Президент Мирзиëевнинг 30 июль кунги фармонига асосан пандемия даврида оғир аҳволга тушиб қолган оилаларга бир марталик пул тарқатиш жараëни 15 август куни тугалланади.
400 мингдан ошиқ оиланинг 1 700 000 аъзосига тарқатилиши белгиланган моддий ëрдамнинг айнан кимга берилишини Маҳалла вазирлигининг жойлардаги вакиллари сектор раҳбарлари билан биргаликда ҳал қилади.
Моддий ëрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг президент фармонида “темир дафтар” деб келтирилган рўйхатига кириш жараëни¸ Озодлик гаплашган ўзбекистонликлар таъкидича¸ шу кунларда норозилик ва эътирозларга сабаб бўлмоқда
Ўзини пандемия боис оғир аҳволга тушганини айтаëтган аҳоли вакиллари¸ “темир дафтар”га киритилмаëтганидан шикоят қилса¸ бу дафтарни юритувчилар¸ борнинг ҳам¸ йўқнинг ҳам бир марталик пул олиш учун “тўполон” қилаëтганини айтмоқда.
Озодлик гаплашган мулозимларга кўра¸ бу дафтарга кириш юзасидан аҳоли шикоятларининг кескин кўпайгани ортидан¸ прокуратура ва ИИВ бир марталик ëрдам пулининг тарқатилиши устидан қаттиқ назорат ўрнатган.
“Tемир дафтар”га кирган оилаларга президентнинг бир марталик моддий ëрдам бериш ҳақидаги фармони асосида жон бошига 220 минг сўмдан тарқатилмоқда; шу мақсадда давлат бюджетидан 350 миллиард сўм маблағ ажратилган.
“Темир дафтар”га кириш машмашаси
Айни кунларда Ўзбекистондаги маҳалла қўмиталари¸ одам энг кўп тўпланаëтган жойлардан бирига айланган. Сабаби¸ президент Мирзиëевнинг пандемия даврида ижтимоий ëрдамга муҳтож оилаларга бир марталик пул тарқатиш фармонининг кимга тегиш-тегмаслигини маҳаллақўмлар ҳал қилади.
Озодлик гаплашган Бухоро шаҳридаги маҳаллалардан бири масъули¸ "президент оғир аҳволда қолган оилаларга 1 миллиондан пул бераркан"¸ деган хабар чиққандан бери¸ ўз офисига кунига юздан ошиқ одам келаëтганини айтади.
“Бой ҳам келяпти¸ камбағал ҳам келяпти¸ “менга бир миллион берасиз”¸ деб. Пандемия бошлангандан кейин 1500 та одам яшайдиган маҳалламизда 31 та оилани “темир дафтар”га қўшгандик¸ даромадсиз қолди¸ деб. Кейин карантин очилгандан кейин 12 тага туширдик. Тикувчилар¸ сартарошлар ишини бошлагандан кейин¸ уларни рўйхатдан чиқардикда. Президентнинг бир марталик ëрдам ҳақидаги қароридан кейин¸ бу рўйхатни яна қайта кўриб чиқдик. Биз рўйхатга киритгандан кейин¸ уни ички ишлар билан прокуратура қайтадан текширяпти. Уйига бориб¸ шароитини кўряпти. Ўзига тўқлар кириб қолган бўлса¸ ўчириб ташлаяпти. Баъзилар¸ рўйхатга киритасан¸ деб тўполон қилиб келади. Уйига борсангиз¸ ҳамма шароити бор¸ пандемия пайтида катта ремонт қилиб¸ ҳамма ëғини тузатган. Бир марталик ëрдамга қараб қолган жойи йўқ. Тўполонни¸ асосан¸ шунақалар қиляпти”¸ деди Бухоро маҳалларидан бирида “темир дафтар” учун бирламчи масъуллардан бири.
Озодликка мурожаат қилаëтган кўплаб ўзбекистонликлар¸ пандемия даврида даромад манбаини йўқотганига қарамай¸ давлат бюджетидан ажратилган бир марталик моддий ëрдам ўзига тегмаëтганини айтмоқда.
“400 минг сўм пенсия оламан. Россияга кетган қизимнинг битта боласи қарамоғимда. Қизим 8 ойдан бери пул жўнатгани йўқ. Ëрдам пули сўрасам¸ уйингда ҳамма шароитинг бор¸ қизинг Россияда ишлаяпти¸ “темир дафтар”га киритолмаймиз¸ дейишяпти. Уйим яхши бўлгани билан¸ кундалик тирикчилик учун 400 минг сўмдан бошқа даромадим йўқку! Берса¸ қийналганларнинг ҳаммасига берсин¸ ҳар хил баҳона қилмасдан”¸ дейди Озодликка мурожаат қилган бухороликлардан бири.
“Темир дафтар”га кимлар киритилади?
Ўзбекистонда коронавирус карантини ўрнатилиши ортидан¸ ҳукумат пандемия даврида даромадини йўқотиб¸ оғир иқтисодий аҳволда қолган оилалар рўйхатини шакллантиришга киришди.
“Темир дафтар” деб аталадиган бу рўйхатга, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати мулозимининг Озодликка айтишича¸ кам таъминланган¸ ногиронлиги бўлган¸ ёлғиз кексалар¸ доимий ишсизлар¸ карантин туфайли ишсиз қолганлар ва пандемия сабабли хориждан қайтиб ишсиз ўтирганлар каби жами 7 тоифа киритилади.
Вазирлик мулозимига кўра¸ маҳаллақўмлар вазифаси эҳтиëжманд оилаларнинг “темир дафтар”ини ëзиб чиқиш билан тугайди – унинг сўнгги нусхасини тасдиқлаш ва бу оилаларга бевосита пул тарқатиш секторлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари назоратида.
-Президентнинг 6038-сонли фармони ижроси бўйича жойларда учтадан штаб ташкил қилинди. Биринчиси¸ маҳаллаларда. Оилалардан хабар олиш марказлари ташқил қилинди. Улар “темир дафтар”га кирган ва кирадиган оилаларни ўрганиб¸ яна эҳтиëжмандлар бўлса киритиб¸ якуний маълумотни туман маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлимларига беряпти. Иккинчиси¸ туман бўлимлари бу рўйхатни ўрганиб¸ секторларга узатади. Пул¸ учинчи штаб - секторлар орқали тақсимланади. Пулларни тўлаш¸ қарорда белгилангандек¸ 15 августгача тугалланади. Бир марталик моддий ëрдамни тарқатиш бўйича республика иккига бўлинган. Ярмига бизнинг вазир¸ ярмига ИИВ масъул. Тошкент шаҳри ҳам иккига бўлинган¸ унга ҳам икки вазир ўринбосари масъул. Қатъий назорат шуларда. Маҳалланинг қўлига пул тегмайди. Пул тарқатилиши учун сектор раҳбарлари¸ банк масъуллари ва иқтисодиëт бўлимлари жавобгар.
"Темир дафтар" Бош прокуратура назоратида
“Темир дафтар”га кириш¸ демакки давлатдан моддий ëрдам олиш жараëнидаги порахўрлик¸ таниш-билишчилик ва жараëннинг шаффоф эмаслиги ҳақидаги шикоятлар кўпайгани ортидан унга турли тизим раҳбарлари¸ хусусан¸ Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ҳам муносабат билдирди.
“Сенат раиси «темир дафтар»ни шакллантириш ва юритиш тизими айрим ҳудудларда аҳоли норозилигига олиб келаётганини айтиб ўтди. «Темир дафтар» тизими очиқ, шаффоф бўлиши ва ажратилган маблағларни тақсимлаш жараёнида инсон омилини максимал даражада кисқартириши кераклиги билдирилди. Бунинг учун тизимга замонавий ахборот технологияларини жорий этиш муҳимлиги қайд этилди”¸ деб ëзди Газета.уз.
Аҳоли шикоятлари кўпайгани ортидан¸ Бош прокуратура ва ИИВ “темир дафтар” устидан назорат кучайтирилганини билдирди.
"Бош прокуратура томонидан мазкур фармон ижросини тўлақонли таъминлаш мақсадида махсус штаб тузилиб, аниқ тадбирлар белгиланди ҳамда ҳудудий прокурорларга алоҳида топшириқлар юборилди.
Прокуратура органлари томонидан бу борада амалга оширилаётган ишлар, шу жумладан белгиланган пул маблағларининг тўлиқ ва ўз муддатида манзилли етказилиши алоҳида назоратга олинди, қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда қатъий чоралар кўрилиши таъминланади"¸дейилади Бош прокуратура эълон қилган расмий баëнотда.
Баëнотда шунингдек¸ "бундай ҳолатлар кузатилган тақдирда фуқаролардан тегишли ҳудуд прокуратурасига мурожаат қилиш сўралган" ва ҳар бир вилоятдаги телефон рақамлари тақдим этилган.
“Темир дафтар” темир эмас...
Озодлик гаплашган Маҳалла вазирлиги¸ қолаверса¸ ҳудудларни бошқариш топширилган сектор мулозимлари номи темир дейилганига қарамай¸ бу дафтарга кириш ва чиқишнинг ҳар ой ўзгариб туришини билдирди.
“Ҳар бир сектор бўйича “темир дафтар” бор. Уни маҳалла раислари сектор рабарлари билан ҳамкорликда тузади. Лекин “темир дафтар” га киритилган кам таъминланган фуқаро ўзи ариза ëзиб бермаса¸ уни рўйхатдан мажбуран чиқариш мумкин эмас. Фуқаролар ўзлари иш топган бўлса¸ “мени темир дафтардан чиқаринг”¸ деб ариза ëзиб бериши керак”¸ дейди водий вилоятларидан биридаги сектор мулозими.
Озодлик гаплашган бухоролик маҳаллақўм ҳам¸ “темир дафтар”нинг темир эмаслиги¸ у ҳар ой қайта кўриб чиқилишини билдирди.
“Карантин тугаб¸ ишига қайтганларни чиқарамиз¸ иш топиб берилганларниям чиқарамиз. Бирорта мол-ҳол берилса¸ уларниям рўйхатдан чиқарамиз. “Темир дафтар” ҳар ой ўзгаради”.
11 август куни газета.уз нашри ҳукуматдаги манбасига таяниб¸ “сектор раҳбарларининг тавсияси ва ушбу оилаларнинг ёзма розилиги билан 160 минг атрофидаги оилалар «темир дафтар»дан чиқарилгани ва уларнинг ўрнига яна шунча эҳтиёжманд ва моддий кўмакка муҳтож оилалар киритилгани”ни хабар қилди.
“Рўйхатга янги киритиладиган тахминан 150 мингта оила бир марталик моддий ёрдам олишини маълум қилди. Бунинг учун давлат бюджетидан қўшимча равишда 300 млрд сўмдан зиёдроқ маблағ ажратилади”¸ деб ëзди маҳаллий нашр.