Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:23

«Бухоро инқилоби»нинг 100 йиллиги: Амир Олимхон бойлик ва ҳарамига оид афсона ва ҳақиқат


Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхон 1920 йили Бухоро ишғоли бошланиши билан ўз давлатини ташлаб¸ ҳозирги Афғонистон ҳудудига қочиб кетди. Сурат 1911 йили олинган.
Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхон 1920 йили Бухоро ишғоли бошланиши билан ўз давлатини ташлаб¸ ҳозирги Афғонистон ҳудудига қочиб кетди. Сурат 1911 йили олинган.

2020 йилинг 2 сентябрь куни жаҳон харитасидан Бухоро амирлиги деган давлат йўқолганига 100 йил тўлади. Амирлик вайроналари устида туғилган Бухоро республикаси¸ бир ой ўтиб-ўтмай Бухоро халқ совет республикасига айланди.

АҚШнинг Миннесота штатидаги Carleton College профессори¸ тарихчи олим Адиб Халид Озодликка тақдим этган мақола ана шу санага бағишланган.

“Ўзбекистон: Миллатнинг туғилиши”¸ “Коммунизмдан кейинги ислом” каби китоблар муаллифи бўлган профессор Халид бу мақоласида Бухоро амирлигининг "Қизил армия" томонидан ишғол қилинишини “халқ инқилоби” сифатида тақдим этиб келган советлар иддаосини савол остига олади.

***

Профессор Адиб Халид бугунги Ўзбекистон тарихига оид қатор китоб ва мақолалар муаллифи.
Профессор Адиб Халид бугунги Ўзбекистон тарихига оид қатор китоб ва мақолалар муаллифи.

Бундан роппа-роса юз йил олдин – 1920 йилнинг 2 сентябрида Ишчи ва деҳқонлар Қизил армиясининг Туркистондаги қўшинлари Бухоро шаҳрини ишғол қилиб, Бухоро амирлигини тугатди.

Улар сафида Бухородан уч йил олдин қувиб чиқарилган, мухолифатнинг узоқ йиллик аъзоларидан иборат бир гуруҳ эмигрант бор эди. Эндиликда улар амир тузумини ағдариб, унинг ўрнига Халқ республикасини эълон қилиш учун қайтган эдилар. Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхон ҳужум олдидан қочиб кетди ва Бухорони бошқа кўрмади.

Янги ҳукмдорлар ўзларининг тантанали қайтишини «инқилоб» дея атадилар. Кейинчалик совет тарихчилари бу ҳодисаларга советча ва марксистларча бўёқ беришди. Cовет даврида амирликнинг ағдарилишини Бухоронинг эзилган халқи амирнинг зулмига қарши кўтарилиб, уни ҳайдаб юбориши билан якунлаган инқилоб ўлароқ тасвирлашда давом этишди. Бу ҳикояда Қизил армиянинг роли «Бухоро мустабид ҳокиминг деспотизмига қарши курашда бухороликларга инқилобий биродарлик ёрдами» билан чекланган эди.

Совет Иттифоқи қулаганидан кейин, эски чекловлар бекор қилинди, архивлар очилди ва биз бўлиб ўтган ҳодисаларни ўзгача ҳикоя қила оламиз.

Москвалик тарихчи Владимир Генис бу ҳодисани «қалбаки инқилоб» деб атайди. Амирнинг ағдарилиши ва республика тузилишида бухороликлар иштирок этган, аммо Бухорода халқ қўзғолони бўлган, деб бўлмайди.

«Инқилоб» қандай бўлган бўлишидан қатъи назар, у бутун бир давр якунланганидан нишона эди.

Бухоро амирлиги Марказий Осиёдаги сўнгги давлат эди. Унинг қулаши билан бир неча аср тарихга эга сиёсий анъана ўз якунига етди. Шунингдек, сулолалар ҳукмронлиги тушунчаси тугатилди.

Манғитлар сулоласи Бухорони XVIII аср ўртасидан бери бошқариб келаётган эди. Марказий Осиёдаги аксар ҳукмронлардан фарқли ўлароқ, манғитлар Чингизхон авлодлари эмас эди. Ҳудудда XIII асрдан бошлаб Чингизхон авлодлари сиёсий легитимликка эга ҳисобланган. Шунинг учун манғитлар ўз легитимликларини бошқа йўл билан ўрнатишди. Хусусан, улар тахтга эгалик¸тартибни сақлаш ва адолат ўрнатиш иддаоларига таяндилар. Шунингдек, улар исломий легитимликка кўпроқ урғу бердилар ва амир ёки амир ал-муслимин унвонини ишлатдилар.

Ушбу легитимлик принциплари Россия Марказий Осиёни ишғол қилганида сақлаб қолинди. 1860-йилларда Россия қўшинлари Марказий Осиёда йирик ҳудудларни босиб олди. Аммо бир неча дипломатик ва молиявий сабабларга кўра, амирни тахтда қолдиришди ва унинг бошқарувидаги ҳудуднинг аксар қисмига (ҳаммасига эмас) тегмадилар. Бухоро Россия империясининг протекторатига айланди. Бу тартиб XIX асрдаги империализмда кенг тарқалган эди.

Амирлар ушбу янги муносабатдан яхши фойдаланишди. Руслар учун улар минтақада тинчлик ва барқарорликни кафолатловчи содиқ дўстлар сифатида намоён бўлдилар. Улар империя тадбирларида қатнашдилар, Россия армиясидан фахрий унвонларни олдилар, фарзандларини Россия ҳарбий академияларига таҳсил олиш учун юбордилар. Халққа эса ўзларини урф-одатлар ва исломий ҳокимиятнинг сўнгги қўрғони ўлароқ кўрсатдилар. Амирлар ўз бошқарувидаги ҳудудларда замонавий мактаб ёки босмахона каби янгиликларнинг пайдо бўлишига қаршилик кўрсатдилар.

Бухоро 1917 йилнинг февралида Россия монархияси қулаганидан кейин ҳам омон қолди. Ҳукмрон амир Саид Олимхон фурсатдан фойдаланиб, Россия ҳукмронлигидан қутилиб, эркинликни қайта қўлга киритди. У ислоҳотлар ўтказишга чорлаган фуқароларга босимни кучайтирди (уларнинг кўпчилиги тазйиқлардан қочиб, Туркистонга кетди) ва армиясини кучайтирди. Аммо у эҳтиёткорлик билан чора кўрди ва Туркистонда илдиз отаётган совет ҳокимиятини ўзига душман қилмасликка ҳаракат қилди. Икки йилдан кўпроқ вақт давомида амир ҳукумати Совет Туркистони ёнида яшади.

Совет ҳокимияти ҳам Бухорога эҳтиёткорлик билан ёндашди. Совет Иттифоқининг Бухородаги мухтор вакили А. Э. Аксельроднинг сўзларига кўра, ҳарбий ечим мақсадга мувофиқ эмас эди.

«Бухоро армиясини тор-мор этиш жуда осон, аммо тоғдаги икки ярим миллион одам билан курашиш мутлақо имконсиздир». Қолаверса, ҳарбий чора совет режимидан нафратланувчи ва Ҳиндистондаги империяси чегаралари яқинида русларнинг ҳар бир ҳаракатига шубҳа билан қараб келган инглизларни қўзғатиши мумкин эди.

Тошкентдаги совет мулозимлари эса жанг қилишга ҳозиру нозир эди. Қизил армиянинг Туркистон фронти қўмондони Михаил Фрунзе 1920 йилда ҳарбий чора кўришни тарғиб қила бошлади. Унинг тахминича, яқин келажакда Бухорода инқилоб содир бўлиши имконсиз эди. «Бухорода инқилобий кўтарилиш яратиш учун ойлаб эмас, балки йиллаб кутиш керак».

Бундан ташқари, «Бухородаги ҳаракат туртки бўлиш керак, қолган ҳамма нарсани, тахминан 9/10 ини, Россия Қизил армияси амалга ошириши керак». Ёз давомида Фрунзе сиёсий бюрони ўз позициясининг тўғрилигига ишонтирди ва истилони бошлашга рухсат олди.

Турткини амир оппозицияга тазйиқ ўтказишни бошлаганидан сўнг амирликдан қочиб кетган бухоролик муҳожирлар бериши керак эди. Улар бир неча гуруҳ, шу жумладан, кичик Бухоро коммунистик партияси (БКП) ва Бухоро жадидларининг эндиликда ўзини "Ёш бухороликлар" деб атаётган икки фракциясига бўлинган эди. Бу гуруҳлар бир-бирини хуш кўрмас этди. Август ойида Фрунзе ушбу гуруҳларнинг барчасини БКПга қўшилишга мажбурлади, аммо кейинчалик "Ёш бухороликлар"ни раҳбарлик лавозимларига тайинлади. Айнан мана шу янги коммунистлар Бухоро инқилобини амалга оширишда Қизил армия билан юриш қилишди.

Ҳарбий амалиёт 28 августдан 29 августга ўтар кечаси Чоржўйда (ҳозирги кундаги Туркманобод) бошланди. Кейинги беш кун ичида Қизил армия қўшинлари бир неча йўналишдан кириб келиб, амирлик ҳудудини эгаллаб олишди. Бухоро шаҳри 2 сентябрь куни ердан ва ҳаводан отилган ва шаҳарга катта зарар етказган снарядлар ёмғири ортидан таслим бўлди. Куннинг охирига келиб амирлар қароргоҳи – Бухоро арки устида қизил байроқ кўтарилди. Марказий Осиёдаги сулола принципига асосланган сўнгги давлатнинг куни битган эди.

Олимхон қўшинлар бостириб киришидан олдин бир гуруҳ жангчиси ва содиқ шериклари билан пойтахтдан чиқиб кетди. У шарқий Бухоронинг тоғли ҳудудига етиб бориб, ўша ердан Қизил Армияга қарши мухолифатни гиж-гижлашга ҳаракат қилди. Кўп ўтмай фикридан воз кечди ва Кобулга қараб отланди. Амир Омонуллоҳ унга бошпана берди ва Олимхон қолган умрини Кобулда ўтказди. Инглизлар уни Ҳиндистонга киритмадилар, ҳатто ҳажга мамлакат орқали ўтиб кетишига йўл бермадилар. Қизиғи, советлар ва "Ёш бухороликлар "Олимхонни инглизларнинг хизматкори, деб айблаб келаётган эди.

1929 йилда у «Мазлум Бухоронинг овози» деб номланган бироз ғалати рисола ёзди. Миллатлар Лигаси номига йўлланган рисолада Олимхон Бухоро манфаатларини илгари сурди. Аммо Олимхон Биринчи Жаҳон урушидан кейин одатга айланган халқаро сиёсат тилини яхши ўзлаштирмаган эди. Китоб француз тилида нашр этилди, аммо рус тилидаги асл нусхадан таржима қилингани аён эди. Унда Олимхон фақат большевикларнинг хоинлиги ҳақида сўзлаб, ўзини ягона қурбон ўлароқ тасвирлайди: большевиклар уни ҳукмронликдан маҳрум қилишган эди. Олимхон ўзини бухороликлар ёки бухороликлар ватани нуқтаи назаридан изҳор қилинган аргументни илгари суришга мажбурлай олмади.

Олимхон бойликлари ва хизматкорларининг асосий қисмини ортда қолдирди. Бу ҳолат у ва ўтмишда қолган тарих ҳақида икки афсона юзага келишига сабаб бўлди. Уларнинг бирига кўра, амир афсонавий даражада бадавлат эди. Унинг бойлиги айрим ҳолатларда 35 миллион фунтга баҳоланди (ўша пайтдаги пулда). Агар бу рақам тўғри бўлса, бу кўрсаткич амирнинг очкўзлигини лаънатловчи қоралашга тенг бўлиб, унга қаратилган барча танқидлар асосли эканлигини кўрсатади.

Аммо мазкур рақам бўрттирилгани аён, чунки Бухоронинг йиллик ялпи ички маҳсулоти бундан анча кичик эди. Аслида бу «шарқона деспотлар» ва уларнинг бойликлари ҳақидаги шарқшуносларнинг стереотиплари маҳсулидир. Аммо амир хазинаси ҳақидаги ҳикоя тез орада афсонага айланди ва унинг олтин ва кумушлари поездлар билан Москвага олиб кетилганлиги ҳақида сўз тарқалди. Бу ҳикоя расмий тарихчиларнинг Бухородаги инқилобни халқ қўзғолони ўлароқ кўрсатишга қаратилган уринишларига қарамасдан, Бухоро истилоси ва унинг ўмарилиши ҳақида халқ орасида қолган масал ўлароқ қабул қилиниши керак.

Иккинчи афсона амирнинг ҳарами ҳақида. Бу афсонада шарқшуносларнинг стереотиплари катта ўрин тутади. Барча Марказий Осиё ҳукмдорлари бир нечта хотин ва канизакларга эга эди. Бу ҳукмдорлик мақомининг бир қисми эди. Аммо ХХ асрнинг бошларида амир ва унинг автократик ҳокимияти танқидчилари унинг ҳарамига катта эътибор қарата бошладилар.

Олимхоннинг ҳарами халқ очарчилик билан кун кечираётган бир пайтда, амир шароб ва аёллар қуршовида чексиз жинсий лаззатланишдан баҳраманд бўлишда давом этаётган завқ саройига ўхшатилди. Ҳарам ҳақидаги афсона амирларни ёмонотлиқ қилиш ва обрўсизлантиришда жуда муҳим эди. Ҳикоя "Ёш бухороликлар" рисолаларида пайдо бўлди ва кейинчалик совет тарихига киритилди. Афсона Бухородаги экскурсия гидларнинг доимий мавзусига айланди. Совет Иттифоқи парчаланиб кетганига кўп бўлди, лекин амирнинг ҳарами ҳақидаги ҳикоялар ҳануз яшамоқда.

Амирлик замирида ётадиган асосий сиёсий тахминлар ҳам унутилди. Амирликда сулола ҳукмронлик қилиб келаётган эди ва барча субъектлар унга содиқ эди. Сулола ўзбек бўлганлиги билан, иш юритиш, таълим ва юксак маданият тили асосан форс тили бўлгани (ўша пайтда бу тил доимо форсий деб аталарди) зиддиятли ўлароқ кўрилмас эди. Миллат эса амирликнинг сиёсий луғатида йўқ эди. "Ёш бухороликлар" эски тузумда кўп камчилик топди. Миллатга эътиборсизлик улар орасида энг муҳими эди.

"Ёш бухороликлар" ҳокимиятга келганларидан кейин, бу ҳолатни тузатишга киришдилар.

***

Тарихий воқеаларга берилаëтган баҳо мутлақо муаллиф позицияси ифодасидир. Муаллиф қарашлари Озодлик позициясига мос келмаслиги мумкин.

XS
SM
MD
LG