол беришни сўраганини эътироф этди.

СМС-огоҳлантирув

Ҳокимлик тазйиғидан чўчиб исми сир қолишини сўраган пешкўлик фермерлардан бири 5 август куни туман Фермерлар кенгашининг чорвачилик бўлими бошлиғи Шавкат Эргашевдан мобил телефонига юборилган СМС суратини Озодликка юборди.

Бугун Сардоба учун сигир ёки бузоқ юборинг ёки кечқурун ҳокимнинг ёнига киринг”¸ дейилади бу огоҳлантирувда.

Бу хабарнинг скриншотини Озодликка тақдим қилган фермерга кўра, Шавкат Эргашев ғалла ва пахтачилик билан шуғулланадиган фермерларга ҳам айни буйруқни юборган.

Агар бермаса кечқурун туман ҳокимига шахсан учрашиши айтилган.

“2020 йил дехқончилик учун жуда оғир келди, ғалла шартномасини бир амаллаб тўлдирдик, лекин ўзимизга ҳам¸ ишчиларимизга ҳам ҳеч нарса қолмади. Бу йилги меҳнатимиздан бир сўм даромад ололмадик. Туман Фермерлар кенгашидан кеча СМС хабар олдим. Унда ёзилишича Сардобага юбориш учун бугундан қолмасдан ҳар бир фермер қорамол етқазиб бериши мажбурий экан. Агар бермаса¸ кечқурун туман ҳокимига шахсан учрашиши айтилган. Ўзимиз буғдойдан даромадсиз чиққан бўлсак, соғиб ичадиган сигиримиздан бошқа молим бўлмаса, мен қаердан ҳокимга қорамол топиб бераман?”

Исми сир қолишини сўраган бошқа фермер ҳам Шавкат Эргашевдан шу мазмундаги СМС олганини тасдиқлади.

Битта сигир олиб беришга энди қувватим қолмади.

"Агар 5-6та молим бўлса, майли садақа деб бериб юборардим. Ўзи шундай ҳам карантин пайтида кам таъминланган оилаларга қарашиб келяпмиз. Борда бор, йўқда йўқ. Билмадим¸ сув яхши бўлдию, лекин бу йил буғдойимиз ўтган йилгидан уч баравар кам ҳосил берди. Режа тўлмади, бошқа фермерлардан сотиб олиб, бир амаллаб режани бажардим. Битта сигир олиб беришга энди қувватим қолмади. Бўлмаса ҳокимнинг олдига киринг ¸дебди. Кирсак нима дерди, топиб бер, бўлмаса ерингни оламан дейди. Шунга бошим қотиб қолди ва Шавкат Эргашев қўнғироқларига жавоб бермаяпман, аниқроғи қочиб юрибман”.

Пешкў тумани Фермерлар кенгашининг чорвачилик бўлими бошлиғи Шавкат Эргашев фермерларга сигир ва бузоқ олиб келиб топшириш ҳақида СМС ёзганини тан олди.

- Сардоба учун хайрияга имкониятларингиз бўлса юборинглар¸деб ёзганманда. Ҳар ким ўзини ниятида бўлса, юборинглар деганман. Ўзимизда ҳам кам таъминланганларга фермерлар томонидан ҳамма нарса бериляпти. Сардобага ҳам худди шундай агар имкониятингиз бўлса беринг, дедикда. Мажбурий бўлмайди бу.

Шавкат Эргашев ўзининг СМС хабаридаги “ёки кечқурун ҳокимнинг ёнига киринг” сўзларини ёзганини тан олмади:

- Йўқ, мен ундай деб ёзганим йўқ!.

Шавкат Эргашев Озодликнинг кейинги саволларига жавоб бермай, алоқани узиб қўйди.

Пешкў тумани ҳокими Амрилло Назаров сардобаликлар учун туман битта маҳалла уйларини таъмирлаб бергани ва аҳолининг фалокатда йўқотган чорваси ўрнини тўлдириш учун чорвадор фермерлардан ихтиёрий равишда қорамол беришни илтимос қилганини тан олди.

- Сардобага ёрдам учун ўзимиз ихтиёрий равишда уйларни таъмирлаб бердик. Энди ўша маҳалладаги оилаларда бирорта мол ҳам қолмаганда. Чорвачилик фермерларимиз ҳисобидан “Саховат ва кўмак” жамғармасига мол беришга аҳд қилганмиз. Шунга фақат чорвачилик фермерларига тавсия берганмиз, мажбурий деган гап йўқ. Фермерлар берганини юборяпмиз.

Ўзбекистонда фермер ва тадбиркорларнинг турли хил хайрия ишларига мажбурланиши ҳақида Озодлик илгари ҳам кўп хабар берган.

Жумладан¸ 5 август куни Қашқадарё вилоят Косон туманидаги фермер ва тадбиркорлар кам таъминланган оилаларга ҳайитлик учун мол-қўй, парранда ва қуён беришга мажбурланганини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG