Линклар

Шошилинч хабар
16 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:32

"Чегара билмас мухбирлар" Эронда журналистларга қарши кучайиб бораётган таъқибларни қоралади


2019 йилнинг ноябрида Эронда бензин нархи кўтарилиши ортидан норозилик намойишлари бўлиб ўтган, ўша воқеаларни ёритган Муҳаммад Мусаид «ҳақиқатни бузиб кўрсатишда» айбдор деб топилиб, 4 йилу 9 ойга қамалди.
2019 йилнинг ноябрида Эронда бензин нархи кўтарилиши ортидан норозилик намойишлари бўлиб ўтган, ўша воқеаларни ёритган Муҳаммад Мусаид «ҳақиқатни бузиб кўрсатишда» айбдор деб топилиб, 4 йилу 9 ойга қамалди.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти БМТ Инсон ҳуқуқлар кенгашини ўз фаолияти учун «цензурага дучор бўлаётган, қўрқитувлар ичида яшаётган, ўзбошимчалик билан ҳибсга олинаётган ва айрим ҳолатларда қийноққа тутилаётган» эронлик журналистларни ҳимоя қилиш учун чора кўришга чақирди.

Қароргоҳи Парижда жойлашган ташкилот 8 сентябрь куни эълон қилган билдирувда Эронда сўнгги тазйиқ кампанияси давомида камида 5 журналист босимларга учрагани айтилади.

Ташкилотнинг Эрон ва Афғонистон бўйича етакчиси Ризо Мойний «Эрон ҳукуматига қарши намойишлар авж олиши ортидан журналистларга тазйиқ кучайди», деди.

Ўтган ойда иқтисодий мавзуларни ёритиб келган фриланс мухбир Муҳаммад Мусаид «ҳақиқатни бузиб кўрсатишда» айбдор деб топилиб, 4 йилу 9 ойга қамалди.

Мухбир 2019 йилнинг ноябрида бензин нархи кўтарилиши ортидан бошланган норозилик намойишлари давомида ижтимоий тармоқларда ёзган пости учун қўлга олинган эди.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Косар Каримий ишига ҳам эътибор қаратишга чорлади. Mehr хабар агентлиги мухбири Каримий август ойида Аҳвоз шаҳри яқинида бўлиб ўтган норозилик намойишини ёритгани учун қўлга олинган.

Каримий гаров эвазига қўйиб юборилган, аммо Эрон расмийси Каримийга намойишлар ҳақида ёзмасликни буюрган. Бу ҳақда Mehr агентлигига эгалик қилувчи Исломий ривожланиш ташкилоти вице-президенти маълум қилди.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти билдирувига кўра, яна бир журналист – «ёлғон хабар тарқатиш» ва «туҳмат қилишда» айбдор деб топилган Бабак Таҳмасебийга чиқарилган 2 йил қамоқ ва 74 қамчи зарби жазоси ўз кучида қолдирилган.

Таҳмасебий Эрон миллий бурғилаш ширкатида иш шароити ёмонлашиб бораётгани ҳақида мақола ёзгани учун судланди.

Tabnak хабар сайти мухбири Амирризо Амир Таймури эса маҳаллий депутат уни «ёлғон маълумот чоп этишда» айблаши ортидан сўроқ қилинган ва гаров эвазига қўйиб юборилган.

Гулистон вилоятида фриланс журналист Омон Муҳаммад Хўжамли «ёлғон маълумотни чоп этгани» учун жаримага тортилган. Журналистнинг сўзларига кўра, унинг тергов қилинишига Эронда юзага келган иқтисодий бўҳрон ҳақида ёзган мақоласи сабабчи бўлган.

Июль ойида БМТнинг Эронда инсон ҳуқуқлари вазияти бўйича махсус маърузачиси Жавоид Раҳмон эълон қилган ҳисоботда мамлакат расмийлари «мустақил ва танқидий хабарларни тарқатган журналистларни нишонга олаётгани» эътироф этилган эди.

Эрон Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг 2020 йилги матбуот эркинлиги индексида 180 давлат орасида 173 ўринни эгаллади.

XS
SM
MD
LG