Калифорния штати шимолида бир ойдан бери ўрмонлар ёнмоқда. Жорий ҳафтада «Август комплекси» номи берилган ёнғинлар штат тарихидаги энг йирик ёнғинга айланди.
АҚШ Ўрмон хўжалиги хизмати «Август комплекси» туфайли 2000 км2 га яқин майдон куйиб кетгани, ёнғинларнинг атиги 24 фоизи ўчирилганини билдирди.
«Август комплекси» ёнғинлари 17 август куни Мендосини миллий ўрмонида бошланган.
Тинимсиз кенгайиб бораётган ёнғин Калифорния штати тарихида қайд этилган энг йирик ёнғиндир.
Ёнғинга қарши курашаётган бир нафар ўт ўчирувчи ҳалок бўлди.
Калифорния ўрмон хўжалиги ва ёнғиндан ҳимоя қилиш бошқармасига кўра, «Август комплекси» ёнғинига қарши курашга 1100 дан ошиқ ўт ўчирувчи жалб қилинган.
Штат бўйлаб эса ёнғинларга қарши 14 минг ўт ўчирувчи курашмоқда.
Ёнғинлар аҳоли яшайдиган пунктларга таҳдид солмоқда.
Август ойи ўртасидан бери Калифорния штатида ёнғинлар камида 12 нафар америкалик умрига зомин бўлди. Шунингдек, 3 600 дан ошиқ иморат ёниб, кул бўлди.
Вашингтон штатида эса 1 ёшли бола ҳалок бўлгани хабар қилинди.
Хабарларга кўра, Калифорнияда август ойида ёнғинлар бошланганидан бери 12 нафар одам бедарак йўқолган.
Расмийлар штат бўйлаб 20 мингдан ошиқ одамни эвакуация қилишга ва эҳтиёт чораларини кўришга чорлади.
Калифорния штатида ўрмон ёнғинлари тез-тез содир бўлиб туради. 2018 йилги «Кэмп ёнғини» 85 нафар одам умрига зомин бўлган эди.