Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:23

Давлат компаниялари фақат маҳаллий товар ва хизматларни сотиб олади. Экспертлар бу саноқли шахсларни бойитишини айтмоқда


Президентнинг 24 август кунги қарори давлат харидлари учун тендерларда чет эл ишлаб чиқарувчилари иштирокини тақиқлади.
Президентнинг 24 август кунги қарори давлат харидлари учун тендерларда чет эл ишлаб чиқарувчилари иштирокини тақиқлади.

Ўзбекистон президенти 24 август куни имзолаган янги қарорга кўра¸ 2020 йилнинг 1 ноябридан давлат компаниялари ва таркибида давлат улуши бор корпорациялар товар ва хизматларни фақат маҳаллий ишлаб чиқарувчидан сотиб олиши шарт қилиб белгиланди.

Бундай тақиқ пандемия даврида маҳаллий ишлаб чиқарувчини қўллаб-қувватлаш иддаоси билан изоҳланган.

Озодлик гаплашган мустақил иқтисодчи ва тадбиркорлар фикрича¸ бу қарор ишлаб чиқариш ва хизматлар бозорида кейинги йиллар ичида деярли рақобатсиз фаолият юритиб келган бизнес структураларига давлат буюртмаларини ҳам рақобатсиз олиш учун яратилган имкониятдир.

Озодлик суҳбатдошлари берилган бож ва солиқ имтиëзлари¸ давлат гаранти ҳисобига олинаëтган чет эл кредитлари эвазига шоколаддан тортиб¸ газ ҳисоблагичларга қадар ишлаб чиқариш майдонини ўз монополиясига айлантирган саноқли шахсларнинг янада бойиши учун бутун мамлакат иқтисоди "товон тўлашини" таъкидлади.

Президент қарори моҳияти

24 август куни расмий матбуотда чоп этилган қарор “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” деб номланади.

Унга кўра¸ жорий йилнинг 1 ноябридан капиталининг 50 фоиздан ошиғи давлатга тегишли компаниялар товар ва хизматларни¸ агар мамлакатда шу товар ва хизматларни таклиф қилувчилар бўлса¸ улардан сотиб олиши шарт.

Қарорга кўра¸ чет эл ишлаб чиқарувчиси тендерга қўйилмаса ҳам¸ маҳаллий ишлаб чиқарувчига айни товар ва хизматлар учун импортникига нисбатан 15 фоиз устама нарх қўйишга рухсат берилади - давлат пулига айни ëки сифатлироқ товарларни хориждан арзонроққа сотиб олиш тақиқланади.

Агар бундай товар ва хизматлар мамлакат ичкарисида ишлаб чиқарилмаса¸ давлат компанияларининг бу маҳсулот ва хизматларни Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхатга киритиладиган (махсус танланадиган) хориж компаниясидангина сотиб олишига рухсат берилади.

Қарорда, шунингдек¸ давлат харидларини ўтказишнинг ички тартиблари жорий этилиши, уларнинг махсус порталда очиқ тендер асосида ўтказилишини таъминлаш айтилган. Айни пайтда¸ чет эл банклари ва халқаро молия тизимларидан олинадиган кредитга сотиб олинадиган давлат харидлари бундай очиқликдан истисно қилинган.

Шунингдек¸ “Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг товарлар (ишлар, хизматлар) харид қилишнинг бошқа тартиби ўрнатилган алоҳида қарорлари бўйича тузиладиган;

мудофаа қобилиятини, хавфсизликни таъминлаш ва ички тартибни сақлаш мақсадида амалга ошириладиган, шунингдек, давлат сирлари билан боғлиқ бўлган харид жараёнлари ва шартномалар”нинг жамоатчиликдан сир тутилиши¸ бу келишувларни солиқ тўловчига очиқламасликка рухсат берилган.

Юлий Юсупов: Бу қарор иқтисодни бозор тамойилларидан янада узоқлаштиради!

24 август куни қабул қилинган президент қарори¸аксар мустақил иқтисодчилар томонидан Каримов даврининг энг асосий баҳонаси – маҳаллий ишлаб чиқарувчини қўллаб-қувватлаш иддаоси билан ўзбек иқтисодини яна ортга тортиш ҳаракати сифатида баҳоланмоқда.

