Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:12

Инсташоу? Президентнинг куëви ММА президентлигидан кетиб¸ уч кундан сўнг яна раҳбарликка қайтди (ВИДЕО)


Мурод Хонтўраев бошчилигидаги ММА курашчиларининг 17 август кунги видеомурожаати ортидан Отабек Умаровнинг яна Ўзбекистон ММА ассоциацияси раҳбарлигига қайтгани хабар қилинди.
Мурод Хонтўраев бошчилигидаги ММА курашчиларининг 17 август кунги видеомурожаати ортидан Отабек Умаровнинг яна Ўзбекистон ММА ассоциацияси раҳбарлигига қайтгани хабар қилинди.

Президент Шавкат Мирзиëевнинг кенжа куëви Отабек Умаров ўтган ҳафта давомида яна ижтимоий тармоқдаги ўзбекистонликлар орасидаги муҳокама ва мунозара мавзуига айланди.

Умаров 14 август куни бирваракайига ҳам Триатлон федерацияси¸ ҳам ММА ассоциацияси президентлигига истеъфо берди.

Федерациялар қўшма йиғилишида бу истеъфо қондирилди ва иккала спорт уюшмасига янги президентлар ҳам сайланди.

Бу хабар ортидан ўзбекистонлик жангчилар ўзининг “кўча”га алоқасини яширмайдиган ММА вице-президенти Мурод Хонтўраев бошчилигида бир залга тўпланди.

Ҳаммаси мотамсаро кўринишда бўлган ммачилар Отабек Муҳаммадалиевич ва унинг қайнотасига эҳтиросли видеомурожаат қилиб¸ агар Умаров раҳбарликка қайтмаса¸ бу спортнинг Ўзбекистонда келажаги йўқлиги боис ундан кетиш ҳақида ультиматум қўйишгача борди.

Хонтўраевнинг Instagram саҳифасида ëйинланган бу мурожаат ортидан¸ Отабек Муҳаммадалиевични ММА президентлигига қайтаришни сўраб¸ гарчи Ўзбекистон ассоциациясига алоқаси бўлмасада¸ Умаровни ўзининг яқин дўсти деб атайдиган ММА чемпиони Ҳабиб Нурмагамедов ҳам мурожаат қилди.

Бундай махсус уюштирилгани айтилаëтган ультиматум¸ сўров ва чақириқлар ортидан¸ маҳаллий матбуотга кўра¸ 17 август куни Отабек Умаров ММА ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига қайтарилган.

Айни пайтда¸ Отабек Умаровнинг Триатлон федерацияси раҳбарлигига қайтгани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Отабек Умаровнинг “президентлик”ка истеъфо бериши кейинги ойлар ичи Ўзбекистон 1-оиласидаги низоларга оид ижтимоий тармоқда тарқаб бораëтган мақолалар фонида юз берди.

Отабек Умаров “президентлик”ка нега истеъфо берди? Ўз изоҳи

14 август куни маҳаллий матбуотда чоп этилган баëнотда Отабек Умаров бир кунда бирваракайига иккала спорт уюшмаси президентлигидан кетиш қарорини шундай изоҳлади:

Сабаби оддий: Триатлон федерацияси ҳам, ММА ассоциацияси ҳам вақт ва эътибор талаб қилади, янги шароитларда эса мен буни кафолатлай олмайман”.

Умаров¸ "янги шароит" деганда айнан нимани назарда тутаëтганини очиқламади.

Умаров ДХХ мулозими эканини эсла(т)ди

Аксар ўзбекистонликларга президентнинг кенжа қизи Шаҳноза Мирзиëеванинг эри¸ триатлончи ва ммачилар ҳомийси сифатида танилган Отабек Умаровнинг ўз қайнотаси хавфсизлиги учун асосий масъуллардан бири - Президент Хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосари экани айтилади.

Отабек Умаров ДХХ подполковниги формасида. 2019 йил
Отабек Умаров ДХХ подполковниги формасида. 2019 йил

Унинг бу лавозимда ишлаши ҳақида ҳозиргача бирор жойда расмий маълумот берилган эмас. Аммо Шавкат Мирзиëевнинг мамлакат ичкариси ва ташқарисидаги сафарларида кенжа куëвнинг президентга тансоқчилик қилиши бу маълумотнинг тасдиғи сифатида кўрилади.

14 август кунги баëнотида Умаров ўзининг ҳали ҳам давлат хизматчиси¸ хусусан¸ ДХХ мулозими эканини бевосита тасдиқлади.

Пайдо бўлган вазиятда давлат хизматини олиб бориш, жамоатчилик хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар принципиал янги характер касб этиши ва мисли кўрилмаган масъулият даражаси талаб қилишини яхши тушуниб турибман. Бу менда спорт ташкилотларида эгаллаб турган лавозимини тарк этишдан ўзга танлов қолдирмаяпти».

Тан соқчининг "президентлиги"

Отабек Умаров 2019 йилнинг мартида янги ташкил этилган Триатлон федерацияси¸ ноябрида эса¸ ММА ассоциацияси президенти бўлди.

Спорт федерациялари президенти сифатида Умаров Ўзбекистон ва унинг ташқарисида катта турнирлар уюштирди¸хориждаги ММА жангларини ҳам канда қилмади.

