Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:26

IMEI қайди учун шахсий маълумотларни олиб-сотувчи "жиноий гуруҳ" фош этилди. Телефонфуруш учун муаммо ечимсиз қолмоқда


9 сентябрда Ўзбекистон Божхона қўмитаси чегарани кесиб ўтаëтган ўзбекистонликларнинг шахсий маълумотларини телефонфурушларга сотиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фош этилганини билдирди.

Расмий баëнотдан исми-шарифининг бош ҳарфларигина келтирилган “жиноий гуруҳ”нинг тўрт шахсдан иборат экани тушунилади. Баёнотда уларнинг қайси чегарада иш қилгани¸ ҳибсга олинган-олинмаганига аниқлик киритилмаган.

Божхона қўмитаси баëноти билан айни кунда¸ Ўзбекистонга хориждан олиб кирилган мобил телефонлар савдоси билан шуғулланувчи Тошкентдаги “Малика” бозоридаги тадбиркорлар Озодликка¸ IMEI кодлари регистрацияси учун ўғирланган шахсий маълумотлардан фойдаланган телефонфурушларни “овлаш” жараëни бошланиши кутилаëтганини билдирди.

Бу тадбиркорлар¸ жараëннинг чегарадан кираëтган ўзбекистонликларга оид шахсий маълумотларни “кўтарасига” сотган давлат тизими ходимлари қолиб¸ одамлардан пул эвазига улар паспорт рақамини сотиб олган майда маълумотфурушлар жазоланиши билан чекланишидан хавотир билдирди.

Божхона қўмитаси ҳаракатга ўтди

28 август куни Озодлик давлат чегарасидан ватанига қайтаëтган ўзбекистонликларга оид шахсий маълумотларнинг импорт қилинган мобил телефонлар IMEI кодини регистрация қилиш учун телефонфурушларга сотилаëтгани ҳақида мақола эълон қилиши ортидан¸ бу жараëнни текшириш бўйича республика ишчи гуруҳи тузилди.

3 сентябрь куни Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва “UZIMEI” тизими оператори вакилларидан тузилган бу гуруҳ¸ расмий хабарга кўра¸ муаммони бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олди.

9 сентябрь куни Давлат Божхона қўмитаси шахсий маълумотларни телефонфурушларга сотиш билан шуғулланиб келган “жиноий гуруҳ” қўлга олинганини эълон қилди.

Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси фуқароси О.А. шериклари М.Б. ва Т.Р.лар билан тузган ўзаро жиноий режага кўра қўшни давлатларга ўтишиб, у ерда Ўзбекистонга кириб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг паспорт маълумотларини телефон ёрдамида расмга тушириб, “Телеграм” ижтимоий тармоғи орқали юбориб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган мобил қурилмаларни Uz IMEI тизими орқали ушбу фуқаролар номига рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланиб келишган.

Биргина фуқаро Б.М.нинг уяли алоқа воситаси кўздан кечирилганида, телефон хотирасида Ўзбекистон фуқароларининг 200 га яқин паспорт расмлари борлиги, у ушбу паспорт маълумотларни йиғиб, жиноий шериги О.А.га етказиб берганлиги учун ҳар бир паспортга 5 АҚШ доллардан ҳақ олганлиги маълум бўлди”¸ дейилади қўмита расмий баëнотида.

Айни пайтда¸ бу “жиноий гуруҳ”нинг қўшни давлат ҳудудидан¸ (тахминларга кўра¸ Қозоғистон) Ўзбекистонга кираëтган юзлаб ўзбекистонлик паспортини қандай қилиб қўлга киритгани расмий хабарда очиқланмаган.

Озодликнинг бу ҳақдаги саволига Божхона қўмитаси Ахборот хизмати "суд якунларига кўра қўшимча маълумотлар эълон қилиниши"ни билдириш билан чекланди.

