Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:14

Ҳукумат имтиёзи билан 3 қўшни давлатдан ўқишини имтиҳонсиз кўчирганларнинг аксари ҳануз талабалар сафига олинмади


Наманган, Қашқадарё, Сирдарё, Самарқанд вилоятларидаги қатор олий таълим муассасаларига қўшни давлатлардан ўқишини кўчирган талабалар ҳануз расман қабул қилинмади.

3 сентябрь куни Озодлик гаплашган 4 вилоятдаги 10 га яқин йигит-қиз, уларнинг талабаликка қабул қилингани ҳақида ҳануз буйруқ чиқмаганини айтди.

Шундай бўлсада, улар ўтган ўқув йили ярми учун контракт пулини тўлаган. Аммо, айримлари онлайн дарсга қўйилган, айримлари эса февралдан буён ҳатто 1 соат дарс олмаган.

ОТМлар буйруқ чиқмагани сабабини, зарур ҳужжатларнинг асл нусхаси тақдим қилинмагани билан изоҳлади. Ҳужжатлар асл нусхаси сақланаётган қўшни давлат ОТМлари эса, улар фақат талаба ёки унинг ваколатли вакилига, ўқиш пули тўлиқ тўланган тақдирда берилишини айтмоқда.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махус таълим вазирлиги, пандемия пайтида талабаларни қийнаб турган бу муаммо нега ҳал қилинмаётганига оид саволларни очиқ қолдирди.

Чимкентдаги Silkway халқаро университетидан Сирдарёдаги Гулистон давлат университетига (ГулДУ) ўқишини кўчирган талаба, шу йилнинг февралидан бери бир соат дарс олмаганини айтмоқда.

Аммо у куни кеча 2019-2020 ўқув йилининг иккинчи бўлаги учун контракт пулини тўлаган.

У шу йилнинг 20 мартида ўқишини Ўзбекистонга кўчиришига рухсат берилгани ва Гулистон университетида кундузги бўлимда ўқишини давом эттириши ҳақида маълумот олган.

“16 мартдан карантин бошланиб кетгани учун, ГулДУдан онлайн системадаги шахсий кабинет очишди, доступ беришди, лекин ичида ҳеч қандай машғулот йўқ, маърузалар йўқ. Қайтганимдан бери 1 пара дарс олмадим. Нимага, десам ҳали сизларга ҳали буйруқ йўқ, кутинглар, дейишди. Яқинда баҳорги семестр учун 3 миллион 200 минг сўм контракт пулини тўлатишди, ўқимаган бўлсам ҳам. Лекин мана 2 сентябрдан курсдошларим онлайн ўқишни бошлади, менга яна ўқиш йўқ. Энди октябргача кутинглар, деяпти. Битта менмас, мен билан қайтган яна 15 тача талаба дарс олмаяпти”, деди исмини ошкор қилмасликни сўраган 2-курс талабаси.

Айтишича, ГулДУда унинг каби ўқий олмаётган ўнлаб талаба бор. Озодлик бу талабалар вазияти бўйича бу ОТМдан бирор изоҳ ололмади.

Шу кунда Самарқанд давлат университетининг сиртқи бўлимига ўқишини кўчирган яна икки талаба ҳам ҳануз талабалар сафига қабул қилинмаганини айтмоқда.

Айтишича, улар М. Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университетидан ўқишини Ўзбекистонга кўчирган.

Уларга онлайн таълим учун имконият берилган, улар баҳорги семестрда онлайн машғулотларда қатнашиб, имтиҳон ҳам топширган, ярим йил учун контракт пулини ҳам тўлаган.

“Аммо, расман олинса – биз ҳалиям СамДУ талабаси эмасмиз. Сиртқиларнинг кўпи ишлайди, иш жойимиздан талабалигимиз ҳақида ҳужжат сўрашяпти, ололмаяпмиз”, дейди СамДУнинг 2-курсига ўқишини кўчирган талаба.

Озодлик шунингдек, Қашқадарё давлат университети, Наманган давлат университети, Қорақалпоғистон давлат университетига ўқишини кўчирган бир неча талаба билан гаплашди. Айтишича, уларнинг ҳеч бири расман талабаликка қабул қилинмаган.

Аммо, бу билим даргоҳларида уларга баҳорги семестр ва 2 сентябрдан бошланган 2020-2021 ўқув йили учун онлайн таълим олиш имкони берилган.

“Мен апрель ойидан онлайн ўқишни бошладим. Университетнинг сайтида персонал кабинетга логин/пароль беришди. Ўқиш яхши бўлди, оралиқ ва якуний имтиҳонларни ҳам топширдим. Лекин, ҳалиям буйруқ чиқаришмади”, дейди, жумладан, Қашқадарё давлат университети 2-курсида ўқиётган талаба.

Бу талабаларга кўра, уларнинг ОТМга расман қабул қилинмаётганига сабаб – зарур ҳужжатларнинг асл нусхасни тақдим қилолмаётганидир.

Оригинал ҳужжатлар эса қўшни давлат олий ўқув юртларида қолиб кетган. Чунки, талабалар шу йилнинг 7 февралидан 15 мартигача бўлган муддатда ҳужжат топшириш учун Ўзбекистонга қайтган ва карантин боис, мамлакатдан чиқолмай қолган.

Яъни, Ўзбекистонга ўқишга қабул қилинидан сўнг, Қозоғистонга қайтиб, ҳужжатларини олиб қайтиш имконияти бўлмаган, ҳануз бўлмаётир.

“Ҳозир менга Қозоғистондаги университетдан ҳужжатларнинг асл нусхасини олиб келсангиз, буйруқ чиқариб берамиз, дейишди. Қозоғистондаги университет эса ҳужжатларнинг асл нусхасини қўлида паспорти бўлган талабанинг ўзи ёки ишончли вакилига берамиз, деяпти. Йўл ёпиқ, нима қилишимиз керак?!” дейди СамДУда ўқиётган талаба.

Самарқанд давлат университетининг ўзини таништирмаган вакили – талабаларга буйруқ чиқарилмаётгани сабаби айнан шу ҳужжатлар масаласи эканини тасдиқлади:

“Бизга ҳужжатларни нусхалари берилган, лекин асл нусхаси йўқ – академик маълумотнома, у ёқдан ўқишдан чиқарилгани ҳақидаги маълумотнома ва транскрипт (давомат, олинган дарслар муддати ва давомийлиги ҳақидаги тўлиқ маълумот – таҳр.). Айримларининг аттестат ёки коллеж дипломларининг асл нусхалариям Қозоғистонда қолиб кетган, масалан. Буларнинг оригиналини олиб келса бўлди, қабул қилиш ҳақида буйруқ чиқарамиз. Тўғри энди, ҳозир карантин - булар боролмайди. Қозоқ коллегалармиз ҳам оригинал ҳужжатни бошқа бировни қўлига бермаймиз, деяпти. Шунга қараб туримиз ҳозир, карантин очилса, балк ҳал бўлиб қолар. Бирорта вакил жўнатармиз балки. Ҳозир бу йилги қабул билан бандмиз”, деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ОТМ вакили.

Қозоғистондаги ОТМ расмийлари эса, оригинал ҳужжатларни талабаларга бериш учун уларнинг ўзлари ёки ишончли вакили келишидан ташқари, ўтган йилги ўқув йилининг иккинчи ярми учун контракт пулини тўлашни ҳам талаб қилмоқда.

Жумладан, М. Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университетдан олинган маълумотга кўра, ҳужжат топшириш учун февраль ойида Ўзбекистонга кетган талабаларнинг кўпчилиги ўқишини кўчириши ҳақида ОТМга расман хабар бермаган.

Натижада айрим талабалар, орадан 2 ой ўтиб, ўқиш пулини тўламагани, имтиҳон топширмагани ёки дарсга қатнамагани сабаби билан расман талабалар сафидан чиқарилган. Шу боис, ўқув йили бошида имзоланган шартнома асосида, улардан ўқув йили якунига қадар ўқиш пулини тўлаш талаб қилинмоқда.

Шу тариқа, ҳукуматнинг бир марталик таклифи билан ўқишини имтиҳонсиз юртига кўчиришга ошиққан минглаб талабанинг аксари, ўтган ўқув йилининг иккинчи ярми учун, бирданига 2 ОТМга контракт пулини тўлашга мажбур бўлди.

“Мен ярим йил учун 2 та ўқишга пул тўладим, шунақа оғир пандемия, ишсизлик, пулсизлик пайтида. Энди ҳужжатнинг ўзини олиш муаммо бўлаяпти. Ўзи аслида, коллежни битирганман. Мактабда 4 йил дарс бердим, бошланғич таълимдан. Маълумотингиз олий бўлмагани учун ишдан бўшанг, деяверишганига ўқишга киргандим. Ўзимизда 3 йил уриндим, 4-йил Қозоғистонга киргандим. Ҳозир мен ишлаётган мактаб, йил бошида ҳеч бўлмаса университетида ўқияпти, деган ҳужжатни топшириб қўйинг, деяпти. Мен эса ололмаяпман, бунақада ишдан ҳам қуруқ қолишим мумкин”, дейди қашқадарёлик талаба.

Озодлик ҳукуматнинг махсус қарори билан ўқишини Ўзбекистонга кўчирган минглаб талаба нега ҳануз расман қабул қилинмади, нега расман қабул қилинмаган талабалардан контракт тўлов пуллари олинди, нега улардан айримларига пули тўланган олий таълим етказилмади, каби қатор саволларга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан жавоб олишга уринди.

Вазирликдан 3 сентябрь куни олинган жавобга кўра, қўшни давлатлардан қайтарилган талабалар масаласига масъул мулозим - Абдували Ҳолиқовдир. Бу мулозимдан эса ҳануз бирор бир расмий жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2020 йил 4 февралдаги 12-сон баёни билан қўшни 3 давлат - Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистондаги олий таълим муассасаларида ўқиётган ўзбекистонликларга ўқишини имтиҳонсиз Ўзбекистонга кўчириш имконияти берилганди.

Республика олий таълим кенгаши аъзоси Хушнудбек Худойбердиевга кўра, ўшанда ҳужжат топширган жами 36 минг 400 нафардан кўпроқ талаба мамлакат бўйлаб 80 та ОТМда ўқишига қабул қилинган. Бунча талабадан қанчаси расман талабалар сафига қабул қилингану қанчаси ҳануз аросатда қолаяпти - Озодлик бу борада расмий идоралардан аниқ жавоб ололмаётир.

XS
SM
MD
LG