Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:55

Журналист Бобомурод Абдуллаев Бишкекда қийноққа солинганини иддао қилди (ВИДЕО)


Бобомурод Абдуллаев 9 августда Бишкекда қўлга олинган эди.
Бобомурод Абдуллаев 9 августда Бишкекда қўлга олинган эди.

Бишкекда қўлга олиниб Ўзбекистонга ўтказиб берилган журналист Бобомурод Абдуллаев Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов хибсхонасида қийноққа солинганини иддао қилди.

У ўзига нисбатан куч қўлланган ходимларга чора кўрилишини сўраб Қирғизистон Бош прокуротурасига ҳам мурожаат қилган.

Абдуллаевнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилинишини қоралаётган қирғизистонлик адвокатлар бу воқеа чуқур ўрганилишини талаб қилмоқда.

Аммо Қирғизистон расмий идоралари журналистнинг бу баёнотига хозирча муносабат билдирмади.

Бобомурод Абдуллаев Тошкентдаги синглисининг уйидан “Настояшчее время” телеканалига берган суҳбатида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳибсхонасида қийноққа солингани тўғрисида баёнот берди.

Унга кўра, бу воқеа Бишкекнинг Биринчи Май туман суди уни 8 сентябргача эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақлаш тўғрисида қарор чиқарганининг эртаси куни, яъни 11 августда бўлган.

Абдуллаевнинг айтишича, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси терговчиси экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарорни имзолашга мажбур қилган.

- Мен имзолашдан бош тортдим. Ҳаракатлари фойдасиз бўлганидан бироз вақт ўтиб улар камерага кириб, қўрқитиб, ҳужжатни имзолашимни талаб қилишди. Савлатлироқ бири мени каравотга ётқизиб, яшил сочиқ билан бўғди. Қочаман деб иккита темир каравот орасига йиқилиб тушдим. Қошимдан қон кетиб, юзимга тушганда улар қўрқиб камерамдан чиқиб кетишди - деди Абдуллаев рус тилида берган суҳбатида.

Бобомурод Абдуллаев Озодлик билан бўлган суҳбатида ҳам терговчи Равшан Токонов уни экстрадиция тўғрисидаги ҳужжатни адвокатлар иштирокисиз имзолашга мажбур қилмоқчи бўлганини билдирган, аммо ўзига нисбатан қийноқ қўлланилгани ҳақида айтмаган эди.

Бобомурод Абдуллаев қирғизистонлик адвокатлари орқали ўзига нисбатан қийноқ қўлланилгани тўғрисида Қирғизистон Бош прокуратурасига ариза киритганини ҳам билдирган.

- Биз қийноқ қўллаш ҳоллари бўлгани борасидаги аризани бир неча кун олдин расман Бош прокуратурага берганмиз. Ҳозирча улардан ҳеч қандай жавоб олмадик. Бизнинг оммавий ахборот воситаларига берган билдирувларимизга ҳам Бош прокуратура муносабат билдирмади. Ҳудди кар ва соқов бўлиб қолгандай бўлишяпти - деди Абдуллаевнинг Бишкекдаги адвокати Темур Карабаев.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг маълум қилишича, Бош прокуратура матбуот хизмати бу борада кейинроқ изоҳ берилишини билдирган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳам ўзбекистонлик журналист баёнотига муносабат билдирмади.

Махсус хизмат Бобомурод Абдуллаевни Ўзбекистон сўрови билан 9 август куни Бишкекда қўлга олган. Бишкекнинг Биринчи Май туман суди журналистни 8 сентябргача махсус хизмат тергов ҳибсхонасида қолдириш тўғрисида қарор чиқарган.

Махсус хизмат Абдуллаев 14 кундан кейин, 22 августда Тошкентга ўтказиб берилганини маълум қилган.

- Қийноқ қўлламаслик ва тегишли вақтда тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича кафиллик олинди ва шунинг асосида Абдуллаев Ўзбекистон томонига ўтказилди, -деган эди Қирғизистон махсус хизмати вакили Рахат Сулайманов 22 август куни.

Бишкекдан Тошкентга олиб келинган Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон ДХХ ходимлари тарафидан саккиз соат сўроқ қилиниши ортидан уйига қўйиб юборилган.

Унинг адвокатлари Абдуллаев Қирғизистондан қочқинлик сўраб ариза берганига қарамай, махсус хизмат журналистни Ўзбекистонга ўтказиб беришини қоралаган. Бу ҳаракат учун Қирғизистон ҳукуматини бир қатор халқаро ташкилотлар ҳам танқид қилган.

Бобомурод Абдуллаев шу йилнинг февралида Марказий Осиёдаги Америка Универститети таклифи билан 4 ойлик ўқиш учун Бишкекка келган. Коронавирус пандемияси сабабли чегаралар ёпилгани учун қайтиб кетолмаган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG