Тожикистон шарқида 30 ёшли аёл уч норасида гўдаги билан ўзини дарёга ташлаб ҳалок бўлди.
Тожикистон Фавқулодда вазиятлар ва фуқаролар мудофааси қўмитасининг маълум қилишича, воқеа 16 август куни Рашт туманидаги Навдонак қишлоғида юз берган.
Айни пайтда уч ёшли гўдакнинг жасади топилган. Ўзини дарёга ташлаган она ва яна қолган икки боланинг жасадлари қидирилмоқда.
Расмий маълумотда айтилишича, ҳодиса юзасидан тергов ишлари бошланди. Аёлнинг ўз жонига қасд қилгани сабаблари ҳозирча номаълум.
Озодлик радиоси тожик хизматининг маълум қилишича, сўнгги йилларда Тожикистонда аёлларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари тез-тез содир этилмоқда. Бунга қашшоқлик ва аёлларга нисбатан зўравонликлар сабаб бўлмоқда.
Хабарда таъкидланишича, бир неча аёл ўзи билан бирга фарзандларини ҳам ўлдирган.
2015нинг сентябрида Вахш туманида Саломат Пирова ҳам уч боласи билан ўзини дарёга ташлаган эди. Ўшанда аёл қутқариб қолинган, аммо болалари сувга чўкиб ўлган. Аёлни текширган врачлар унинг ўз жонига қасд қилишига туғруқдан кейинги депрессия ва унга ўз вақтида психологик ёрдам берилмаганини сабаб қилиб кўрсатишган.
2016нинг февралида 25 ёшли Зухро Махмуродова ўзини Вахш дарёсига ташлаган. У билан бирга тўрт нафар қизи ҳалок бўлган. Аёл дарёга ташлаган эгизак қизлари Кибриё ва Ҳадича ҳали икки ёшга тўлмаган эди. Орадан тўрт соат ўтгач уларнинг жасади 30 километр узоқликда - Рудакий туманида топилган.
2018 йилнинг 7 майида эса Ҳисор туманидаги Сунбула қишлоғида яшовчи Сайрам Холова икки гўдаги билан ўзини дарёга ташлаб ҳалок бўлган эди.
Тожикистон аёллар қўмитасининг маълумотига кўра, 2017 йилда мамлакат бўйича 497 аёл, 2018 йилда эса 286 аёл ӯз жонига қасд қилган. Ишсизлик, қашшоқлик ва оиладаги зўравонлик бундай нохуш ҳодисаларнинг сабаблари дея кўрсатилмоқда. Аёлларнинг ўз жонига қасд қилиши бўйича 2019-2020 йил учун бошқа расмий маълумотлар мавжуд эмас.