Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:47

Коронавирусга қарши биринчи вакцина яратиш пойгаси якунловчи босқичга кирди


Ҳукуматлар COVID-19 пандемиясига тез ечим излар экан, дунё бўйлаб тадқиқотчилар 170 дан ошиқ вакцина устида ишламоқда. Уларнинг бир нечтаси инсонлар орасида синовдан ўтказилмоқда.

Вакциналар одатда клиникаларга етиб боришидан олдин бир неча йил давомида чуқур ўрганилади. Шундай бўлса-да, иқтисодий ва сиёсий босим туфайли олимлар коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқишга ошиқмоқда.

Бугунга қадар кўплаб ютуқлар эълон қилинди, аммо дунё самарали ва хавфсиз вакцинани қўлга киритгунича ҳали вақт бор.

Вакциналар нима учун муҳим?

Бирор касалликка чалингандан кейин инсон танасида кўп ҳолатларда ўша касалликка қарши бир умрлик иммунитет шаклланади. Аммо айрим касалликлар жиддий асоратларга, ҳатто ўлимга сабаб бўлиши мумкин. Вакциналар инсон танасига юборилганида унда касалликка чалинишсиз иммунитет вужудга келади. Иммунитет ҳосил бўлган инсон айни вирусни юқтирса, танаси уни блоклайди ёки ўлдиради.

Вакцина ишлаб чиқиш жараёни

Вакциналар клиникаларга етиб боришдан олдин бир неча босқичдан ўтади. Улар қуйидагилардир:

  • Тадқиқот
  • Клиникагача синов
  • Клиник синов
    • Биринчи фазада, оз сонли инсон синов вакцинасини олади
    • Иккинчи фазада клиник тадқиқот кенгайтирилади ва вакцина муайян хусусиятларга эга шахсларга берилади
    • Учинчи фазада вакцина минглаб одамга берилади ҳамда унинг самараси ва хавфсизлиги текширилади
  • Расмий текширув ва рухсат
  • Ишлаб чиқариш
  • Сифат назорати

Айнида дамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 170 дан ошиқ янги вакцина яратиш жараëнини кузатиб бормоқда.

Россия яқинда мамлакатда тайëрланган COVID-19 вакцинасини кенг кўламда ишлаб чиқариш ва оммавий эмлаш кампаниясини бошлаш режасини эълон қилди. Айрим олимларга кўра, Россиянинг «Спутник В» вакцинаси вакцина ишлаб чиқариш жараёнининг учинчи фазасидаги муҳим хавфсизлик текширувларидан ўтказилмаган ва шошма-шошарлик билан тайёрлаган. Мазкур вакцинани ишлаб чиққан олимлар катта сиёсий босим остида илк вакцинани тақдим этиш учун курашганлари эҳтимолдан холи эмас.

Дунё олимлари рус вакцинаси ҳақида изҳор қилаётган асосий хавотир аксилтаначаларга боғлиқликнинг кучайиш эффекти билан боғлиқ бўлиб, у вируснинг бошқа версиялари вакцина туфайли юзага келган аксилтаначалар кўмаги билан танада тарқалишига олиб келади. Бу эса вакцинани олган одам иккинчи марта вирусни юқтирганида оғирроқ касал бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Бу эффект одатда вакцина ишлаб чиқариш жараёнининг учинчи фазасида аниқланади.

Иммунитет қандай шаклланади?

Организм унга вирус ва бактериялар кирганини аниқлаганида иммун тизими патогенларни йўқ қилишга киришади. B-ҳужайралар каби лимфоцитлар аксилтаначаларни ишлаб чиқаради, улар эса вирус ва бактериялардаги муайян антигенлар билан туташади. Т-лимфоцитлар эса инфекция юққан ҳужайраларни йўқ қилиб, касалланган ҳужайрада вирус кўпайиши олдини олади.

Аксилтаначалар организмда бир неча ой, айрим ҳолатларда эса бир неча йил сақланиб қолади. Танага айни патоген яна кирса, организм сақланиб қолган аксилтаначалар билан унга қарши курашади.

Инсон организми COVID-19 каби ёт патогенларни аниқлай олади.

Вакцина турлари

Вакциналарнинг бир неча тури мавжуд. Булар қуйидагилардир:

Вирус вакциналари

Маждуд вакциналарнинг аксари вируснинг ўзидан тайёрланган. Ушбу услуб мукаммал синовларни ўтказишни талаб қилади.

а) Заифлаштирилган вирус вакциналари: Вирус ҳайвон ёки инсон ҳужайраларида синовдан ўтказилади. Вирус мутациядан ўтганидан кейин, унинг касаллик келтириб чиқариш қобилияти сустлашади.

б) Ноактив вирус вакцинаси: Кимёвий моддалар ёки ҳарорат ёрдамида вируснинг касаллик келтириб чиқариш қобилияти йўқ қилинади.

Вирус вектори вакциналари

Молекуляр биологлар вирус векторлари ёрдамида вакцина антигенларини ҳужайраларга юборадилар. Мазкур жараёнда вируслар ўзгартиришлар ёрдамида заифлаштирилади.

а) Ўрин алмашувчи вирус вектори вакциналари: Бундай вакциналар ёрдамида иммун реакция келтириб чиқарилади. Коронавирус гени вирус вектори ичига жойлаштирилади ва организмга юборилади.

б) Ўрин алмашмайдиган вирус вектори вакциналари: Бундай вакциналардан аллақачон касалликка чалинган беморлар иммунитетини кучайтиришда қўлланилади.

Нуклеин кислотали вакциналар

Нуклеин кислотали вакциналар нисбатан янги бўлиб, улар ҳануз ўрганилмоқда. Айрим тадқиқотлар плазмида ДНК ва РНКсига асосланган нуклеин кислотали вакциналар бошқа услуб вакциналардан самаралироқ ва хавфсизроқ эканлигини кўрсатди. РНК вакциналар синтетик тарзда ишлаб чиқарилгани учун, уларни тайёрлашда биологик тизимлардан фойдаланилмайди. Нуклеин кислотали вакциналарнинг бошқа афзал жиҳатлари векторнинг соддалиги ҳамда уларни танага юборишнинг осонлигидир.

а) ДНК-вакцина: Бундай вакциналарда электропорация ёрдамида ҳужайра мембранасида тешиклар яратилади, натижада ҳужайра ДНКни сўриб олади.

б) РНК-вакцина: Ушбу услубда РНК липидга ўралади ва натижада у вирус каби ҳужайра ичига кира олади.

Протеинли вакциналар

Протеинли вакциналар M-протеинлар ёки бўш вирус қобиқлари ёрдамида патогенга қарши иммун реакциясини келтириб чиқаради.

а) Протеин бўлакларидан иборат вакциналар иммун тизимига муайян антигенни вируснинг барча қисмларисиз киритади ва иммун реакциясини келтириб чиқаради.

б) Бўш вирус қобиқлари каби вируссимон зарралар коронавирус тузилишига ва фаолиятига тақлид қила олади. Аммо уларда вируснинг генетик материали бўлмагани уcун улар юқумли эмас.

Вакцина қачон тайёр бўлади?

Апрель ойида Эпидемияларга ҳозирлик коалицияси 2021 йилнинг бошида коронавирусга қарши вакцинага расмий рухсат берилиши мумкинлигини маълум қилган эди.

Май ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тезкорлик билан вирус ишлаб чиқариши учун 40 давлатга 8,1 миллиард доллар маблағ ажратди. Ташкилот бир вақтнинг ўзида клиник синов босқичига етган бир неча вакцинани очиқ баҳолаш тизимини ишлаб чиқади. Тизим коронавирусга қарши самарали вакцина ишлаб чиқариш йўлида халқаро ташкилот, университет, дори-дармон ширкатлари ва ҳукуматларни бирлаштирди.

Юзлаб вакцинани айни мезонлар асосида баҳолаш энг яхши вакцинани танлаш имкониятини яратади.

Вакцина тайёр бўлганидан кейин, ким биринчи эмланади?

Ҳукуматлар ва хусусий ширкатлар коронавирусга қарши вакцина яратиш йўлида миллиардлаб доллар сарфламоқда. Шу сабабдан самарали ва хавфсиз вакцина жаҳон аҳолиси орасида адолат билан тарқатилмаслиги ҳақида хавотирлар юзага келгани ҳайратланарли эмас.

Буюк Британия 30 миллион вакцина дозаси учун Оксфорд университетининг вакцина дастурига 79 миллион доллар ажратди. Лойиҳа дори-дармон ишлаб чиқарувчи AstraZeneca халқаро ширкати билан амалга оширилди. Айни ширкат АҚШга 1,2 миллиард доллар эвазига 300 миллион доза вакцина ваъда қилди.

Европа Иттифоқи ҳам ўз ҳудуди аҳолисининг эмланишини таъминлаш учун 2,3 миллиард доллар қийматга эга Европа вакцина стратегиясини йўлга қўйди.

Тасдиқланган вакцина билан аввалига бадавлат мамлакатлар аҳолиси эмланишини кутиш мумкин. Вакцина харид қилишга қурби етмайдиган қашшоқ ва аҳолиси кўп бўлган давлатларда эса аҳоли бошида эмланмаслиги мумкин.

XS
SM
MD
LG