Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:56

Трамп: Вашингтон хориж давлатларининг АҚШ сайлов жараёнига аралашиш уринишларини яқиндан кузатади


АҚШ Миллий контрразведка ва хавфсизлик маркази директори Уильям Эванина Пекин Трамп мағлуб бўлишига умид қилаётгани, Москва демократ Жо Байден кампаниясини заифлаштиришга уринаётгани, Теҳрон эса демократик институтларга путур етказишга курашаётганини таъкидлаган.
АҚШ Миллий контрразведка ва хавфсизлик маркази директори Уильям Эванина Пекин Трамп мағлуб бўлишига умид қилаётгани, Москва демократ Жо Байден кампаниясини заифлаштиришга уринаётгани, Теҳрон эса демократик институтларга путур етказишга курашаётганини таъкидлаган.

АҚШ президенти Дональд Трамп ўз маъмурияти ноябрь ойига белгиланган президентлик сайловига Россия, Хитой ва Эрон томонидан аралашиш уринишларини яқиндан кузатиб боришини айтди.

Президент Трамп бу уч мамлакат унинг сайланишига қарши эканлигини қўшимча қилди.

- Ҳаммасини кузатиб борамиз. Жуда эҳтиёт бўлишимиз керак, - деди.

Ўша куни АҚШ Миллий контрразведка ва хавфсизлик маркази директори Уильям Эванина Пекин Трамп мағлуб бўлишига умид қилаётгани, Москва демократ Жо Байден кампаниясини заифлаштиришга уринаётгани, Теҳрон эса демократик институтларга путур етказишга курашаётганини таъкидлаган эди.

Россия ҳақида гапирар экан Трамп:

- Россия АҚШ президенти ўлароқ кўришни истайдиган сўнгги одам Дональд Трамп деб ўйлайман, чунки Россияга қарши ҳеч ким ҳеч қачон менчалик қаттиқ турмаган, - деди.

Бунинг сабаби Трамп НАТО аъзоларини мудофаага маблағ сарфлашга чорлаб келади, президент этиб сайланганидан бери АҚШ армияси бюджетини оширди, Россиянинг Европага газ элтиб беришни кўзловчи Nord Stream 2 газ қувури қурилишига тўсқинлик қилиб келади.

Трампнинг сўзларига кўра, Эрон ҳам унинг ғалаба қозонишини истамайди. Аммо президент:

- Агар ғалаба қозонсак, ғалаба қозонганимиздан кейин, Эрон билан тезда келишувга эришамиз, - дея қўшимча қилди.

Трамп Эрон жон-жон деб АҚШ билан муросага келишини, аммо у билан эмас, Байден билан келишув имзолашни афзал кўришини таъкидлади.

Хитой ҳақида эса Трамп Пекин Байден ғалаба қозонишини исташини, агар Байден ғолиб чиқса, Хитой Американи «қўлга олишини» айтди.

Президент, шунингдек, Шимолий Кореяни ядровий қурол дастуридан воз кечишга чорлашга қаратилган уринишлари ҳақида мақтаниб, қайта сайланса, Пхеньян Вашингтон билан тез орада келишув имзолашини айтди.

2016 йилги президентлик сайлови ортидан АҚШ разведкаси ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари расмийлари Россия компьютер дастурлари ҳамда ижтимоий тармоқларда манипуляция кампанияси ёрдамида Трамп демократик рақиби Ҳиллари Клинтон устидан ғалаба қозонишини таъминлаш учун курашганини хулоса қилишди.

Шунингдек, АҚШ расмийлари 2018 йилги конгресс сайловларида сайлов тизимига бир неча хакерлик ҳужуми уюштирилганини, бундан мақсад 2020 йилги сайловга тайёргарлик бўлганини айтиб келишади.

Эванина АҚШ сайловига таҳдидлар ҳақида гапирар экан:

- Кўпгина хорижий тараф у ёки бу номзод ғолиб чиқишини хоҳлайди, Улар бу истакни турли-туман очиқ ва шахсий билдирувлар орқали изҳор қилишида. Яширинча таъсир ўтказиш уринишлари озроқ учрайди, - деди.

- Бизни асосан Хитой, Россия ва Эрон кўраётган ва кўриши мумкин бўлган чоралар хавотирга солади, - дея сўзини давом эттирди расмий.

Эванинанинг сўзларига кўра, Хитой Трампни «айнимачи» шахс деб билади ва шунинг учун қайта сайланишини истамайди.

Эванина Россия Байденни ҳамда унинг Россияни хушламайдиган тарафдорларини ёмонотлиқ қилишга курашаётганини айтди. Россиянинг Байденни хуш кўрмаслигига унинг Украина бўйича АҚШ сиёсати шаклланишидаги роли ҳамда Россия президенти Владимир Путинга қарши эканлиги ҳам сабабчидир.

Ниҳоят, Эванина Эрон Трампни заифлаштиришга ҳамда мамлакатни сайлов арафасида тарафларга бўлишга уринаётганини таъкидлади.

- Эроннинг бундай уринишлари асосан онлайн таъсирга – ижтимоий тармоқларда дезинформация тарқатишга ҳамда АҚШга қарши контентга тарқатишга – таянишини кутиш мумкин, - деди Эванина.

- Теҳрон бундай чора кўришига президент Трамп қайта сайланса, АҚШ Эронда тузум ўзгаришини кўзлаб мамлакатга босим ўтказишда давом этишига бўлган ишонч сабабчидир, - дея сўзини якунлади расмий.

XS
SM
MD
LG