Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:21

Халқаро хабарлар

Германия канцлери Россия ҳукуматини Навальнийнинг заҳарланиши юзасидан тергов ўтказишга чақирди

Германия канцлери Ангела Меркель.
Германия канцлери Ангела Меркель.

Германия канцлери Ангела Меркель ва Ташқи ишлар вазири Хайко Маас Россия ҳукуматини мухолифатчи Алексей Навальнийнинг заҳарланиши билан боғлиқ ҳолатни диққат билан тергов қилишга чақирди.

Меркель ва Маас Навальний даволаниш учун олиб келинган Берлиндаги "Шарите" клиникаси шифокорлари ўткизган тест натижалари мухолифатчининг заҳарланганини тасдиқлагани ортидан 24 август куни қўшма баёнот берди.

Шифокорларнинг билдиришларича, Навальнийнинг қонида холинэстераз ингибиторлари туркумидан бўлган токсин борлиги аниқланган. 2018 йилда Лондонда Юлия ва Сергей Скрипалларни заҳарлашда қўлланилгани билдирилган “Новичок” моддаси ҳам мана шу туркумга киради.

Россия ҳукумати ҳозирча “Шарите” шифокорларининг Навальний қонидан заҳарли модда топилгани тўғрисидаги билдируви, Меркель ва Маас баёнотига муносабат билдирмади.

20 август куни эрталаб Томскдан Москвага учаëтган пайтда Навальнийнинг аҳволи тўсатдан ёмонлашгани ортидан самолëт Омск аэропортига фавқулодда қўнишга мажбур бўлди. Ўшанда Навальний ëнида бўлганлар дарҳол унинг Томск аэропортида ичган чойдан заҳарланган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган эдилар.

21 август куни Омск касалхонаси бошлиғи Калиниченко касалхонанинг токсикология бўлимида беҳуш қолаётган Алексей Навальний организмида ҳеч қандай заҳар аломатлари топилмаганини билдирганди. Навальний 22 август куни Германияга даволаниш учун олиб кетилган.

Кун янгиликлари

Исроил Байрут жанубини бомбалашда давом этмоқда, оташкесим шартлари муҳокама қилиняпти

Байрут жанубида Исроил томонидан бомбаланган ҳудуддан лавҳа, 2024 йил 14 ноябри
Байрут жанубида Исроил томонидан бомбаланган ҳудуддан лавҳа, 2024 йил 14 ноябри

Ливанлик юқори лавозимли мулозим оташкесим тартиби жорий қилинганидан кейин исталган пайтда “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳи ўз бўлинмаларини Ливан ва Исроил ўртасидаги чегара яқинидан олиб кетишга тайёр эканини билдирди. Айни пайтда Ливан томони Исроилнинг келажакда “Ҳизбуллоҳ”га қарши ўз ҳаракатларида эркин бўлишга оид талабини бажаришдан бош тортмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.

Эрон дастаклаётган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига қарши ҳужумларини давом эттираркан, Исроил 14 ноябрь куни Байрутнинг гуруҳ назоратида бўлган жанубий қисмига ҳаво зарбалари берган. Бу ҳудудни интенсив равишда бомбабўрон қилиш уч кундан буён давом этмоқда.

Исроил “Ҳизбуллоҳ”га Суриядан қурол-аслаҳа етказиб берилиши бўйича ҳар қандай уринишни бартараф қилади, дея билдирган ЦАХАЛ вакили пайшанба куни.

“Биз “Ҳизбуллоҳ” томонидан Исроил ҳудудига зарба бериш учун қўлланилаётган ракета ва бошқа қуролларнинг Сурия ҳудудидан келаётганини аниқлаяпмиз. Биз “Ҳизбуллоҳ”га Суриядан қурол-аслаҳа етказиш бўйича бирор-бир ҳаракатга йўл қўймаймиз. Биз “Ҳизбуллоҳ”га қурол-аслаҳа ишлаб чиқариш учун фойдаланилаётган Сурияда аниқлаган инфратузилмага ҳам зарбалар берамиз”, дея билдирган контр-адмирал Даниэль Хагари журналистларга.

“Ҳизбуллоҳ” АҚШ ва Исроилда террор ташкилоти деб тан олинган. Европа Иттифоқида “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳарбий қаноти террор ташкилоти ўлароқ тан олинган, Ливан парламентида ўз депутатларига эга “Ҳизбуллоҳ” сиёсий партияси эса ЕИ наздида террор ташкилоти эмас.

Исроил ҳужумларидан бири чоғида гуруҳ лидери Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилган.

“Ҳизбуллоҳ” Фаластиндаги ҲАМАС гуруҳининг (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) 2023 йил 7 октябридаги Исроил жанубига ҳужумининг эртасига Исроил ҳудудига ракеталар отган. Ўшандан буён Исроил-Ливан чегарасида қарийб ҳар куни отишмалар содир бўлиб турибди. Ҳар икки мамлакатнинг чегараолди ҳудудларидан ўн минглаб одам эвакуация қилинган.

Bloomberg: ЕИ ва АҚШ Россияга қарши янги санкциялар ишлаб чиқяпти

Европа Иттифоқи Россиянинг Украинага нисбатан давом этаётган тажовузи туфайли Москвага қарши янги санкциялар пакетини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Нашр манбаларига кўра, янги санкциялар Россиянинг яширин флотига қарши қаратилади.

ЕИ янги чекловларни йил охиригача тасдиқлаш ниятида. Уларни қабул қилиш эса Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинига уч тўладиган 2025 йил 24 февралига белгиланган.

Агентлик суҳбатдошларига кўра, санкциялар пакети Россия нефти савдосига алоқадор шахсларга қарши жарималарни ҳам ўз ичига олади. Бундан ташқари, Брюссель Россияда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, озиқ-овқатлар ва ўғитларга нисбатан бож тўловларини оширмоқчи, дейилган хабарда.

Аввалроқ Bloomberg манбалари АҚШ ҳам Россия ва Шимолий Кореяга қарши янги санкциялар қабул қилиш устида ишлаётгани ҳақида маълум қилишганди. Уларга кўра, Вашингтон янги пакетни сайланган президент Дональд Трамп иқтидорга келгунига қадар тасдиқлашга улгурмоқчи. Трамп Россия билан Украина ўртасидаги ҳарбий зиддиятни тезда ҳал қилишни исташини билдирган эди. Ғарб мамлакатлари Трамп таклифларининг бир қисми Киев учун манфаатли бўлмаслиги мумкинлигини истисно қилишмаяпти.

Дональд Трамп аввал бир неча бор урушни 24 соат ичида битириши мумкинлиги ҳақида баёнот берган, бироқ бу борадаги конкрет режасини очиқламаган.

Европа Иттифоқи Россияга қарши сўнгги (ўн тўртинчи) санкциялар пакетини жорий йилнинг июль ойида қабул қилганди.

АҚШ: Республикачилар Вакиллар палатаси устидан назоратни сақлаб қолишди

АҚШ Конгресси биноси
АҚШ Конгресси биноси

Республикачилар партияси АҚШ Конгрессининг қуйи палатаси бўлмиш Вакиллар палатаси устидан назоратни сақлаб қолди. Партия палатадаги 435 ўриндан камида 218 тасини олишга муваффақ бўлган.

АҚШда парламент сайлови президент сайлови билан бир вақтда – 5 ноябрь куни ўтказилганди. Ўтган бир ҳафтадан кўпроқ муддат ичида сайловда берилган овозлар ҳисобланган. Ҳал қилувчи ҳисобни амалдаги республикачи депутат Хуан Чискоманининг Аризона округларидан бирида қозонган ғалабаси белгилаб берган: у сайловда 49,6 фоиз овоз олган.

Демократлар партияси ҳозирги пайтгача Вакиллар палатасида 208 та ўрин олгани маълум. Яна тўққизта округда овозларни ҳисоблаш давом этмоқда.

Палатадаги спикер лавозимини ҳам республикачи Майк Жонсон сақлаб қолиши кутилмоқда, у мазкур лавозимни ўтган чақириқда – 2023 йил январида эгаллаган эди. АҚШда Вакиллар палатасига сайлов ҳар икки йилда ўтказиб турилади.

Аввалроқ республикачилар АҚШ Конгресси юқори палатаси – Сенат устидан назоратни қайтариб олишган эди.

Президент сайловида ҳам Республикачилар партияси номзоди Дональд Трамп ғалаба қозонган. Ҳар икки палата республикачилар назорати остида бўлган шароитда Трампга ўз сиёсатини юритиш анча осон бўлади.

Роскомнадзор Рунетни иҳоталаш бўйича машқлар ўтказади

Роскомнадзор декабрь ойида Рунетни жаҳон тармоғидан узиш бўйича машқлар ўтказади. Бу ҳақда Россия Марказий банки ўз назорати остида бўлган ширкатларга йўллаган хатида маълум қилган, дея хабар қилди мазкур хат мазмуни билан танишган “Коммерсантъ” нашри.

