Жорий йилнинг 2 сентябрь куни Европа¸Туркия, Ўзбекистон ва Қозоғистондан 20 нафар олим иштирокида “Бухоро жумҳуриятининг 100 йиллиги” мавзуида халқаро онлайн симпозиум бўлиб ўтди.
Анжуман иштирокчилари Бухоро Республикаси президенти Усмон Хўжа Пўлатхўжаев (1878 -1968)яшаган Бухородаги уйни “Жадидлар музейига” айлантириш борасида таклифни маъқуллади.
Симпозиум иштирокчиси¸ Самарқанд давлат университети ректори¸ сенатор профессор Рустам Холмуродов Усмон Хўжа яшаган уйда “Жадидлар музейи” ташкил қилиш янги Ўзбекистон раҳбарияти олиб бораëтган сиëсат руҳига уйғунлигини таъкидлади.
Симпозимумда қатнашган Усмон Хўжа Пўлатхўжаевнинг ўғли¸ АҚШдаги Мичиган университети профессори Темур Хўжа агар музей ташкил қилинса¸ ўз шахсий кутубхонасидаги жаъми китобларни музейга қўйиш учун учун Ўзбекистон Маданият вазирлигига ҳадя қилишга тайëрлигини билдирди.
Қозоғистон пойтахти Нур-султон шаҳридаги Халқаро турк академияси президенти¸ профессор Дархон Кидирали¸ туркиялик собиқ вазир Аҳад Андижоний¸ Туркия туризм ва маданият вазирлиги қошидаги ТИКА (Türk İşbirliği ve Koordinasyon Ajansı) вакили доктор Али Ихсон Чоғлор (Dr. Ali İhsan Çağlar) “Бухорода жадидлар йўлбошчиси Усмон Хўжа хотирасига музей очиш халқаро аҳамиятга эга” иш бўлгани боис “бу музейниинг мукаммал бўлиши учун молиявий ресурс масаласи ҳам халқаро миқëсда ижобий ҳал бўлишига” умид билдирди.
Симпозиумда қатнашган Туркиянинг Ўзбекистондаги мухтор элчиси Меҳмат Сурайë Эр симпозиум тугаганидан кейин элчилик расмий сайтида Усмон Хўжа Пўлатхўжаевнинг тарихдаги ролини мамнуният билан эътирoф қилди.
“Бир аср аввал Турк дунёсининг мумтоз шахсияти марҳум Усмон Хўжа раҳнамолигида тамаддунимиз минтақасида куртак отган ва Озодлик курашимизга юборган олтинлари билан Онадўлида унган Туркия Республикасини халос этган Бухоро Халқ Жумҳуриятига асос солинганининг 100 йиллигида бу даъво курашчиларини раҳмат, миннатдорлик ва эҳтиром ила ëд айладик”.
(Усмон Хўжа ташаббуси билан Бухоро республикасининг Туркияга моддий ëрдам бергани назарда тутилган -таҳр.)
Бухоро республикаси президенти Усмон Хўжанинг Лаби ҳовуз мажмуаси яқинидаги ҳовлиси шу кунда меҳмонхона сифатида фаолият юритмоқда.
Озодлик билан суҳбатда тарихчи олим Темир Хўжа ота ҳовлиси ҳақида “Бухородаги уй” деган роман ëзиб тугатганини билдирди.
- Романда бош қаҳрамон уй. Уй гапиради. Уй эслайди. Бухородаги сўнгги 100 йиллик тарихни шу уй тилидан эшитасиз ¸дейди Темир Хўжа.
Санъатшунос олим Абдумалик Турдиевга кўра¸совет Ўзбекистони ва унга мерос бўлган бугунги Ўзбекистонда Бухоро республикасини ташкил қилганларга нисбатан икки хил қараш бор.
- 1937 йили Сталин репрессияси қурбони бўлган Файзулла Хўжаев номи совет даврида абадийлаштирилган. У яшаган уй музей сифатида давлат муҳофазасига олинган. Хўжаевнинг амакиваччаси Усмон Хўжага эса совет тарихчилари “хоин” деган тамға илгани боис¸ у яшаган уй қаровсиз қолган.
Уй ҳақиқатан ҳам Усмон Хўжаникими?
Усмон Хўжага қарши СССР хавфсизлик идораси тарафидан очилган жиноят ишларида бу уйнинг унга оидлиги таъкидланган.
Симпозиум иштирокчиси Тошкент Кимë технология институти ўқитувчиси¸ доктор Феруза Амонова “Усмон ва Файзулла Хўжаевларниг аждодлари сармоясининг Бухоро хонлиги иқтисодидаги ўрни” деган маърузасида Бухородаги уйнинг Усмон Хўжага оидлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжудлигини таъкидлади.
Усмон Хўжа: Жадид. Президент. Дипломат
Усмон Хўжа 1878 йили Бухородаги миллионер савдогар оиласида дунëга келди. У иқлимий сабаблар боис ëшлигининг бир қисмини Ўш шаҳридаги ëзги кўшкида ўтказди.
1908 йилдан 1912 йилгача Усмонли империяси пойтахти Истанбулдаги университетда ўқиди. Қримга бориб жадидчилик отаси Исмоил Ғаспирали билан учрашди. Истанбулда у Бухорода жадид мактаблари очиш учун фонд ташкил қилди. Усмон Хўжа 1913 йилда Бухорога қайтди ва “Ëш бухороликлар” жадид ташкилоти асосчиларидан бири бўлди.
1918 йилда Бухоро амирини ағдаришга уриниш муваффақиятсиз бўлгани боис Усмон Хўжа Тошкентга қочиб келди. Тошкентда Усмон Хўжа сўл эсерлар (социалист революционерлар) билан ҳамкорлик қилди. 1920 йилда амир ағдарилиб¸ Бухорода республика тузилганида¸ Усмон Хўжа Молия вазири¸ кўп ўтмай Давлат назорати вазири бўлди. 1921 йил Бухоро республикасининг иккинчи қурултойида Усмон Хўжа президент қилиб сайланди.
Усмон Хўжа Бухоро республикаси мустақиллигини таъминлаш учун унинг совет Россиясидан масофада бўлиши зарурлигини ўз сиëсатининг ўқ илдизи ўлароқ танлади.
Россия ҳарбий кучлари битимни бузиб¸ Душанбедаги ҳарбий гарнизонда ўрнашиб олди. 1922 йил февралида Усмон Хўжа турк генерали Анвар Пошшо билан билан биргаликда гарнизонга қуролли ҳужум қилди. Аммо Анвар Пошшонинг Иброҳимбек Лақай қўрбоши тарафидан асир олингани оқибатида ҳужум муваффақиятсиз якунланди.
Усмон Хўжа мамлакатни тарк этди. У Афғонистон¸ Варшава¸ Теҳрон ва Туркияда дипломатия ва разведка соҳаси бўйича турли лавозимларда ишлади. Унинг Британия ҳукумати билан яқин алоқада бўлгани айтилади. Умрининг сўнгги йилларида Усмон Хўжа Туркиянинг Анқара шаҳрида ўзи ташкил этган “Турк маданиятини тадқиқ қилиш институти “ (Türk Kültürünü Araştırma Enstitüsü)ни бошқарди.
Усмон Хўжа 1968 йилнинг 28 июлида 90 ëшида Истанбулда оламдан ўтди. Унинг дафн маросими ҳарбийларга хос ҳурмат -эҳтиром билан ўтказилди.
Усмон Хўжанинг мозори Истанбулнинг Ускудар маҳалласидаги “Ўзбеклар такяси”да жойлашган.