Хусусан¸ Тошкентдаги Иқтисодий тараққиëт маркази директори¸ таниқли иқтисодчи Юлий Юсупов 24 август куни Озодлик билан суҳбатда президент қарори билан ўзбек иқтисодининг аксар секторини монополия қилиб бўлган компаниялар йўлидан чет эл рақобатчиси ҳам олиб ташланаëтганини айтади.

- Масалан¸ давлат идорасига канцелярия товарлари керак. Ичкарида айни товарни ишлаб чиқарадиган иккита ширкат борми¸ ўз-ўзидан импорт тақиқланади. Гўë очиқ тендер ўтказилади ва унда иккита маҳаллий ширкат қатнашади. Бу икки маҳаллий ишлаб чиқарувчи амалда битта одамники¸ фақат иккитаси иккита жиян ëки қўл остидагиларга расмийлаштирилган. Лекин қоғозда уларнинг бир-бирига алоқаси йўқ¸ гўë тендерда рақобатчи сифатида қатнашаяпти. Улар ўз маҳсулотини давлатга қанчадан таклиф қилишни олдиндан келишиб олади. Биринчиси¸ 200 доллар нарх қўйса¸ иккинчиси 300 дейди. Бу қарор бўйича¸ давлат иккита таклифдан арзонини сотиб олади. Ваҳоланки¸ сифатига гарантия берадиган чет эл ишлаб чиқарувчиси айни товарни 100 долларга етказиб бериши мумкин. Лекин у тендерда қатнаша олмайди¸ бу қарор билан унинг иштироки тақиқланди.

Иқтисодчи бундай қарор оқибатида 100 долларлик товар учун 200 доллар тўлашнинг аслида солиқ тўловчи чўнтагидан амалга оширилаëтганига эътибор қаратади.

- Давлат бюджетидаги пул бу солиқ тўловчининг пули. Қолаверса¸ кредитни қайси хориж ташкилоти берганидан қатъи назар¸ бу қарзни давлат яна ўша солиқ тўловчи ҳисобидан қайтаради. Бу пулларнинг нимага олиниб¸ нимага ишлатилиши мутлақ шаффоф бўлиши керак. Давлатга берилган хориж грантлари ҳам худди шундай¸ тийин-тийинигача шаффоф бўлиши шарт. Бу қарорнинг айрим бандлари билан айнан тескариси қилинмоқда. Бу мутлақо нотўғри иш.

Бу қарор кимга¸ нимага керак бўлди?

Озодлик гаплашган мустақил иқтисодчи ва импорт билан шуғулланувчи айрим тадбиркорлар¸ президент янги қарорини Ўзбекистон иқтисоди бўйнига монополистлар солган сиртмоқнинг янада тортилиши сифатида баҳолади.

Шахси очиқланмаган импортëр¸ бу қарор ортида ҳукумат тинимсиз бераëтган солиқ¸ бож ва кредит имтиëзлари ортидан Ўзбекистонда шоколад ишлаб чиқаришдан Сардобадаги арзон уйларни қуришгача бўлган товар ва хизмат бозорини ўз монополиясига айлантирган саноқли шахслар турганини таъкидлади.

«Любая бизнес хороша. Хитойдан олиб келинган арзонгаров товарлар - электротехникадан тортиб шоколад қоғозигача Made in Uzbekistan деган ëрлиқ ëпиштириб¸ маҳаллий ишлаб чиқарувчи сифатида бозорни эгаллаб бўлишди. Чегара очиқ бўлса¸ нарëғда бу сифатсиз товарлардан анча яхшилари турганини ўзлари ҳам билади. Товар ва хизматларнинг бозордаги энг катта буюртмачиси давлат ва унга қарашли йирик компаниялар. Энди булар уятни йиғиштириб қўйиб¸ рақобат бўлса ўтмайдиган товарини бюджет пулига ўтказиш учун импортни тақиқлашга эришди. Бу ерда гап миллиард¸ балки триллион сўмлик буюртмалар ҳақида гап кетаяпти”.