Хатда машқлар “алоҳида олинган минтақалар” ҳудудида бўлиб ўтиши айтилган. Роскомнадзор матбуот хизмати вакиллари “Коммерсантъ”га жадвал асосидаги бу каби машқлар ҳар йили ўтказилишини ва оддий фойдаланувчиларда акс этмаслигини билдиришган. Улар машқлар ўтказилишидан мақсад Рунетнинг “қасдан ташқи таъсир бўлган тақдирда хориждаги ва Россиядаги асосий сервисларга улана олиш имкониятини таъминлаш”га ҳозирлиги текшириш эканини айтишган.

Машқлар чоғида алоқа операторлари билан биргаликда “Интернет” тармоғининг Россия сегменти хориждан туриб қасдан ўчирилган тақдирда унинг ўрнини босувчи асосий инфратузилма ишининг самарадорлиги аниқланади ҳамда иши хорижда жойлашган алоқа тармоқларидаги сервислар, кутубхоналар ва бошқа ресурслар билан алоқага боғлиқ бўлган ахборот тизимлари аниқланади”, дея билдиришган нашрга Роскомнадзор матбуот хизматидан.

Душанбеда “давлат тўнтаришига уриниш” иши бўйича ёпиқ суд бошланди

Ҳамрохон Зарифий, Акбаршоҳ Искандаров, Саиджаъфар Усмонзода, Аҳмадшоҳ Комилзода ва Шокиржон Ҳакимов
Ҳамрохон Зарифий, Акбаршоҳ Искандаров, Саиджаъфар Усмонзода, Аҳмадшоҳ Комилзода ва Шокиржон Ҳакимов

Тожикистон Олий суди 14 ноябрь куни “давлат тўнтаришига уриниш”га оид жиноят ишини кўриб чиқишни бошлади. Мазкур иш бўйича, Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, мамлакатда таниқли бўлган бир неча арбоб судланмоқда.

Кўчма суд Душанбедаги тергов ҳибсхонаси биносида ёпиқ эшиклар ортида ўтказиляпти. Маҳкама жараёнига фақат судланувчиларнинг адвокатлари қўйилган, қариндошларнинг судда иштирок этишига рухсат берилган эмас.

Олий суд матбуот хизмати мазкур суд жараёни юзасидан бирор-бир изоҳ беришдан бош тортган. Озодликнинг тожик хизмати судга Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Шавкат Лутфуллозода раислик қилаётганини ёзган.

Судланувчилар курсисида қанча одам ўтиргани ҳозирча номаълум. Тергов ҳибсхонаси биносига келган Озодлик журналистлари судга камида олти нафар адвокат кириб кетганига гувоҳ бўлишган. Адвокатлар матбуот билан мулоқот қилишдан бош тортишган.

Маълумтларга кўра, Саиджаъфар Усмонзода, Акбаршоҳ Искандаров, Аҳмадшоҳ Комилзода ва Шокиржон Ҳакимов ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уринганликда (Тожикистон Жиноят кодексининг 306-моддаси) айбланишмоқда. Бундан ташқари, бу таниқли арбобларнинг айримларига қарши миллий ва диний низо қўзғаганлик (ЖКнинг 189-моддаси) айблови бўйича ҳам иш очилган. Ҳар икки модда бўйича ҳам узоқ йиллик қамоқ жазолари кўзда тутилган.

Шокиржон Ҳакимов барча айбловларни рад этгани маълум. Журналистлар ҳозирча қўлга олинганлар ва уларнинг қариндошлари фикрини олишга имкон тополмаган. Тожикистон Бош прокуратураси мазкур ишга махфийлик муҳрини босган ва ОАВга ҳеч қанақа маълумот тақдим этаётгани йўқ.

Россияда Украина урушида яраланганларга тўловлар қисқарди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россия ҳукумати Украина уруши дохил жанг майдонида яралаган ҳарбийларга бир марталик тўловларнинг янги тартибига оид қарорни тасдиқлади. Ҳужжатга мувофиқ, эндиликда тўлов миқдори жароҳатнинг оғир-енгиллигига қараб белгиланади.

Агар авваллари ҳар қандай жароҳат учун ҳарбий уч миллион рубль миқдорида бир марталик тўлов олган бўлса, энди бундай сумма фақат оғир ярадор бўлганларгагина тўланади. Енгил жароҳатлар учун тўлов миқдори бир миллион рублни ташкил қилади. Жароҳатларни оғир ёки енгиллиги ҳукуматнинг 1998 йил 29 июлидаги 855-сонли қарори билан тасдиқланган рўйхат бўйича таснифлади. Рўйхатга кирмаган контузия ва жароҳатлар учун ҳарбийлар фақат юз минг рублдан олишади.

Ҳарбий хизматчи ўлган тақдирда унга тўланадиган пул миқдори ўзгаришсиз қолган (5 миллион рубль ёки тақрибан 50 минг доллар). Бундан ташқари, ярадор бўлганлик ёки майиблик туфайли хизматдан озод қилинганлар учун йиллик тўлов тўланади, у индексация қилинади. Ҳозирда бу тўлов 3,2 миллион рублни ташкил қилади.

Таҳлилчилар армия билан шартнома тузишда ҳамда ҳарбий хизматчи ярадор бўлган ёки ўлган тақдирда, йирик тўловлар ваъда қилиш билан Россия ўз қуролли кучлари сафини сезиларли даражада тўлдираётгани ва шу тариқа ҳарбий сафарбарлик эълон қилишга ҳозирча эҳтиёж сезмаётганига эътибор қаратишмоқда.

Трамп АҚШ Давлат котиби лавозимига Марко Рубио номзодини кўрсатди

Марко Рубио
Марко Рубио

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп АҚШ Давлат котиби раҳбари лавозимига Флорида штатидан сенатор бўлган Марко Рубио номзодини кўрсатди. Бу ҳақда Трампнинг ўтиш даври командаси томонидан тарқатилган баёнотда айтилган, дея хабар қилди Associated Press агентлиги.

У халқимизнинг кучли ҳимоячиси, иттифоқчиларимизнинг содиқ дўсти ва душманларимиз олдида ҳеч қачон чекинмайдиган довюрак жангчи бўлади”, дея иқтибос келтирган агентлик Трамп баёнотидан.

Рубио Сенатда разведка бўйича қўмита раҳбарининг ўринбосари лавозимини эгаллаб келади. У халқаро алоқалар бўйича қўмита аъзоси ҳамдир. Рубио Хитой, Куба ва Эроннинг ашаддий танқидчиси бўлиб ҳисобланади.

Сенатор Конгрессда апрель ойида қабул қилинмиш Украинага 61 миллиард доллар миқдоридаги ҳарбий ёрдам пакетига қарши овоз берган 15 нафар республикачининг бири бўлган. Айни пайтда сентябрь ойида Рубио Россия томонида эмаслигини, бироқ ўзаро жанг қилаётган томонлар ўртасида музокаралар тарафдори эканини билдирган.

АҚШ Миллий разведкаси директори лавозимига Трамп Конгресс Вакиллар палатасининг Гавайи штатидан бўлган собиқ аъзоси Тулси Габбард номзодини таклиф қилган. Аввалроқ у Демократик партия аъзоси бўлиб, 2020 йилдаги президентлик кампаниясида иштирок этган, кейин эса республикачиларни дастаклай бошлаган.

Габбард демократларни урушни чўзаётганликда айблаб ва Киевга қурол-аслаҳа етказиб берилаётганини қоралаб, президент Жо Байденнинг Украина бўйича сиёсатини танқид қилиб келган.

Бош прокурор лавозимига сайланган президент Флоридадан бўлган конгрессмен Мэтт Гетц номзодини илгари сурган.

У жиноий ташкилотларни йўқ қилади ва америкаликларнинг Адлия вазирлигига нисбатан анча путур етган ишончини қайта тиклайди”, дея урғулаган Трамп.

АҚШнинг сайланган президенти ўз маъмуриятида мудофаа вазири сифатида Fox News шарҳловчиси ва армия фахрийси Пит Хегсетни кўришни исташини билдирган. Трампга кўра, у Пентагоннинг амалдаги “прогрессив” раҳбариятига қарши чиқишлар қилиб келади.

Париж прокуратураси Марин Ле Пен учун 5 йил қамоқ жазоси сўради

Марин Ле Пен
Марин Ле Пен

Париж прокуратураси суддан Европарламент маблағларини ўринсиз сарфланишига оид иш бўйича “Миллий бирлашма” партиясининг парламент фракцияси лидери Марин Ле Пенни беш йилга озодликдан маҳрум қилиш (бундан уч йили шартли қамоқ) ва 300 минг евро миқдорида жаримага тортишни сўради. Бу ҳақда BFMTV телеканали хабар қилди.

Бундан ташқари, прокуратура сиёсатчини беш йил давомида ҳокимият органларига сайланиш ҳуқуқидан маҳрум этилишини талаб қилмоқда.

Марин Ле Пендан ташқари мазкур иш бўйича “Миллий бирлашма”нинг яна 20 аъзоси маҳкамага тортилган. Прокуратура улар учун ҳам қамоқ жазоси сўраган.

