Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:11

Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш тартиби соддалаштирилди. Фуқаролик олмоқчи бўлган шахс ўзбек тилини билиши шарт


Ўзбекистон фуқаролигига бундан буён уч тартибда қабул қилинади.
Ўзбекистон фуқаролигига бундан буён уч тартибда қабул қилинади.

“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонун 15 сентябрдан бошлаб кучга кирди.

Қонун 2020 йил 13 март куни имзоланган ва орадан 6 ой ўтгач кучга кириши белгиланган эди.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига умумий тартибда, соддалаштирилган тартибда, алоҳида тартибда қабул қилинади.

Мазкур қонунга асосан Ўзбекистон фуқаролигини умумий тартибда олиш учун ариза топширган шахс давлат тилини билиши шарт бўлади.

“Мазкур қонунда аввалгисидан фарқли ўлароқ “ватандош” деган тушунча киритилган бўлиб, унга кўра чет давлат фуқароси бўлган ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланган ватандошга нисбатан Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишнинг соддалаштирилган тартиби қўлланади”,-дейилади қонунга берилган шарҳда.

Ўзбекистон ҳудудида туғилган ёки илгари унинг ҳудудида яшаган, Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлмаган, Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида яшайдиган шахс ва унинг насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган ўзидан кейинги қариндошлари, агар уларнинг насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган ўзидан олдинги қариндошлари Ўзбекистон ҳудудида яшаётган бўлса, улар ватандош деб юритилади.

Бундан ташқари қонунда Ўзбекистон фуқаролигига алоҳида тартибда қабул қилиш, фуқароликни тиклаш ва тугатиш, фуқароликдан чиқиш ҳамда фуқароликни йўқотиш асослари ҳам белгилаб қўйилган.

1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда ушбу қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахс истак билдирган тақдирда Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади. Бунинг учун у Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасига эга бўлиши зарур.

Бундан ташқари, ота-онаси (ёлғиз отаси ёки онаси) Ўзбекистон фуқаролари деб тан олинган бола ҳам юқоридаги асосларга кўра Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади.

Қонунга асосан 1992 йил 28 июль ҳолатига кўра Ўзбекистонда доимий яшаган, чет давлат фуқароси бўлмаган ва Ўзбекистоннинг фуқароси бўлиш истагини билдирган шахс Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти миллий манфаатлардан келиб чиқиб, чет давлатларнинг фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга умумий ва соддалаштирилган талабларни қўлламаган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини бериши мумкин.

Мустақилликка эришилганидан бошлаб то 2016 йилга қадар Ўзбекистон фуқаролигини олиш жуда мураккаб жараён бўлган эди.

Расмий маълумотларга қараганда, 1991 йилдан 2007 йилга қадар республикада жами 482 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган.

2007 йилдан 2016 йилнинг декабрига қадар эса, бир киши ҳам Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинмаган.

2016 йилнинг декабрида Шавкат Мирзиёев 179 кишига фуқароликни бериш тўғрисидаги биринчи фармонни имзолади.

2017 йилда 10 та фармон билан 1064 нафар шахс, 2018 йилда 15 та фармон билан 2759 нафар шахс фуқароликка қабул қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилда жами 5441 кишини Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги 25 та фармонни имзолади.

Уч йил ичида жами 51 та фармон билан 9443 шахс фуқароликка қабул қилинди.

XS
SM
MD
LG