"Халқаро майдонда Ўзбекистон обрўсини кўтаргани" иддао қилинган бу улкан спорт тадбирлари учун маблағнинг қаердан олингани ҳозиргача очиқланмаган.

Озодликнинг бу саволига Ўзбекистон Спорт вазирлиги¸ ММА ассоциациясининг вазирликка алоқаси йўқлиги ва унинг молиявий манбалари давлат идорасига қоронғу эканини билдирган эди.

Ўзбекистондаги халқаро мусобақалар ортидан 6 -8 февралда Нур-Султонда ўтказилган Аралаш кураш санъати халқаро федерацияси йиғинида эса Умаров Марказий Осиё ММА конфедерацияси раҳбари бўлди.

Президент хавфсизлиги учун бевосита масъул мулозимнинг бундай фаолиятини шарҳлаган ўзбекистонлик таниқли сиëсатшунос Алишер Илҳомов Умаровнинг “президентликка ўчлиги” Ўзбекистон президенти ҳаëтини хатар остига қўйганини ëзган эди.

Президент хавфсизлигига таҳдид ошди. Чунки Президент хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосари (Отабек Умаров назарда тутилмоқда _таҳр.) ишга чиқмайди. У конференцияма-конференция юришдан бўшамаяпти. Ўзи ҳам президент¸ ҲОЗИРЧА фақат спорт федерациялари президенти»¸ деб шарҳлаган эди Умаровнинг Марказий Осиë ммачиларига бош бўлгани хабарини Илҳомов.

Президент тансоқчисими¸ Instagram юлдузи?

Отабек Умаров кейинги икки йил ичида чет элдаги танилган шахслар даврасидаги ҳашаматли ҳаëт тарзи¸ спортчилар¸ асосан¸ ММАчилар билан BeFit клубида биргаликда ўтказадиган машғулотларини Instagramда кўз-кўз қилиб келди.

Икки йил ичида унинг бу тармоқдаги фолловерлари сони 3 миллиондан ошди.

Умаров ва оиласи очиқ манбаларда бирор бизнес эгаси сифатида қайд этилмаган. Айни пайтда¸ унинг араб шайхларидан тортиб чет эллик спортчи¸ киноактëр¸ блогер ва қўшиқчиларни ўз хос зиëфатлари учун махсус учқичларда олиб келиб ¸ зиëфатлари ва қимматбаҳо машиналарини ижтимоий тармоқларда ëйинлаши бу ҳашаматли ҳаëт тарзи пулини ким¸ қайси ҳисобдан тўлаëтгани ҳақидаги саволларни кун тартибига қўйди.

Қолаверса¸ президент хавфсизлиги учун масъул шахснинг ижтимоий тармоқда ўз ҳобби ва ҳаëт тарзини реклама қилиши¸ давлат хавфсизлиги учун қанчалик хатарли экани ҳам муҳокамаларга сабаб бўлди.

Отабек Умаровга қарашли экани айтиладиган BeFit клуби деворида Ҳабиб Нурмагомедовнинг аукционда 100 минг долларга сотилган эски футболкасининг пайдо бўлиши ва Умаровнинг уни "совға" эканини тасдиқлаши тармоқларда кескин эътирозларга сабаб бўлди.

Мирзиëев қизлари ва куëвлари ҳаëт тарзининг Ислом Каримов қизлари ва куëви ҳаëти билан қиëсланиши ва жорий биринчи оила шаънига танқидларнинг кескин кучайиши ортидан Отабек Умаров 2019 йил охиридан бошлаб Instagramдаги фаоллигини кескин камайтирди.

Унинг тармоқдаги фаоллиги бугунга келиб асосан Ҳабиб Нурмагамедов каби дўстларининг постларига like босиш билан чеклангани кўрилади.

Нега кетдию¸ нега қайтди?

Отабек Умаров ҳозирча ММА ассоциацияси президентига ўринбосар сифатида қайтганини шарҳламади.

Ижтимоий тармоқда муҳокама қилинаëтган бу мавзуга фикр билдираëтган айрим ўзбекистонликлар буни "сарой ўйинлари"дан кичик эпизод сифатида талқин қилмоқда.

"Бу ерда иккита сабаб бўлиши мумкин. Биринчиси¸ ижтимоий тармоқда давлат мулозими бўлган Отабек Умаровнинг ўзбекистонликлар орасида қашшоқлик кучайиб бораëтган бир пайтда дабдабали ҳаëтга ўчлигини намойиш қилиб келгани норозилик уйғотди. Бунинг ортидан биринчи оиланинг обрўси тушиб кетди. Айтилишича¸ Мирзиëевнинг халқ орасидаги обрўсини кўтариш учун Россиядаги махсус ПИАР компаниялари ишламоқда. Бу ана шу кампания доирасидаги ҳаракат сифатида президент кенжа куëви ҳаëтини жамоатчилик кўзидан панага олишга қарор қилган бўлиши мумкин. Кейинги ойларда Мирзиëевнинг қизлари ҳам¸ катта куëви ҳам жамоатчилик кўзпанага ўтгани кузатилмоқда.

Иккинчиси¸ бундай чекиниш Умаровни узоқ муддатли сиëсий каръерага тайëрлаш учун қўйилган қадам ҳам бўлиши мумкин"¸ деди тармоқлардаги баҳсни кузатиб келаëтган тошкентлик журналист.

XS
SM
MD
LG