Агар суд айблов ҳукмини чиқарса, Ле Пен сайловларда иштирок этиш учун ўз номзодини олға суролмайди.

Сиёсатчи айбловларга жавобан прокуратура францияликларни ўзлари истаган кишилар учун овоз бериш имкониятидан маҳрум қилмоқчи эканини билдирди.

Ле Пен ва унинг сафдошлари иши бўйича суд тингловлари Парижда жорий йилнинг сентябрь ойида бошланган. Тергов маълумотига кўра, айбланувчилар “Миллий бирлашма” учун пул ўғирлаш мақсадида Европарламентда ёлғондакамига ёрдамчилар ёллашган.

Ле Пен 2007 йилда Франция президенти лавозимига номзодини қўйиш ниятини билдирган эди.

“Толибон” Афғонистонида судланган шахс стадионда қатл этилди

"Толибон"нинг қуролли жангчиси (архив сурати)
"Толибон"нинг қуролли жангчиси (архив сурати)

Афғонистоннинг Пактия вилоятидаги Гардез шаҳри стадионида 13 ноябрь куни аввалроқ қотиллик айблови билан судланган шахс қатл этилди. Озодлик афғон хизматининг стадиондаги қатлга гувоҳ бўлган France Presse агентлиги мухбири сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, қатлни томоша қилиш учун минглаб маҳаллий турғун тўпланган. Судланган шахс кўксига учта ўқ отиш билан ўлдирилган. Қайд этилишича, ўқлар судланган шахс томонидан ўлдирилган кишининг оила аъзоси томонидан отилган.

Афғонистонда ҳокимият тепасида бўлган “Толибон” радикал ҳаракати назоратидаги Олий суд судланган шахс ўз қурбонини отиб ўлдиргани учун, шариат талабларига мувофиқ, унга ҳам айнан шундай жазо берилганини билдирган. Суд ҳукми “Толибон” лидери мулла Ҳайбатуллоҳ Охунзода томонидан тасдиқланган. Қатл маросимида толиблар шакллантирган ҳукуматнинг ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний иштирок этган.

2021 йилда ҳокимият тепасига қайтган толиблар анъанавий ислом шариати талабларига риоя қилаётганлик иддаоси билан мамлакатда қатор кескин меъёрларни жорий қилишган. Бу кескин чоралар айниқса аёллар ҳуқуқларини чеклашда намоён бўлмоқда. Шунингдек, “Толибон” Афғонистоннинг катта қисмини биринчи марта назорат қилган 1996-2001 йилларда кенг қўлланилмиш омма кўз олдидаги қатл амалиёти ҳам тикланган. Бироқ ҳозирда қатллар сони анча камайган – уч йил ичида қатл билан боғлиқ олтита ҳолат тўғрисида маълум, холос. Бу қатлларнинг ҳар бири халқаро ҳамжамият танқидига сабаб бўлган.

Трамп: Маск давлат бюрократиясини қисқартириш билан шуғулланади

Дональд Трамп ва Илон Маск сайловолди митингида (архив сурати)
Дональд Трамп ва Илон Маск сайловолди митингида (архив сурати)

Тадбиркорлар Илон Маск ва Вивек Рамасвами шишиб кетган давлат аппаратини қисқартириш ва қайта ташкил этиш мақсадида тузилажак янги муваққат тузилмага етакчилик қилишади. Бу ҳақда АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп 12 ноябрь куни маълум қилди.

Дональд Трампга кўра, икки тадбиркор давлат хизматларида “радикал ўзгаришлар” ташаббуси билан чиқиши керак бўлган “Ҳукумат самарадорлиги бўйича бошқарма”га масъул этиб тайинланган.

Бюрократияси камроқ бўлган янада самаралироқ ҳукумат Мустақиллик декларациясининг 250 йиллигига америкаликлар учун ажойиб совға бўлади”, дейилган Дональд Трампнинг баёнотида.

Янги бошқарманинг мақсади, Трамп қайдича, “давлат бюрократияси демонтажи, ҳаддан зиёд регуляцияни камайтириш, самараси бўлмаган харажатларни камайтириш ва федерал хизматларни қайта ташкил этиш”дан иборатдир. Бошқарма 2026 йил июлига бориб ўз фаолиятини тугатиши лозим.

SpaceX ва Tesla ширкатлари асосчиси Илон Маск ҳамда Roivant Sciences фармацевтика ширкати таъсисчиси Вивек Рамасвани давлат харажатларини қисқартириш ҳамда иқтисодиётда давлатнинг бошқарувчилик ролини камайтиришга оид чақириқлари билан танилишган.

Маск сайланган президентга давлат бюджетини 2 триллион долларга қисқартиришда ёрдам беришга тайёрлигини билдирган. Тадбиркор бу ишни қай йўл билан амалга оширмоқчи экани номаълум. Айни пайтда иқтисодчилар Трампнинг солиқларни қисқартиришга оид ваъдаси давлат қарзи кескин ошиб кетишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқдалар.

Сайланган президентнинг баёнотида янги тузилмага оид ҳеч қанақа тафсилот йўқ, у ерда бошқарма “ҳукуматдан ташқарида” фаолият олиб боришига оид жумла бор, холос.

НАТО раҳбари Россиянинг Шимолий Корея, Эрон ва Хитой билан алоқалари билан боғлиқ таҳдидлардан баҳс этди

НАТО бош котиби Марк Рютте
НАТО бош котиби Марк Рютте

Россиянинг Хитой, Шимолий Корея ва Эрон билан тобора ривожланиб бораётган алоқалари Европа, Ҳинд-Тинч океани минтақаси ва Шимолий Америкага таҳдид солмоқда, дея билдирди НАТО бош котиби Марк Рютте 12 ноябрь куни.

Франция президенти Эммануэль Макрон билан музокаралар олдидан Парижда чиқиш қилган Рютте трансатлантика бирдамлиги ва Украинани бундан буён ҳам дастаклаш муҳимлигини урғулади.

Россия билан Хитой ўртасидаги алоқалар ҳақида гапирар экан, НАТО раҳбари Пекин Россия иқтисодиётини, унинг мудофаа саноатини қўллаётгани ва халқаро майдонда унинг овозини кучайтираётганини қайд этди.

Биз Украинани шунчаки жанг майдонида дастаклашдан кўра кўпроқ иш қилишимиз керак. Биз Украинага зиддият траекториясини ўзгартириш учун зарур бўлган ёрдам тақдим этиш орқали Путин ва унинг авторитар таҳдидлари учун баҳони оширишимиз лозим”, дея иқтибос келтирган Рютте сўзларидан “Америка овози”.

Ўз навбатида, Эммануэль Макрон Украинага қанча керак бўлса, шунча ёрдам берилишини талаб қилишда давом этишини таъкидлаган. Франция президенти буни Украина учун тинчлик музокараларига ягона йўл, деб атаган.

Шуни очиқ баён қилишни истардимки, вақти келганда Украина бўйича украиналикларсиз ва Европа бўйича европаликларсиз ҳеч нарсани ҳал қилиб бўлмайди”, дея қайд этган Макрон.

Reuters агентлиги НАТО раҳбари Марк Рюттенинг трансатлантика алоқалари аҳамияти ҳақидаги сўзлари АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампга қаратилганига оид тахминни илгари сурган. Трампнинг яқинда бўлиб ўтган президент сайловидаги ғалабаси Вашингтон томонидан Украинанинг бундан буён дастакланиши юзасидан Киев ва Европанинг бошқа пойтахтларида турли хавотирларни юзага келтирган.

Россияда мигрантларнинг рус тилини билмайдиган фарзандларини мактабга қабул қилиш тақиқланиши мумкин

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россия Давлат думаси ҳукуматга мигрантлар фарзандларининг рус тилини билиши тасдиқланмасидан туриб уларни мактабга қабул қилишни тақиқлаш таклифини ўз ичига олган қарор лойиҳасини ҳозирламоқда. Бу ҳақда Давлат думаси раиси Вячеслав Володин маълум қилган.

Шунингдек, мигрантларнинг фарзандларини мактабга қабул қилишда уларнинг Россия ҳудудида қонуний юрганини текшириш таклиф этилмоқда. Депутатлар Давлат думасига бунга оид ҳам қонун лойиҳасини киритишади. Қарор лойиҳасини депутатлар 20 ноябрь куни бўлиб ўтадиган ялпи мажлисда кўриб чиқишни режалашмоқда.

Агар мигрантларнинг фарзандларини мактабга қабул қилиш рад этилса, депутатлар уларнинг мажбурий таълим олишини қандай таъминлашади – бу масалага Володин ойдинлик киритган эмас. Россия қонунчилиги ва халқаро меъёрларга мувофиқ, давлат мактаб ёшидаги барча болаларга мажбурий таълим тақдим этиши шарт.

Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин рус тилини билмайдиган ёки кам биладиган мигрантларнинг болалари билан ишлаш алгоритмини яратиш ҳақида топшириқ берган эди. Шунингдек, у рус тили ва Россия халқлари тилларини дастаклаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш кенгашига меҳнат мигрантларига нисбатан рус тили малакаси бўйича талаблар даражасини аниқлаш ва белгилаб қўйишни топширган эди.

The Telegraph: Путин Курск вилоятини Трамп инаугурациясигача қайтариб олмоқчи

Курск вилоятидаги Сужа шаҳридан лавҳа, 2024 йил августи
Курск вилоятидаги Сужа шаҳридан лавҳа, 2024 йил августи

Россия президенти Владимир Путин Курск вилоятининг украиналик ҳарбийлар томонидан эгаллаб олинган ҳудудларини Дональд Трампнинг 2025 йил 20 январига белгиланган инаугурациясига қадар қайтариб олишга умид қилмоқда. Бу ҳақда The Telegraph нашри хабар қилди.

Нашр танишиб чиққан Британия ҳарбий разведкаси баҳосига мувофиқ, яқин кунлар ичида Россия Украина позицияларига қарши дрон ҳужумларини кучайтириши мумкин.

Шунингдек, 12 минг чоғли шимолий кореялик ҳарбийлар Курск вилоятидаги жанговар ҳаракатларга жалб қилиниши кутилмоқда. The New York Times маълумотига кўра, Курск вилоятига ҳужум ҳозирлиги доирасида россиялик ҳарбийлар Шимолий Кореядан келган ҳарбийлар дохил 50 минг аскарлик гуруҳ тўплашган.

Украиналик таҳлилчилар фикрича, Кремль Курск вилоятига ҳужумдан Украинанинг Суми вилоятининг шимоли-шарқий қисмида илгарилаш учун ҳам фойдаланишни режалаётган бўлиши мумкин.

The Telegraph қайдича, Россия шу пайтгача украиналик ҳарбийлар томонидан август ойидаги амалиёт эгаллаб олинган ҳудудларнинг тақрибан ярмини қайтариб олишга муваффақ бўлган.

Аввалроқ The Washington Post газетаси АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ўтган ҳафтада Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилгани, мулоқот чоғида у Путинни Украинадаги уруш эскалациясига йўл қўймасликка чақиргани ҳақида хабар қилган эди. Кремль бундай сўзлашув бўлиб ўтганини рад этмоқда.

Сайловолди кампанияси чоғида Трамп, президентлик лавозимига сайланган тақдирда, Украинадаги урушни бир кун ичида якунлашга имкон берадиган йўлни топишини бир неча марта таъкидлаган эди. Айни пайтда республикачилар номзоди бўлган сиёсатчи қанақа конкрет қадамлар қўймоқчи эканига аниқлик киритган эмасди.

Польшадан бадарға қилинган тожик фаоли 23 йилга қамалди

Тожикистонда Польшадан депортация қилинган мухолифат фаоли Фаррух Икромов 23 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати хабар қилди.

Қароргоҳи Польшада бўлган Тожикистондаги сиёсий тутқунларни қутқариш бўйича фуқаролик қўмитаси раҳбари Абдусаттор Бобоев ўтган ҳафтада Икромов Душанбедаги тергов изоляторидан қамоқхонага ўтказилганини билдирди.

Бу маълумотни Озодликка Европада яшовчи тожикистонлик фаол Саидисҳоқ Бобоев тасдиқлаган. Унга кўра, “Тожикистондаги қамоқхонадан яқинда озод қилинган киши” Икромовни тергов ҳибсхонасидан қамоқхонага этап қилинаётган пайтга кўрганини айтган. Фаррух Икромов ўз қариндошларига ўзининг 23 йилга қамалганини айтиб қўйишни сўраган.

Озодликнинг тожик хизмати Икромовнинг яқинлари Тожикистон хорижида яшашини ва суд қарори ҳақида ҳеч нарса билмасликларини қайд этган.

Икромовга нисбатан чиқарилган ҳукм ҳақида расмий маълумот тарқатилган эмас.

36 ёшли Икромов Европада хотини ва икки фарзанди билан яшаб келаётган эди. У жорий йил апрелида Польшадан депортация қилинган. Аввалроқ Польша расмийлари унинг бошпана беришга оид илтимосини рад этишган, шу туфайли у Германияга чиқиб кетган, у ердан Икромов яна Польшага қайтарилган ва ноқонуний мигрантлар лагерида тутиб турилган.

Тожик мухолифати вакиллари Икромов 2023 йил сентябрида Германияда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ташрифи муносабати билан ўтказилган норозилик акциялари иштирокчилари ичида бўлганини айтишмоқда.