Телефонфурушлар изоҳи

Божхона қўмитаси очиқ қолдирган бу жиҳатга қозоқ-ўзбек чегарасидаги шахсий маълумотлар савдосидан хабардор телефонфурушлардан бири аниқлик киритди:

Ўзбекистонга импорт телефонларни уч хил тоифа тадбиркор олиб киради. Биринчиси¸ расмий дилерлар. Улар IMEI кодларни юридик шахс сифатида регистрация қилади. Иккинчиси¸ катта сондаги телефонларни божхонани айланиб ўтиб олиб кирадиган катта контрабандачилар. Булар одатда 1000-2000 тача телефон олиб киради ва бунча катта сондаги телефон IMEI кодини регистрация қилиш учун катта сондаги паспорт даннийлар керак. Учинчиси¸ якка тартибдаги тадбиркор-телефонфурушлар. Булар асосан Дубайдан шахсий фойдаланиш учун¸ деб олиб киради¸ таможнядан таниш-билиш¸ ҳақини бериб¸ олиб ўтади. Бу ерда гап¸ ана шу энг майда тоифа телефонфурушлар билан ишлайдиган маълумотфурушлар ҳақида бораяпти. Улар бу маълумотларни ўғирламайди¸ эгасига пул бериб сотиб олади ва кейин уни бизга ўхшаганларга сотади”.

Бу тадбиркорнинг айтишича¸ олиб кирилаëтган саноқли мобил телефонлари IMEI кодини регистрация қилиш учун ўзи кабилар шахсий маълумотларни¸ “эгасини рози қилиб”¸ сотиб олади:

Биз 100 минг сўмга оламиз. Таниш-билиш¸ қўшни-қариндошдан¸ четга чиқиб кирган бўлса¸ илтимос қиламиз¸ баъзида ўзимиз пул бериб Қозоғистонга чиқариб келиб¸ кейин паспортига Дубайдан келган телефонни регистрация қиламиз. Бу IMEI регистрацияси талаб қилинган 2019 йил декабридан бери бўлиб келаëтган нарса эди. Фақат¸ пандемия бошланиб¸ чегарадан чиқиб-кириш тўхтатилганидан кейин¸ бу муаммога айланди. Айланма йўллар билан кирган телефон кўп¸ лекин чегарадан кираëтган одам сони кескин камайди. Чегаралар ëпилгандан кейин¸ телефонфурушлар аҳволи янаям қийинлашди. Шунинг учун шахсий маълумотлар савдоси қолиб¸ уларни ўғирлаш кучайиб кетди”.

“Ўғриларнинг каттаси қолиб¸ майдалари ушланди”

Озодлик гаплашган телефонфурушлардан яна бири¸ Божхона қўмитаси “фош қилган жиноий гуруҳ”ни бу иш билан шуғулланаëтган майда гуруҳ деб атади:

Чегарадан кираëтган минглаб ўзбекистонликка оид шахсий маълумотларни сотиш билан шуғулланаëтганлар давлат идораларида ўтирипти. Чегара¸ божхона¸ хусусан¸ UZIMEIнинг ўзида шу иш билан шуғулланаëтганлар борлигини шахсан ўзим биламан. Булар бир сотганда юзлаб¸ ҳатто 1000 дан ошиқ паспорт даннийларини сотади. Америка ëки бошқа чет эл номери билан ишлайдиган Telegramдан бир мартада¸ келишувга кўра¸ паспорт маълумотларни ташлайдида¸ кейин йўқ бўлади. Нархи¸ қўмита айтгандек¸битта паспортга 5 доллар”.

(Бу суҳбатдош¸ шахсий маълумотларни “катта контрабандачилар”га сотган айрим мулозимлар исми-шарифини келтирди. Озодлик ихтиëрида ҳозирча бундай жиноий олди-бердини тасдиқловчи далиллар йўқлиги боис уларни эълон қилмаëтир.)

“Малика” бозоридагилар “рейд” кутмоқда

Ўзбекистонга якка тартибда¸ ëки айланма йўллар билан олиб кирилаëтган мобил телефонларининг энг катта бозори Тошкентдаги “Малика” савдо маркази ҳисобланади.

Бу ерда савдо қилаëтган 140 дан ошиқ электроника дўконида¸ Вазирлар Маҳкамаси талабига биноан¸ IMEI коди UZIMEI тизимида регистрация қилиниб¸ маҳаллий оператор SIM картаси билан ишловчи телефон ва палншетларгина сотилиши мумкин.

Бошқа шахслар паспорт маълумотлари билан регистрация қилинган телефонларнинг аксарияти ҳам айнан шу бозорда сотилади.

2019 йил декабрида пуллик IMEI тизими жорий этилиши ортидан "Малика" бозорида махсус рейд ўтказилган ва кўплаб тадбиркорлар сўроққа олиб кетилган эди.

Ўзбекистон ИИВ¸ Божхона қўмитаси ва UZIMEI тизим оператори вакиллари IMEI кодлари регистрациясида ўғирланган шахсий маълумотлардан фойдаланишни текшириш учун махсус комиссия тузиши ортидан¸ “Малика” бозоридаги савдо ҳам деярли тўхтаган.

Бу ердагиларнинг ҳаммасида органда ишлайдиган одами бор. Ҳаммага рейд бўлиши ва бошқаларга регистрация қилинган телефонларни сотмай туриш ҳақида хабар берилди. Бунақа рейдлар билан муаммо ҳал бўлмайдику! Битта-иккита тадбиркорни ушлаб¸ жазолайди¸ ўзларини ишлаëтган қилиб кўрсатиш учун. Лекин кичик тадбиркор нега хориждан мобил телефонни бемалол олиб кириб сотолмайди¸ нега бу телефонни регистрация қилиш учун бошқаларнинг шахсий маълумотидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда¸ IMEI кодини регистрация қилиш тизими жорий қилинди¸ бу тизим кимга¸ нимага хизмат қилаяпти ўзи¸ деган саволларни ўйлаб кўриб¸ ана шуни ўзгартиришса¸ бунақа қора бозор ўз-ўзидан йўқ бўлади. Айбни тадбиркордан эмас¸ уни “жиноий фаолият” билан шуғулланишга мажбур қилаëтган ҳукумат қарорларидан қидиришсин. Бу қарорлар халқни¸ тадбиркорни ўйлаб тузилмаганини ҳамма яхши билади. Бунақа босим давом этаверса¸ ҳозир 200 долларга сотилаëтган телефон эртага 300 га чиқади¸ холос”¸ деди “Малика” бозоридаги кичик тадбиркорлардан бири.

Импорт телефонлар IMEI кодини регистрация қилишда шахсий маълумотларнинг ўғирланаëтгани муҳокама мавзуига айланиши ортидан¸ ўзбекистонлик иқтисодчи ва блогерлар ҳам айни шунга яқин фикр билдирган эди.

Хусусан¸ тадбиркор блогер Фируз Аллаев муаммонинг ечими айрим телефонфурушларни жазолаш эмас¸ балки “телефонлар бозорида савдони қонунийлаштириш учун харажатларни камайтириш”да эканини ëзган эди:

Муаммо, нопок сотувчилардан кўра, нотўғри йўлга қўйилган тизимдадир. Бу муаммолар тизим бошиданоқ мукаммал ўйланмаганлиги сабабли пайдо бўлмоқда. Дастлаб, телефонлар нархи кескин ошган бўлса, ундан сўнг фуқаролар ва бизнес учун ноқулайликлар яратадиган мана бу каби муаммолар пайдо бўлди. Натижада ҳамма ютқазмоқда. Турли манбалардан қидирдим, лекин Ўзбекистонда телефонлар сотуви бўйича статистикани олиш имконияти афсуски бўлмади. Дейлик, тахминан Ўзбекистонда бир ойда 30000 дона телефон сотилади. Ўртача нарх 300 доллар дейдиган бўлса, бу 9 миллион долларни, бир йилга 108 миллион долларни ташкил қилади. 25 фоиз солиқни ҳисобга олсак, бир йилга 280 миллиард сўм атрофидаги солиқлар муаммо сабабли давлат бюджетига келиб тушмайди”.

Ҳозирча на Вазирлар Маҳкамаси¸ на IMEI тизимига жамоатчилик билдирган петицияни қабул қилиб олган Олий Мажлис депутатлари танқид ва эътирозларга учраëтган тизим ва уни яратган қарорларга расмий муносабат билдирган эмас.

XS
SM
MD
LG