Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:08

Германия ташқи ишлар вазири Россияни Навальнийга ҳужумни зудлик билан тергов қилишга чақирди


Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас, 2 сентябрь, 2020, Берлин, Германия
Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас, 2 сентябрь, 2020, Берлин, Германия

Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас Россия Кремль танқидчиси Алексей Навальний заҳарланганини тўлиқ тергов қилмаса, Германия ўз иттифоқчилари билан янги санкциялар қўллаши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Расмий Москва Навальнийнинг заҳарланиши ҳақида тўғридан-тўғри жавоб бермай, ҳужумга алоқаси йўқлигини иддао қилмоқда.

Маас Навальний заҳарланиши ортида Россия ҳукумати турганини кўрсатувчи бир неча ишоратлар борлигини айтди.

Германия матбуоти хабарларига кўра, Маас «Айнан нима содир бўлганига яқин кунларда ойдинлик киритишга Россия ёрдам бермаса, ҳамкорларимиз билан бу вазиятга чора кўришни муҳокама қилишга мажбур бўламиз», деган.

Маас, шунингдек, Германия Россия газини Европага етказишни кўзловчи Nord Stream 2 («Шимолий оқим-2») лойиҳаси бўйича ўз позициясини ўзгартириши мумкинлигини айтган.

Аввалроқ канцлер Ангела Меркель Навальний ишини, ишга туширилишига оз қолган Nord Stream 2 лойиҳасига боғламаслик кераклигини айтган эди.

Маас ҳам қувур лойиҳасини тўхтатиб қўйиш Германия ва Европадаги кўплаб ширкатга зарар келтиришини айтди.

«Nord Stream 2 лойиҳасида 12 Европа давлатининг 100 дан ошиқ ширкати иштирок этмоқда», деди вазир.

Аммо, у Москвага қарши санкция жорий қилинадиган бўлса ҳам, Европа ширкатларига зиён келмайдиган йўсинда жорий қилинишини айтди.

2 сентябрь куни Германия расмийлари Навальний асабни фалажловчи «Новичок» моддаси билан заҳарлангани тўғрисида «инкор қилиб бўлмайдиган далиллар» борлигини эълон қилган эди.

Маас «Новичок» ўтмишда Россия ҳарбийлари томонидан ишлатилгани ва ундан оз сонли одам фойдалана олишини айтди.

2018 йилда собиқ жосус Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия Скрипаль ҳам Британиянинг Солсбери шаҳрида айнан «Новичок» моддаси билан заҳарланган эди.

Германия ташқи ишлар вазири, Россия Навальнийга қарши жиноятни тергов қилишда қатнашмаса, бу заҳарланиш ҳодисасига ҳукумат алоқадор эканини кўрсатувчи яна бир аломат бўлишини таъкидлади.

Россия Германия айбловларини рад этмоқда ва далил етарли эмаслигини айтиб, жиноят ишини очишдан бош тортмоқда.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Германия расмийлари Россия Бош прокуратураси сўраган маълумотларни бермаганини айтди.

Котиб Facebookда «Берлин зудлик билан ўтказишга чорлаётган терговни ўзи кечиктиряпти. Атайинми?» деб ёзди.

Навальний 20 август куни Томскдан Москвага учаётган пайтида комага тушиб, Омск касалхонасига ётқизилган эди. Ўшандаëқ унинг тарафдорлари мухолифатчи махсус заҳарланганини тахмин қилган эди.

Омск шифохонасида икки кун қолган Навальний махсус самолëт билан Германияга олиб келинди.

Айни дамда у Берлиндаги «Шарите» шифохонасида сунъий комада қолмоқда.

4 сентябрь куни НАТО Россияни Кимёвий қуролларни ман этиш ташкилоти етакчилигида ўтказиладиган халқаро терговни тўлиқ қўллашга чорлади.

Альянс котиби Йенс Столтенберг Россия «жиддий саволларга жавоб бериши керак», деди.

Столтенбергнинг айтишича, НАТОга аъзо давлатлар Москвани ўзининг «Новичок» дастурини Кимёвий қуролларни ман этиш ташкилотига тақдим этишга чорлаган.

XS
SM
MD
LG