Тожикистонлик диссидентлар аввалроқ Европа мамлакатлари сиёсий таъқиблар туфайли мамлакатларини тарк этганлар учун ишончли бошпана бўлмай қолганини иддао қилишган эди. Бундай хулосага улар Австрия, Германия, Литва ва бошқа мамлакатлардан ўз сафдошларини депортация қилиш ҳолатлари кўпайгани ортидан келишган. Халқаро ташкилотлар ЕИ мамлакатларининг бу каби хатти-ҳаракатларини кескин танқид қилишган.

Ўтган ҳафтада Германия 40 ёшли мухолифат фаоли Дилмурод Эргашевни Тожикистонга депортация қилган эди. Депортация олдидан у “Эмомали Раҳмон режими томонидан муқаррар жазо”дан чўчиб, ўзини ўлдиришга уринган.

Қароргоҳи Венада бўлган Freedom for Eurasia ташкилоти раҳбари Лейла Назгул Сейитбек Озодликка Эргашев ишини кўриб чиқиш ва уни Тожикистондан қайтаришга кўмаклашиш илтимоси билан Европа инсон ҳуқуқлари судига талабнома йўлланганини айтган.

Тбилисида “Биз - Европамиз!” шиори остида акция бўлиб ўтди

Тбилисидаги норозилик намойишидан лавҳа, 2024 йил 11 ноябри
Тбилисидаги норозилик намойишидан лавҳа, 2024 йил 11 ноябри

Грузия пойтахтида 11 ноябрь куни “Биз - Европамиз!” шиори остида норозилик акцияси бўлиб ўтди. Ўтган парламент сайловини сохталаштирилган деб ҳисоблаган намойишчилар мамлакатда қайта сайлов ўтказилишини талаб қилишди.

Парламент биноси қаршисидаги Руставели шоҳкўчасида бир неча минг киши тўпланди. Йиғилганлар қўлларида Грузия ва Европа Иттифоқи байроқларини ҳамда “Грузия ЕИ учун овоз беради”, “Бидзинага санкциялар!” ва бошқа шиорлар ёзилган плакатларни кўтариб олишган эди.

Акцияга Германия, Финляндия, Швеция, Франция, Литва, Латвия, Эстония ва Польша парламентларининг ташқи алоқалар бўйича қўмиталари раислари ҳам етиб келишган. Душанба куни эрталаб Грузия парламенти Шалва Папуашвили ЕИ мамлакатларидан келган депутатларнинг сафарини “нохолис” деб баҳолаб, улар билан учрашишдан бош тортган, дея қайд этган Paper Kartuli нашри.

Германия Бундестагининг хорижий ишлар қўмитаси раҳбари Михаэль Рот Грузия парламенти олдида йиғилганларга мурожаат қиларкан, Тбилисини “Европанинг ҳақиқий пойтахти” деб атаган.

“Биз душман эмасмиз, биз дўстмиз!” деган Рот ўзининг Тбилисига сафари мамлакат ички ишларига аралашиш бўлиб ҳисобланмаслигини урғулади.

Тбилисида 11 ноябрь оқшомида швециялик фаол Грета Тунберг ҳам яна бир норозилик акцияси ўтказган. У душанба куни Бокуда очилган БМТ Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 29-сессиясини танқид қилган. Тунберг мазкур тадбир ташкилотчилари бўлган Озарбайжон расмийларини экология ҳақида ғамхўрлик ниқоби остида жамоатчилик эътиборини долзарброқ бўлган бошқа ижтимоий муаммолардан чалғитаётганликда айблаган.

“Бу норозилик тадбири нима учун Бокуда ўтмаяпти?” деган саволга швециялик фаол атайлаб учоқда парвоз қилмаслигини, ҳозир эса Озарбайжонга фақат ҳаво йўли орқали етиб бориш мумкинлигини айтган (мамлакатнинг қуруқликдаги чегаралари пандемия чекловлари туфайли аввалгидек ёпиқ қолмоқда). Ўз акциясини ўтказар экан, Тунберг парламент олдидаги норозиларга қўшилган.

Грузияда парламент сайлови 26 октябрь куни бўлиб ўтган. Расмий маълумотларга кўра, унда 53,9 фоиз овоз билан “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси ғалаба қозонган. Беш фоизли тўсиқдан мухолифатнинг яна тўртта партияси ўтган. Уларнинг ҳаммаси сайловда кенг кўламли сохталаштиришларга йўл қўйилганини билдириб, сайлов натижаларини тан олишдан бош тортишган. Мухолифат партиялари вакиллари депутатлик мандатини қабул қилишдан бош тортишиб, янгитдан сайлов ўтказилишини талаб қилишмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG