Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:54

COVID-19 учун СЭСга топширилган тест натижаси кечикаётгани учун томографияга навбат кўпайди. Термизда одамлар тунги 3 да рўйхатга ёзилмоқда


Термиз шаҳрида жойлашган “Машҳура” тиббиёт марказига эшиги ойинасига илинган эълон, 14 сентябрь, 2020
Термиз шаҳрида жойлашган “Машҳура” тиббиёт марказига эшиги ойинасига илинган эълон, 14 сентябрь, 2020

Сурхондарё вилоят, Термиз шаҳридаги “Машҳура” тиббиёт марказида компьютер томографияси учун мижозлар тунги соат 3 да навбатга ёзилмоқда.

Клиникадан олинган маълумотга кўра, ўпка ва нафас йўлларини текширтиришни истаган беморлар сони ортмоқда ва клиника кунига 40 беморни текширувдан ўтказишга аранг улгурмоқда.

Озодлик суҳбатлашган сурхондарёлик шифокор ва беморларга кўра, аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ва пневмония билан касалланиш ҳолатлари кескин ошган.

Шу боис, ўзида COVID-19 аломатларини сеза бошлаганлар, Санитария ва эпидемиологик осойишталик агентлиги лабораториялари ёки хусусий клиникаларда тест учун навбат кутиш ўрнига, дарҳол ўпкани текширтиришга ошиқмоқда.

Термиз шаҳрининг Бўстонлиқ маҳалласида яшайдиган 29 яшар Дилрабо Йўлдошева 14 сентябрь куни шаҳардаги “Машҳура” тиббиёт марказида компьютер томографиясидан ўтгани ва бунинг учун тунги соат 3 да навбатга ёзилганини айтди.

Термиздаги "Машҳура" тиббиёт бирлашмаси биноси, 14 сентябрь, 2020
Термиздаги "Машҳура" тиббиёт бирлашмаси биноси, 14 сентябрь, 2020

Дилрабо 8 сентябрда турмуш ўртоғида COVID-19 аломатларини кузата бошлаган, 2 кун сўнгра ўзи, яна бир кун ўтиб укасида иситма кўтарилгач, коронавирусга тест топшириш ҳаракатига тушган.

Унинг айтишича, аввалига эри учун Санитария ва эпидемиологик осойишталик агентлиги Сурхондарё вилоят марказига тест топшириш йўлини қидирган.

Аммо, сўраб-суриштиргач, бунинг учун олдин “Тез ёрдам” хизмати орқали буюртма бериш кераклиги, 2 кун ичида ундан тест учун таҳлил олиниши, натижани эса яна камида 4 кун кутишига тўғри келишини аниқлаган.

- Таниш-билиш қилиб юриб, СЭСга (Санитария ва эпидемиологик осойишталик агентлигининг халқ орасида ёйилган эски номи – таҳр.) тест топширдим. Лекин натижаси чиқавермади. Кейин хусусий клиникага бордим. Улар қондан таҳлил олиб, вирус йўқ, дейишди. Орадан 1 кун ўтиб, иситма укамга ўтди. Кейин хавотир олиб, томография қидиришга тушдик, чунки тестни натижасини кутиб ётсак, пневмония кучайиб кетиши мумкин. Бутун Сурхондарёда битта “Машҳура” хусусий клинкасида ишлаяпти экан. Борсак, эшигига ёзиб қўйибди: “Кечаси соат 3 да келиб, навбат олиш мумкин”, деб. Иситма ичида эрим иккаламиз бориб, машина ичида кутиб, кечаси навбатга ёзилдик. 14 сентябрь куни эрталаб соат 10 да томография қидирдик, қарасак икки томонлама пневмония бошланган.

Дилрабога кўра, Санитария ва эпидемиологик осойишталик агентлигининг вилоят марказига топширилган тест натижаси 14 сентябрь оқшом - таҳлил намунасини топширганидан 3 кун, коронавирус аломатлари кўрина бошлаганидан 6 кун ўтиб чиққан ва унга коронавирус юққани аниқланган. Аммо, бу орада унда иккитомонлама пневмония бошланиб улгурган.

Дилрабо ўзининг ўпкасини текширтирган куни, компьютер томографияси учун 60 дан ортиқ одам навбатга ёзилган рўйхатни кўрганини айтди.

Термиздаги "Машҳура" тиббиёт бирлашмаси биноси, 14 сентябрь, 2020
Термиздаги "Машҳура" тиббиёт бирлашмаси биноси, 14 сентябрь, 2020

“Машҳура” тиббиёт марказининг Озодлик қўнғироғига жавоб берган ходими, томография учун одамлар тунги соат 3 да навбатга ёзилаётганини тасдиқлади.

“Навбатга кечаси соат 3 дан ёзяпмиз, чунки одам жуда кўп. Кунига 40 тадан ошиқ одамни аппаратга туширмаймиз. Шунга шунақа навбат қилиб қўйилган. Касал жуда кўп. Қолганларини кейинги кунга қолдиряпмиз. Чунки, компьютер қизиб кетаяпти. Ҳаммаси ҳам ўпкасини текширтирадиганлармас, бронхитлар бор, бошини текширтираман, деганлар бор”, деди клиниканинг ўзини таништирмаган ходими.

Бу ходим, баъзилари иситма билан текширувга келаётган беморлар нега айнан тунги соат 3 да навбатга ёзилаётгани сабабларини очиқлай олмади.

Шунингдек, айнан пневмонияга чалинаётган беморлар кўриги бўйича саволларга клиника бош врачи Абдусамат Норқобулов жавоб бериши, аммо врач фавқулодда банд бўлгани боис, ундан ҳозирча маълумот олиш жуда мушкуллигини айтди.

Термиздаги "Машҳура" тиббиёт бирлашмаси биноси, 14 сентябрь, 2020
Термиздаги "Машҳура" тиббиёт бирлашмаси биноси, 14 сентябрь, 2020

Клиника ходимининг қўшимча қилишича, шу кунда вилоят бўйича компьютерли томография қурилмаси фақат 2 та хусусий клиника – Термиз шаҳрида “Машҳура” хусусий тиббиёт маркази ва Шеробод туманидаги “Евромед” клиникасида ишлаб турибди:

“Қолган клиникалардаги машиналар бузилган. Чунки тўхтовсиз ишлаганига компьютерлар қизиб кетяпти. Олдинига кунига 70 та, кейин 60 тага туширдик. Ҳозир кунига 40 тача одамни томография қиляпмиз. Биздан ташқари, шу Шерободдаги “Евромед” клиникасида 1 та машина ишлаб турибди”.

Термиз шаҳар тиббиёт бирлашмасида ишлайдиган врачнинг Озодликка айтишича, компьютерли томография қурилмаси Сурхондарё вилояти бўйича 3 та хусусий клиника ва вилоят тиббиёт бирлашмасидагина бор.

“Битта шу “Машҳура” клиникасидаги ишлаб турибди ҳозир. Одамларни кўпайганига сабаб – пневмония. Жудаям кўпайган, лекин оғир формаси оз, 3-4 фоиз, ўлим сониям шунча, менимча. Лекин, одамларда ваҳима кучайган. Ковид симптомлари кўриниши билан томографияга чопяпти. Чунки, коронавирус чиқса ҳам, нафас қисиш бошланиши билан яна барибир ўпкани текширтириш керак бўлади. Шунга одамлар ковид тестни ҳам кутиб ўтирмай, ўпкани текширтиряпти”, дейди исмини ошкор қилмаётганимиз врач.

Унинг айтишича, давлат тизимлари орқали коронавирус тестини вақтида топширолмаган беморлар, хусусий клиникада ўпкасини текширтириб, ўзини ўзи даволашга мажбур бўлмоқда:

“Интернетда ҳозир пульмонологлар бор – бепул тиббий ёрдам бераман, деган. Шуларга телефон қилиб, назначение олиб, уйида даволаниб ётибди. Бундай олганда, пневмония бўлиб қолганларнинг асосий қисми уйида ўзини ўзи даволаяптида. Чунки, давлатни шифохоналарида врач йўқ, пульмонологлар умуман етишмайди. Йўталиб, нафаси қисила бошлаганлар, томография қилдириб, Интернетдан назначение олиб, даволаняпти”.

Озодлик Сурхондарё вилоятидаги компьютерли томография қурилмаларининг аслида мавжуд ва шу кунда ишлаб турган сонига оид тиббиёт ходимларидан олинган маълумотга бирор расмий изоҳ ололмади. Сурхондарё вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасидан кун давомида жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Аммо, ўпкани текширтириш истагида бўлганлар нафақат Сурхондарё балки, Самарқанд ва Тошкент шаҳрида навбат кутаётгани кузатилмоқда.

Жумладан, Самарқанд шаҳридаги Zarmed хусусий клиникаси мижозларни бир ёки икки кун аввалдан навбатга ёзаётгани маълум бўлди.

15 сентябрь куни мижоз тариқасида боғланган мухбир саволларига жавобан, клиника ходими хасталар аввалгидан кўпайганини айтди. Маълум бўлишича, бу ерга келаётган мижозлар орасида ҳам ўпка ва нафас йўлларидаги хасталиклардан шикоят қилаётганлар сони ортган.

“Кунига 40 тадан кўп бўлаяпти бизда текширув. Ҳаммаси ҳам пневмониямас, бошқа касалликлар ҳам бор”, деди клиника ходими.

Озодлик Тошкент шаҳрида компьютерли томография қурилмаси билан жиҳозланган қатор хусусий клиникалар ва тиббиёт бирлашмаларида ҳам мижоз фавқулодда кўпайгани, камида 2 соат, кўпи билан 1 кун навбат кутиш кераклиги ҳақида жавоб олди.

Тошкент шаҳридаги “Тез ёрдам” хизматида ишлайдиган умумий амалиёт шифокорига кўра, бу вазият - COVID-19 учун тест олиш тизимининг эҳтиёжни умуман қоплай олмаётгани оқибатида юзага келган:

“COVID-19 тест топшириш ва унинг натижаси чиқиши Тошкентда ҳалиям камида 10 куни, бўлмаса ҳафталарга чўзиляпти. Мана вилоятлардаям энг тез 4 бўлмаса, 1 ҳафта кутишяпти. Айрим вилоятларда 10 кун. Буни ичида вирус ўпкага ўтиб, икки томонлама пневмония ривожланиб кетаяптида. Шунга ҳамма МСКТ (мультиспирал томография)га югуряпти”.

Бу шифокорга кўра, бундай беморлар сони жуда кўп ва улар, миллиардлаб маблағ ажратилаётган давлат соғлиқни сақлаш тизими статистикасида умуман акс этмаяпти.

“Ўзи оёғи билан юриб, томографияга борган беморларни қўлида ковид справкаси бўлмайди, бўлса, боролмасдида. Хусусий тартибда текширувдан ўтади, хусусий тартибда врач ёки ҳамшира ёллаб даволанади. Оғир формасига ўтиб кетсагина, “Тез ёрдам” билан шифохонага тушади – ўшандан кейин уларга пневмония ташхиси қўйилади, кейин врач ковид анализга йўлланма беради, у ёғи яна камида 3 кунлик процесс. Хуллас, вазият аллақачонлар назоратдан чиқиб кетган”, дейди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган тошкентлик шифокор.

Шу кунда, Интернет тизими орқали беморларга бепул ёрдам кўрсатаётган пульмонолог шифокорнинг айтишича, кейинги пайтларда Ўзбекистонда кўпайиб кетган пневмония касаллигини COVID-19 касаллигини келтириб чиқараётган коронавирус инфекцияси қўзимоқда:

“Аниқ коронавирус қўзғаяпти, шахсан менда бунга шубҳа йўқ. Фақат, бир тест топширганда коронавирус чиқмаяпти. Баъзиларда икки ёки учинчи текширувда чиқяпти. Баъзилар вақтида даволанишни бошлагани учун, уларда умуман чиқмаяпти. Лекин, даволанмаганларда 4 кун, 1 ҳафта ичида пневмония иккитомонлама ривожланиб кетяпти. Шунинг учун, ковидга тест топширмай, томография қилдирганлар, бир тарафдан тўғри қиляпти. Фақат, бунда жуда эҳтиёт бўлиш керак – нафас тезлашиб, сиқиш бошланмагунча МСКТ қилдириш соғлиққа жуда хавфли, шуни унутмасли керак”.

Исмини ошкор қилмаётганимиз пульмонолог кузатувларига кўра, ҳозир пневмония ўтган йилгига нисбатан 10 баробарга ошиб кетган:

“Шахсан менинг ўзимнинг кузатувимга кўра, 10 баробарга ошиб кетган. Жуда кўп, жуда кўп. Асосан енгил форма, ўлим сони оз. Асосий қисми уйида даволанаётганиям тўғри, чунки шифохоналар тўлган, врачлар йўқ. Коронавирус ўрта ва оғир кечган беморларда, дарҳол пневмония бошланади. Шунинг учун, даволаниш қанча тез бошланса, яллиғланиш фоизи шунча оз бўлади. Даволаниш жараёниям оғирмас, қонни суюлтирадиган укол ва таблеткалар ичиб, уйида ётиши керак”.

Ўзбекистонда пневмония касаллиги ёйилиб бораётганини Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари ҳам қайд этган, аммо бу борадаги аниқ статистик рақамлар жамоатчиликка тақдим қилингани Озодликка маълум эмас.

Шу йилнинг 4 августида Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулло Оқилов мамлакатда коронавирусдан ўлаётганлар сони расмий статистикада кўрсатилганидан анча кўпроқ экани тан оларкан, қолган ўлимлар пневмония, деб ҳисобланаётганини айтган эди.

“Расмий статистикада берилган ўлимлар сони билан реал ҳаётдаги ўлимлар сони ўртасида фарқ бор. Уйида даволанишга ҳаракат қилиб, кейин оғир аҳволда олиб келинган беморлар 1-2 кун ётиб, кейин вафот этадиган бўлса ва келган пайтда қўлида таҳлил (тест) натижаси бўлмаса, яъни клиникада таҳлил олиниб, тасдиқланмаган бўлса, улар статистикада коронавирусдан ўлган деб ҳисобланмайди, пневмония бўлиб ҳисобланади”, деган эди Ҳ. Оқилов.

Аммо, расмий ўшанда ҳам пневмонияга чалинган ёки ўлган беморлар сони ҳақида бирор маълумот бермаган. Қўшни давлатлар - Қирғизистон ва Қозоғистонда коронавирус ва пневмониядан ўлганлар сони бирлаштирилган. Бунга пневмонияни ҳам коронавирус келтириб чиқараётгани сабаб қилиб кўрсатилган.

Айни пайтда, Ўзбекистонда мавжуд компьютер томографияси қурилмалари аниқ сони ҳам Озодликда йўқ.

Аммо, Наманган, Андижон, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида ишлаётган 10га яқин врачдан олинган маълумотга кўра, вилоятлардаги марказий тиббиёт бирлашмаларида 1 тадан, хусусий клиникалардан эса 1 ёки 2 тадан шундай қурилма бор, Тошкент шаҳрида эса бундай қурилма мавжуд бўлган тиббиёт муассасалари сони 10тадан ортмайди.

Бу қурилма нархи 60 минг АҚШ долларидан бошланиб, 250 – 300 минг АҚШ долларигача баҳоланади.

Шифокорларга кўра, сўнгги бир неча йил ичида асосан хусусий клиникалар томография қурилмалари билан жиҳозланган, боиси ҳукумат қарори билан уларга қатор имтиёзлар берилган.

Жумладан, Ўзбекистон президенти 2017 йил 1 апрелида “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда ўша йилнинг 29 декабрида “Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида”ги қарорларни имзолаган эди.

Бу қарорлар билан хусусий клиникалар шуғулланиши мумкин бўлган ихтисосликлар тури 50 тадан 129 тага кўпайтирилган, уларга 2022 йил 1 январгача солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар берилди. Ўша йилда хусусий тиббиёт муассасалари сони 3 ярим мингта бўлган бўлса, 2020 йилнинг 1 июнига келиб, уларнинг сони 5 минг 612 тага етган.

XS
SM
MD
LG