Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:53

Полиция ходимларини доғда қолдирган муҳожир: Ўзингизни ҳимоялашни ўрганинг! (ВИДЕО)


Қаршилик Иброҳим полиция билан "суҳбатлашишни" Интернетдан ўрганган
Қаршилик Иброҳим полиция билан "суҳбатлашишни" Интернетдан ўрганган

Ўзбекистонлик муҳожир ва ундан ҳужжат талаб қилган полиция ходимлари ўртасидаги тортишув акс этган видеоёзув қисқа вақт ичида Интернет тармоқларида энг кўп тарқалган роликлардан бирига айланди.

Озодлик полициячиларни қонун-қоидаларга бўйсунишга даъват этган муҳожир шахсини аниқлади. Қаршилик Иброҳим ўз юртдошларини полиция ходимлари билан мулоқот қилишдан қўрқмасликка чақирди.

Видеода Москва метрополитенида уч нафар полиция ходими бир гуруҳ мигрантни тўхтатиб, асоссиз ҳужжат талаб қилгани акс этган.

Полициячилар билан суҳбатни қўл телефонига олган муҳожир полиция ходимларидан Россия қонунларига риоя қилишни талаб қилади, улар қонун бузаётганини исботлашга уринади:

- Мана қаранг - полициячи бизни қўлқопсиз (Covid-19 билан боғлиқ талаблар доирасида полиция ходимлари ҳам ниқоб тақиб, қўлқоп кийиши керак - таҳр.) ва асоссиз тўхтатиб турибди! Ўзлари қонунни бузиб, яна мендан талаб қилишяпти. Нима асосда тўхтатаётганингизни тушунтиринг. Сиз хизматдаги одам, тушунаяпсизми? Сиз "оператив амалиёт"деяпсиз, бу киши “қидирув” деяпти - кимга ишонай? Нега сиз қўлқопсизсиз? Сизлар мактабда ўзи ўқиганмисизлар? Нега мен сизларга қонунни тушунтиришим керак? Мен ўзимни ҳимоя қиляпман. А, мен ушланмадимми? Кетишим мумкинми?

Қарийб 5 дақиқали тортишувдан кейин мигрант йигит ҳужжатларини кўрсатмасдан полиция ходимларини доғда қолдириб, шериклари билан йўлини давом эттиради.

Мазкур видеони кўплаб таниқли блогерлар Телеграм каналларида тарқатди.

Марказий осиёлик муҳожирнинг полиция ходимларига қонунчиликдан “дарс ўтиши” қизғин муҳокама бўлмоқда.

Озодлик кадр ортида қолган бу видео қаҳрамонини топиб, у 39 яшар қашқадарёлик Иброҳим эканини аниқлади. Мухбиримиз саволларига жавоб берган ўзбекистонлик муҳожир қонун-қоидаларни талаб қилишни ижтимоий тармоқлардан ўрганганини айтаркан, деди:

- Ютублардан кўриб-кўриб, қонун-қоида борлигини, яъни милициядан қўрқмаслик керак экан, улар ҳам, қонун бўйича гапирсангиз, қўрқиб қолишлари мумкинлигини билиб олдим.

Маълум бўлишича, қаршилик мусофир йигит полициячилар билан гаплашиш қоидаларини бошқа ҳамкасб ва шогирдларига ҳам ўргатиб келаркан. Қашқадарёлик Ҳушёрбек Иброҳим илгариттан рус полициячиларини тартибга чақириб келган, дейди.

- Шахсан мен “Менга милиция учрамасин”, дейман. Русча гапиришни, жавоб қайтаришни, қонунларни билмайман. Бу одам билан бирга юриб, энди мана ўрганяпман, дейди Ҳушёрбек.

Иброҳим полиция ходимлари билан қонун доирасида суҳбатлашишга қўрқмасликка бошқа юртдошларини даъват қилди:

- Биринчи навбатда қонунни билиб олиш керак. Қонун асосида гаплашиш ва улардан қўрқмаслик керак. Болалар, асосан, мелисани кўрибоқ қўрқиб кетишади: ўзларини четга олишади ёки қўрқиб, қочмоқчи бўлишади! Ахир улар ўзбекни ушлайди-да - ёнида ўтиб кетаётган русларни ушламайди-ку!

Рус полициячилари билан тортишувларда ҳақ талаб қилиб, чарчамаслигини гапирган қашқадарёлик Иброҳим Ўзбекистонга кетиш орзусида:

- Орзу-ниятим - тезроқ йўл очилсаю, уйга кетсам. Йўл очилиб, ҳаммаси жой-жойига тушиб, уйимизга ота-онамиз, бола-чақамиз олдига бориш.

Озодлик ўзининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари билан ном чиқарган Москва полицияси ходимлари билан тортишаётган бошқа мигрантлар тўғрисида ҳам лавҳаларни узатган.

Бундан бир неча йил олдин Москвада меҳнат муҳожирларига полициячилар билан қонун доирасида мулоқот қилиш тартиб-қоидаларини ўргатиб келувчи “Мигрант мактаби” ишга туширилган эди.

Мактаб ташкилотчиси, мигрантлар юристи Валентина Чупик дарсларини тинглаган кўплаб муҳожирлар Россиянинг турли минтақаларида полиция ходимлари билан бемалол суҳбатлашаётган ва уларни қонунга риоя қилишни талаб қилаётган видеоларни Интернетга қўя бошлади.

Валентина Чупик бизнинг қахрамонимиз - қаршилик Иброҳим видеосини кўргани ва унга “аъло” баҳо қўйганини Озодликка сўзлади:

- Йигитимиз вазифасини аълога бажарди! У бирваракайига уч полициячига қонунни тушунтириб, тўртинчисини қонунга мувофиқ 1,5 метрга ўзидан узоқлаштиргани жуда ажойиб бўлди! Мен қонунларни яхши даражада билувчи ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олувчи мигрантларимиз пайдо бўлганидан фахрландим. Бу мигрант йигит тўлиқ қонун доирасида иш тутди: у полициядан қонунни ижро этишни талаб қилди, у ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилди ва полициячиларга бурчлари тўғрисида эслатиб қўйди. Зеро полиция кўп ҳолларда ўз ҳуқуқларини билади, аммо мажбуриятлари тўғрисида унутиб қўяди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG