Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:37

НАТО Навальний заҳарлангани ортидан Россия билан муносабатлар келажагини муҳокама қилади


Германия канцлери Ангела Меркель НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг билан.
Германия канцлери Ангела Меркель НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг билан.

4 сентябрь куни НАТОга аъзо давлат расмийлари махсус йиғин ўтказиб, Россия президенти Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси Алексей Навальнийнинг асабни фалажловчи агент билан заҳарланганини муҳокама қилади.

30 давлат аъзо ҳарбий иттифоқнинг Россия раҳбариятини бу воқеа бўйича тўлиқ ва шаффоф тергов ўтказишга чорлаши кутилмоқда.

2 сентябрь куни Германия расмийлари Навальний асабни фалажловчи «Новичок» моддаси билан заҳарлангани тўғрисида «инкор қилиб бўлмайдиган далиллар» борлигини эълон қилди.

Навальний 20 август куни Томскдан Москвага учаётган пайтида комага тушиб, Омск касалхонасига ётқизилган эди. Ўшандаëқ унинг тарафдорлари мухолифатчи махсус заҳарланганини тахмин қилган эди.

Омск шифохонасида икки кун қолган Навальний махсус самолëт билан Германияга олиб келинди. Айни дамда у Берлиндаги «Шарите» шифохонасида сунъий комада қолмоқда.

Германия канцлери Ангела Меркель Навальнийнинг заҳарланишини «суиқасд уриниши» деб атади. Мамлакат Россияга қарши Европа Иттифоқи ҳамда НАТОдаги ҳамкорлари билан ҳамкорликда чора кўришни режалаштирмоқда.

Европа Иттифоқи эса Россияга қарши санкция жорий қилиш масаласини кўриб чиқмоқда.

3 сентябрь куни ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель барча ЕИ аъзолари номидан билдирув эълон қилиб, Навальнийни «ўлдириш уринишини» қоралади ва Москвани ушбу жиноятни тўлиқ тергов қилишга чорлади.

Расмий Москва Навальнийнинг заҳарланиши ҳақида тўғридан-тўғри жавоб бермай, ҳужумга алоқаси йўқлигини иддао қилмоқда.

3 сентябрь куни Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков:

- Германиядаги ёки бошқа Европа давлатларидаги ҳамкорларимизни шошма-шошарлик билан қарор чиқармасликка чорлаган бўлардик, деди.

Бу орада Германия матбуоти ва жамоатчилиги канцлер Меркелни Россияга нисбатан қатъийроқ позицияни эгаллашга чақира бошлади.

Немис сиёсатчилари, жумладан, 3 сентябрда Меркелни Россиянинг Nord Stream 2 («Шимолий оқим-2») лойиҳасида иштирок этишдан бош тортишга чақирди.

Болтиқ денгизи остидан Германияга олиб ўтилаётган мазкур қувурни ётқизиш ишлари деярли ниҳоясига етиб қолган. Бу қувур орқали Россия гази Германияга етказиб берилади.

«Дипломатик ҳаракатлар етарли бўлмай қолди. Навальний заҳарлангани ортидан биз Путин тушунадиган тилда қатъий, eвропача жавобимизни беришимиз лозим. Европа Иттифоқи ҳамкорликда Nord Strem лойиҳасини тўхтатиши шарт», деб ёзди Twitter саҳифасида Германия парламентининг Tашқи ишлар бўйича қўмитаси раиси Норберт Рёттген.

Вашингтонда эса АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши АҚШ иттифоқчилари билан ҳамкорликда айбдорларни жавобгарликка тортиш учун курашишини билдирди.

Бу Навальнийнинг биринчи марта заҳарланиши эмас. 2019 йил июль ойида мухолифатчи Москванинг 1-сонли махсус приёмнигидан заҳарланиш аломатлари билан госпитализация қилинган эди.

Ўшанда врач ва терговчилар Навальний қонида ҳеч қандай заҳарли модда аниқланмагани, унинг аллергия хуружига учраганини билдирган эди. Навальнийнинг ўзи кейинроқ журналистларга берган интервьюсида аллергияси йўқлиги ва уни заҳарламоқчи бўлишганини билдирди.

Бу заҳарланиш ҳодисаси бўйича Тергов қўмитасига топширилган ариза натижасиз қолганидан сўнг Навальний бунинг ўзига қарши суиқасд уриниши бўлганини билдирган эди.

Ўшанда Навальний ҳукуматга ёқмаган бир қатор рус сиёсатчи ва журналистлари, жумладан Юрий Шчекочихин, Владимир Кара-Мурза, Анна Политковская, Александр Литвиненко, Сергей ва Юлия Скрипаль, Пётр Верзиловларнинг Россия махсус хизматлари томонидан заҳарланганини эслатган эди.

Британия терговчиларига кўра, собиқ жосус Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия Скрипаль Солсбери шаҳрида айнан «Новичок» моддаси билан заҳарланган.

XS
SM
MD
LG