Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:25

Беларусда норозиликнинг иккинчи туни. Бир киши ҳалок бўлди. Тихановская Беларусни тарк этди (ВИДЕО)


Полиция норозиларни шовқинли гранаталар ва резина ўқлар воситасида тарқатишга ҳаракат қилди.
Полиция норозиларни шовқинли гранаталар ва резина ўқлар воситасида тарқатишга ҳаракат қилди.

Беларусда президент сайлови ғолиби амалдаги президент Александр Лукашенко бўлгани эълон қилингани ортидан 9 августда бошланиб кетган норозилик намойишлари 11 августга ўтар кечаси ҳам давом этди.

Ички ишлар вазирлиги 11 августга ўтар кечаси полиция билан содир этилган тўқнашувларда бир норози ҳалок бўлганини маълум қилди.

Намойишчилар “Лукашенко, кет”, деб ҳайқирдилар ва баррикадалар қурди. Полиция уларни шовқинли гранаталар ва резина ўқлар воситасида тарқатишга ҳаракат қилди.

Шу билан бир қаторда Лукашенконинг асосий рақиби бўлган Светлана Тихановская Беларусни тарк этгани маълум бўлди.

Беларуснинг Минск, Бобруйск, Брест, Витебск, Гомель, Гродно, Могилев, Береза ва Мозирь каби ўнлаб шаҳарларида давом этган норозилик намойишларини полиция куч билан тарқатишга ҳаракат қилди.

Полиция билан тўқнашувларнинг асосий маркази Минск бўлди. Пойтахтда норозилар Бангалор майдонидаги “Рига” супермаркети ва “Спортивная” ҳамда “Пушкинская” метро станциялари оралиғидаги майдонга йиғилиб баррикадалар қурдилар.

Полиция “Рига” супермаркети олдидаги баррикадани тўрт марта бузиб ташлади. Аммо ҳар сафар норозилар бу ерга қайтиб, янги баррикадаларни қурдилар.

Намойишчиларга қарши полиция резина ўқлар, шовқинли гранаталар, сув пуркагичларни қўллади. Шовқин-сурон ва портлашлар шаҳарнинг турли жойларида камида 14 соат мобайнида эшитилиб турди.

Ички ишлар вазирлиги 10 август куни соат 23:00да портлаш оқибатида Минскнинг Притицкий кўчасида норозилардан бири ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Вазирликнинг билдиришича, норозилар "Пушкинская" метро станцияси яқинида баррикада қурганлар. Бу ерга полиция махсус отряди етиб борган. Тўқнашув пайтида норозилардан бири номаълум портловчи моддани полицияга қарата отмоқчи бўлган. Аммо портловчи модда намойишчининг қўлида портлаган ва у ҳалок бўлган.

Беларус матбуоти ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари айнан мана шу жойда полиция ва норозилар ўртасида тўқнашувлар юз берганини, полиция резина ўқлар ва шовқинли гранаталарни қўллагани тўғрисида ёзмоқдалар. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг тахминича, норози полиция қўллаган шовқинли граната портлаши оқибатида ҳалок бўлган бўлиши эҳтимол.

Айни пайтда Беларус президентлигига сайловда амалдаги президент Александр Лукашенконинг асосий рақиби бўлган Светлана Тихановская Беларусни тарк этди ва Литвада бўлиб турибди. Бу ҳақда Твиттерда Литва ташқи ишлар вазири Линас Линкявичюс маълум қилди.

У Тихановскаянинг нега Беларусни тарк этгани сабабларини очиқламади. Беларус ҳукумати ҳам, Тихановскаянинг ўзи ҳам бу хабарга ҳозирча муносабат билдирмади.

Беларусда 9 август куни ўтган президент сайловида Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олгани ҳақидаги хабарлардан сўнг мамлакатнинг 33 шаҳарида норозилик намойишлари бошланди. Полиция томонидан намойишчиларни куч ишлатиб тарқатди.

Беларус президентлигига номзод Светлана Тихановская сайловнинг дастлабки натижаларини тан олмаслигини эълон қилди ва ўз тарафдорларини норозилик намойишларини давом эттиришга чақирди.

Беларус Ички ишлар вазирлиги 9 августдан 10 августга ўтар кечаси мамлакатнинг 33 шаҳрида норозилик намойишлари бўлиб ўтгани ва уч минг одам қўлга олинганини билдирди.

XS
SM
MD
LG