Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:13

Ўзбекистонда карантин чекловлари юмшатилди. Нималарга рухсат берилади?


Ўзбекистонда иккинчи бор эълон қилинган кучли карантин 35 кун амалда бўлди.
Ўзбекистонда иккинчи бор эълон қилинган кучли карантин 35 кун амалда бўлди.

Ўзбекистонда 35 кун амалда бўлган кучли карантин юмшатилмоқда.

Мамлакатда коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича ҳукумат комиссияси қарорига мувофиқ, 15 августдан очиқ ҳавода хизмат кўрсатувчи ресторан, кафе, ошхона, чойхоналар фаолиятига рухсат берилади.

Хусусий боғча ва мактаблар, ўқув марказлари, гўзаллик салонлари ва сартарошхоналар, музейлар, санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, пляжлар, хостеллар, ижарага бериладиган дала ҳовлилар ва бошқа дам олиш масканлари қайта очилмоқда.

Пойтахт Тошкентда 15 август соат 06:00дан бир неча ойлик танаффусдан сўнг метрополитен фаолияти ҳам тикланди.

Душанба кунидан вилоятлараро ва туманлараро транспорт қатновлари йўлга қўйилиши кутиляпти.

Маҳаллий авиарейслар ва темир йўл қатновлари йўлга қўйилиши комиссия қарорида айтилган.

15 августдан тўй, маърака ва маросимларни чекланган тартибда ўтказишга ҳам рухсат берилади.

Лекин, тўйлар мавсумида тўйхоналар ёпиқ қолади, тадбирларни уйда, кўпи билан 30 киши – фақат яқин қариндошлар ва шу туман ҳудудида яшовчи бошқа қариндошлар билан ўтказиш мумкин.

Санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш талаб этилади.

Карантин юмшатилиши ортидан масжидлар ҳам очилиши билдирилди.

Ҳукумат махсус комиссияси қарорига кўра, ҳафтанинг барча кунларида жума намозидан ташқари жамоат намозларини ўқиш мумкин бўлади; черковлар ва синагогаларда ҳам шанба ва якшанбадаги жамоавий ибодатлардан ташқари бошқа диний амалларни адо этишга рухсат берилади.

20 август бошлаб буюм ва қурилиш маҳсулотлари бозорлари ҳамда буюмлар савдоси билан шуғулланувчи йирик дўконлар фаолияти тикланади, уларда ҳафтада бир марта санитар куни этиб белгиланади.

Спорт заллари, фитнес клуб, тренажер ва бассейнлар фаолиятига рухсат берилади.

Жамоат жойларида 2 метр ижтимоий масофа сақлаш, тиббий ниқобда бўлиш талаби сақланиб қолади, ниқобсиз фуқаролар жаримага тортилади.

Тана ҳарорати 37 градус ва ундан юқори ёки инфекция аломатлари бор фуқаролар жамоат жойларига чиқмаслиги керак. 65 ёшдан ошган шахслар "ўзини ўзи яккалаш" ҳаёт тарзида яшашда давом этиши лозимлиги комиссия қарорида айтилган.

Таксилар фаолиятига қўйилган чекловлар ҳам амалда қолади.

Карантин юмшатилишига қарамай, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини гигиена қоидаларини бажариш, жамоат ижтимоий масофа сақлаш, жамоат жойларида ниқоб тақиб юриш талабларига қатъий амал қилиш ҳақида огоҳлантирган.

Ушбу қоидаларга амал қилмаслик касалликнинг қайта авж олишига ва натижада қаттиқ карантин чоралари такроран кучга киритилишига олиб келиши мумкин, дейилган вазирлик баёнотида.

Вазирликка кўра, Ўзбекистонда вирусга чалинганларнинг умумий сони 34251 нафарга, ўлганлар сони 232 нафарга етган.

XS
SM
MD
LG