Мустақил иқтисодчи Юлий Юсупов ҳам президент қарорининг Ўзбекистон сиëсий элитасидаги саноқли шахслар манфаати учун қабул қилинганини айтади.

-Бу қарор¸ табиийки¸ лоббичиларнинг иши. Импортга ялпи тақиқ қўя олмагани боис¸ бу қарорда келтирилган каби ҳар хил маъмурий тўсиқлар билан тақиқлашаяпти. Импорт кирмаган бозорда конкуренция бўлмайди. Лоббичи гуруҳлар рақобатсиз бозорни эгаллаб олишади. Бу жуда ëмон. Биринчидан¸ истеъмолчи учун. Ўзбекистонликлар маҳсулот ëки хизмат фақат Ўзбекистонники бўлгани учун бир неча баравар қиммат тўлашга мажбур бўлади. Маҳаллий деган товарнинг ўзи маҳаллийми¸ деган савол жавоби ҳали очиқ.

Иккинчидан¸ бу бюджет учун ëмон. Чунки маҳаллийларга ҳар хил солиқ имтиëзлари берилиши¸ ëки импортга қўйилган бу каби тўсиқлар ортидан чет элдан товар келиши кескин камаяди ва бюджетга бож солиқлари тушмай қолади.

Энг муҳими эса¸ бу иқтисод ривожланиши учун ëмон. Чунки рақобат йўқ жойда ишлаб чиқарувчида ривожланишга мотив қолмайди. Улар бозорда паразитга айланади¸ бозорда якка ҳукмрон эканини билганидан кейин истаганини қилади¸ уларга ривожланишнинг нима кераги бор? Ҳамма оғирликни истеъмолчи елкасига ташлаб¸ сифати ҳаминқадар маҳсулотини энг қиммат нархда ўтказиб юраверади. Рақобатсиз қолган ҳар қандай компания ўзини айнан шундай тутади. Бундай қарор билан биз иқтисоднинг ҳар бир иштироксичи – истеъмолчигаям¸ солиқ тўловчигиям¸ ҳатто маҳаллий ишлаб чиқарувчигаям бирваракайига зиëн еткизаяпмиз. Бу ерда фақат сараланган ишлаб чиқарувчилар¸ аниқроғи конкрет шахсларгина фойда олади. Бу ишлар фақат шу бир неча шахснинг манфаати учун амалга оширилмоқда.

Президент қарорини бекор қилиш сўралди

“Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” президент қарори қабул қилиниши арафасида маҳаллий матбуотда унинг лойиҳаси ҳақида хабар берилган эди.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга берилиши айтилган янги преференциялар ўшандаëқ жиддий эътирозга учраган эди.

Хусусан¸ газета.уз нашридаги мунозара қатнашчиларининг барчаси бу қарор билан бозордаги рақобатнинг бутунлай йўққа чиқарилишини таъкидлади.

Шарҳловчилардан бири¸ “газ ҳисоблагичлар мисолида яна янгидан пайдо бўлган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг бошқа маҳаллийларни қандай бўғганига гувоҳ бўлдик! Бу имтиëзлар маҳаллий ишлаб чиқарувчини импорт билан рақобатда қўллаш учун эмас¸ амалдорларнинг ўзига тегишли бўлмаган бошқа ишлаб чиқарувчиларни ўйиндан чиқариш учун берилгани кўринди”¸ деб ëзди.

Бу лойиҳанинг президент қарори сифатида қабул қилингани ортидан¸ мустақил иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров Телеграм каналида уни бекор қилишга чақирди.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қарор, агар ростанам имзоланган бўлса, унинг оқибатлари бусиз ҳам ҳоли абгор иқтисодиётимизга, турмуш даражаси юқори бўлмаган халқимизга зиён келтирмасдан туриб бекор қилиниши лозим.

Иқтисодчилар, умуман ўзининг ва фарзандларининг тақдирини Ўзбекистон билан боғлаганлар бефарқ қолмасликлари лозим”.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG