Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:25

Туркиянинг бир неча шаҳрида ИШИДга алоқадорликда гумонланган ўнлаб ўзбекистонлик қўлга олинди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Туркиянинг Истанбул¸ Адана¸ Ғозиантеп ва Хатай каби шаҳарларида 1 ва 2 сентябрь кунлари Туркия хавфсизлик кучлари тарафидан ўтказилган махсус амалиëт пайтида камида йигирмага яқин Ўзбекистон ватандошининг қўлга олингани айтилди.

Қўлга олинганлар ИШИДнинг Туркиядаги "амири" Маҳмуд Ўздан(Mahmut Özden)га логистик қўллов берганлик ва террорчиликка алоқадорликда гумонланмоқда. Қўлга олинганлар шахсига оид маълумот ҳозирча Озодлик ихтиëрида йўқ.

Қўлга олинганлар орасида камида 20га яқин ўзбек борлиги ҳақида Озодликка Туркия хавфсизлик тизимига яқин истанбуллик тадбиркор ва Туркия Ташқи ишлар вазирлиги мулозими маълум қилди.

Уларнинг айтишича¸ 31 август куни ИШИДнинг Туркиядаги “амири” Маҳмуд Ўздан қўлга олинганида¸ “амир”га оид ўнлаб компьютер ва бошқа электрон жиҳозлардан Туркиядаги ўзбек ва тожикларнинг исми-шарифи ва яшаш манзиллари рўйхати чиққан.

Туркиядаги диндорларга ëрдам берадиган икки гуманитар ташкилотнинг Озодлик гаплашган вакиллари кейинги икки кун ичида Ўзбекистон ватандошларининг ИШИДга алоқадорликда гумонланиб қўлга олинганини тасдиқлади.

Айтилишича¸ Тожикистон хавфсизлик идораси кейинги икки кун ичида Туркияда қўлга олинган марказий осиëликлар¸ хусусан тожик ватандошлари ҳақида маълумотга эга ва ҳозирда улар шахсини аниқлаш билан шуғулланмоқда.

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги тизимида ишловчи мулозимнинг Озодликка айтишича¸ Ўзбекистон хавфсизлик идорасига ҳам қўлга олинган ўзбекистонликлар ҳақида хабар берилган.

Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги боис шахсини очиқламаган турк мулозими¸ қўлга олинганларнинг жами сонига оид аниқ маълумот бермади.

Туркия дипломатик идорасига алоқадор суҳбатдош мамлакатда ИШИДга алоқадорликда гумонланаëтган шахсларни қўлга олиш ҳафта мобайнида давом этиши ва ушланганлар сонининг ўсиш эҳтимоли борлигини таъкидлади.

"Амир" қўлига кишан тақилди

1 сентябрь куни Туркия Ички ишлар вазири Сулаймон Сўйли (Süleyman Soylu) Twitterдаги саҳифасида ИШИДнинг Туркиядаги тўдабошиси қўлга олинганини маълум қилди.

“Ўзини ИШИДнинг Туркиядаги амири деб атаган кимса ушланиб, қамоққа олинди. Ташаккурлар¸ табриклар хавфсизлик ташкилоти!”

Вазир бу очиқлама ортидан журналистлар билан учрашиб “Туркиянинг Адана шаҳрида ўтказилган махсус амалиëт пайтида ИШИДнинг Туркиядаги амири Маҳмуд Ўздан қўлга олинганлиги” ҳақида маълумот берди.

Туркия Ички ишлар вазирининг матбуотга билдиришича¸ ИШИДнинг қўлга олинган етакчиси 10-12 кишилик гуруҳлар тузиб¸ Истанбулда масжидга айлантирилган Аë София обидасига қарши террор ҳужуми ўтказишни режалаган.

Вазир бошқа қўлга олинганлар¸ хусусан¸ улар орасидаги Ўзбекистон ватандошлари борлиги ҳақида гапирмади.

Hurriyet газетасининг 2 сентябрь куни ëзишича¸ ИШИД амири ушланган 31 август куни яна 11 киши қўлга олинган. Нашр эълон қилган видеолавҳада қўлига кишан тақилган ўнлаб соқолли одамларнинг хавфсизлик кучлари етовида олиб кетилаëтгани акс этган.

Озодлик билан суҳбатлашган Туркия Миллий хавфсизлик ташкилотига яқин тадбиркорга кўра¸20 га яқин Ўзбекистон ватандоши ИШИД амири ҳибсга олинган куннинг эртаси - 1 ва 2 сентябрь куни ўтказилган амалиëтлар чоғида қўлга олинган.

Қўлга олинган ўзбекистон ватандошлари Туркиянинг Истанбул¸ Адана¸ Ғазиантеп ва Сурия чегарасидаги Хатай шаҳарларида истиқомат қилган.

Озодлик гаплашган тадбиркорнинг айтишича¸ “31 август куни қўлга олинган ИШИДнинг Туркиядаги амирига оид ўнлаб электрон дивайслардан ўзбекларнинг исми ва яшаш манзили чиққан.”

Суҳбатдошга кўра¸ “қўлга олиш яна давом этади. Туркиядаги ИШИД ва бошқа диний ташкилотларга мойил ўзбеклар хавотир билан яшашмоқда”

Самарали амалиëт

CNN TÜRK телеканали 1 сентябрь куни Туркия хавфсизлик кучларига таяниб мана бу хабарни тарқатди:

"Кейинги пайтдаги энг муҳим ва самарали амалиëтдан бири. Амалиëтга тайëргарлик ойларча давом этди. Илк амалиëт ўткан ҳафта амалга ошди. ИШИДнинг муҳим бир бомбачиси қўлга олинди. Калашников қуроллари мусодара қилинди. Reina (Ўзбекистон ватандоши Машарипов тарафидан террор хужуми ўтказилган тунги клуб) ҳужуми каби бир ҳужумни Тақсимда (Истанбул маркази) амалга ошириш режасига барҳам бердик. Истанбул Террорга қарши кураш идораси ва Истиҳборат (разведка) шўъба мудирлиги бу террорчиларни қадамба қадам излади. Мингларча соатлик видеотасвирларни таҳлил қилишди. Охирида ушлашди”.

Туркия ИШИДга мойил ўзбеклар учун инкубатор

Туркия¸иш излаб хорижга кетаëтган ўзбекистонликлар учун Россия ва Қозоғистондан кейинги йирик меҳнат бозорига айланган.

Ўзбекистон паспорти билан 30 кунгача визасиз қолиш мумкин бўлган бу мамлакатда ҳозирда қанча ўзбекистонлик ишлаëтгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Тахминларга кўра¸ улар сони бир миллионга яқинлашган.

Айни пайтда¸ турли исломий гуруҳлар эркин фаолият юрғизаëтган Туркия Ўзбекистон ҳукуматининг диндорларга нисбатан муносабатидан қониқмаëтганлар учун ҳам қулай бошпанага айланган.

Норасмий маълумотларга кўра¸ Туркияда Суриядаги ҳарбий низода иштирок қилган ва қилаëтган 3 мингга яқин Марказий Осиë республикалари ватандошлари ва уларнинг оилалари истиқомат қилади. Улардан камида минг нафарининг Ўзбекистон ватандоши экани айтилади.

Норасмий манбаларга кўра¸ камида 4 минг ўзбекистонлик шу кунда Суриядаги низолашаëтган жангари тўдалари¸ хусусан ИШИД жангарилари сафида фаолият юритмоқда.

Истанбулда қирғин уюштирган ўзбек ҳужумчи

2017 йилнинг 1 январига ўтар кечаси Истанбулдаги машҳур тунги клубда террор ҳужуми содир этган ўзбекистон ватандоши¸ ИШИД ҳужумчиси Абдулқодир Машариповга Туркияда умрбод қамоқ жазоси берилган.

2017 йили Истанбулда ўзбек террорчи Машариповниг қўлга олиниш жараëни
2017 йили Истанбулда ўзбек террорчи Машариповниг қўлга олиниш жараëни

Машарипов конституциявий тузумни куч билан ўзгартиришга уринганлик ва 39 кишини қасддан ўлдирганликда айбли деб топилди.

XS
SM
MD
LG